Линклар

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистон бозорларида тез-тез рейд ўтказаëтган "қора ниқоблилар" фаолияти қайси қонуннинг қай банди ва қай моддасига асосланганидан ҳатто ўзбек ҳуқуқшуносларининг ўзлари ҳам бехабар.

Мустақиллик арафасида "қора ниқоблилар" фаоллашди

“Қора ниқоблилар” иштирокидаги рейдларнинг сўнггилари ўтган ҳафта Тошкент ва Наманганда ўтказилди.

Намангандаги “Исфархон” савдо марказига, у ерда савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, бир нечта ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг қўшма гуруҳи бостириб кирган.

- 14 август эрталаб бирданига "Исфархон"га юз-кўзи кўринмайдиган қора ниқобли, автомат билан қуролланган одамлар бостириб келди. Улар дўконлардан харидорларни чиқариб юборди. Кейин солиқчилар, коррупция (коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари-таҳр.) кириб келди. Ичкарида фақат дўкон эгалари қолди, холос, дейди исми сир қолишини истаган тадбиркор.

Унинг айтишича, “қора ниқобли” қуролланган гуруҳ тадбиркорларни жойларидан жилдирмай қўйган, солиқ қўмитаси ходимлари эса милиция ёрдамида молларни ҳеч бир ҳужжатсиз ёки хатламасдан аввалдан тайёрлаб қўйилган юк машиналарига орта бошлаган.

Расмийлар томонидан “мамлакатга молларнинг ноқонуний олиб кирилиши ва сотилишига қарши” уюштирилаётгани айтилаётган рейдлардан яна бири Тошкентдаги “Бек-Барака” бозорида ўтказилди.

Тошкентлик тадбиркорлардан бўлган яна бир суҳбатдошимиз,(у киши ҳам исми сир қолишини истади), “қора ниқоблилар” рейд ўтказган бозор ёнидаги “Чинни бозорда” савдо қилади.

“Бек-барака”дан ҳам моллар ҳеч бир асоссиз олиб кетилди, дейди у.

- Қароқчиларга ўхшаб келиб олиб кетишлари бу ҳақиқат. Текширувчи келадиган бўлса, текширувларни қайд қилиш китобига ким қаердан келганлигини қайд этиб, шундан кейингина текширув ўтказиши керак. Ўғлим тадбиркорлик қиларди. Унинг ҳам дўконини дабдурустдан келиб босишиб, ҳеч бир сабабсиз дўконини босиб ўзининг кимлигини таништирмасдан, текширишларни қайд этиш китобига ëзув киритмасдан тўғридан-тўғри молларни олиб чиқиб кетган ҳоллари бўлган, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимизга кўра, баъзи тадбиркор аёллар жанжал қилиб, молларини қайтариб олишга муваффақ бўлган, лекин аксар савдогарлар бир ҳафтадан бери товарини ололмай сарсон.


Кундузги қароқчилик ëхуд ўзбек қонунларига мос ҳаракат?

Озодлик билан суҳбатлашган тадбиркорлар бир овоздан ҳуқуқ идоралари ўтказаётган амалиётлар қароқчиликдан бошқа нарса эмас, деган ишончда.

Лекин Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос фикрича, бу ҳолатларда қарс икки қўлдан чиқмоқда. Суҳбатдошимиз ўз таъбири билан “маски-шоу” деб атаган рейдлар ҳуқуқий жиҳатдан кўп саволлар туғдиришини эътироф этган ҳолда, тадбиркорлар ҳам аксар ҳолларда ё ўз ҳуқуқларини билмайди, ё билиб туриб қонунбузарликка қўл уради, дейди.

“Солиқ ва божхона ходимлари биргаликда ўтказаётган бу операциялар аввалдан режалангандир. Улар мутлақо қонун доирасида ҳаракат қилишмоқда. Албатта¸ бизда милиция тўғрисидаги қонун бўлмагани боис, бундай амалиётлар ички низомдаги тартибга кўра амалга оширилади. Лекин тадбиркорлар ҳам кўп ҳолларда моллари вақтинча ҳибсга олинаётган пайтда тегишли тарзда хатланишига эътибор бермайди”, дейди ҳуқуқшунос.

Бундан ташқари, дейди тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган юрист, бозордаги моллар ҳам ҳар доим қонун доирасида сотилмайди.

“Масалан, бу каби ҳолатларда, солиқ ёки божхона ходимлари бозорга кириб келиши биланоқ тадбиркорларнинг кўпчилиги молларини ташлаб қочади. Чунки аксар тадбиркорлар сотаётган товар ичида¸ албатта¸ қонуний тарзда расмийлаштирилмаган моли бўлади ва жавобгарликдан қўрқиб молидан ҳам воз кечади. Албатта¸ бундай товар олиб кетилганидан кейин уни суд орқали ҳам қайтариб олиш амри маҳолдир”, дейди ҳуқуқшунос.

Тошкентлик тадбиркор суҳбатдошимиз ҳам савдогарлар орасида солиқдан қочадиганлар бўлишини тасдиқлайди. Лекин қонунга тўла амал қилган тадбиркор ҳам моли олиб кетилган ҳолда уни қайтариб ололмайди, дейди у.

- Худди шунақа солиқдан қочадиган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар ҳам жуда кўп. Лекин ўшаларга нисбатан ҳақиқатан зарба бериш, ўшаларга нисбатан иш олиб боришнинг ўрнига нима дейди ҳўлу қуруқ баравар ëнди, ëнаяптида ҳозирги кунда. Қўлга тушган тадбиркор борки, хоҳ у оқ бўлсин, хоҳ у қора бўлсин барибир айбдор, дейди тошкентлик тадбиркор суҳбатдошимиз.


"Ниқоблилар" босган мол қайга кетмоқда?

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан Озодликка гапирган яна бир тошкентлик тадбиркор ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бозордан “ҳибсга олинди” деб олиб кетилган моллар суд қарорисиз сотиб юборилиши ҳам ҳеч гап эмас, дейди.

Ҳуқуқшунос суҳбатдошимиз буни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қонуннинг қўпол тарзда бузилишига аниқ мисол, дея атайди.

“Бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун тадбиркор ўз ҳақларини талаб қилиши керак, жумладан рейдлар “қора ниқобли”лар томонидан ўтказилган ҳолларда ҳам иложи борича товар ҳибсга олиниши тегишли тарзда расмийлаштирилишини талаб қилиш керак” дейди юрист.

Аслида, дея қўшимча қилади у, қора ниқоб кийган ва автомат кўтарган гуруҳларнинг бу каби амалиётларга жалб қилинишидан кўзланган асосий мақсад ҳам қўрқув факторини яратишдир.

“Қуролланган махсус гуруҳ ваҳима билан бозорга бостириб киргандан саросимага тушиб қолган тадбиркор ўз ҳуқуқларини талаб қилишга қўрқиб қолади. Аслида "қора ниқобли"ларнинг бу операцияларга жалб қилиниши ва тадбиркорларни қўрқитиши ҳуқуқ меъёрларига кўра ортиқча куч ишлатиш, дея квалификация қилиниши мумкин. Тадбиркорлар бундай рейдлар пайтида бошдан кечирган руҳий, маънавий ва моддий зарарни қоплаш юзасидан судга мурожаат ҳам қилиши мумкин”, дейди ҳуқуқшунос.

Бундан ташқари, солиқ идораси тегишли тадбиркорга қарашли молни тегишли тарзда расмийлаштирмасдан ёки тадбиркорнинг қонун доирасида фаолият олиб боргани аниқланганидан кейин ҳам ишни бошқа идорага тергов учун ўтказиши ҳам қонунчиликнинг қўпол тарзда бузилишидир, дейди яна ҳуқуқшунос.

“Қора ниқоблилар” ким?

Халқ орасида “маски шоу” номи билан ҳам танилган бундай рейдлар кейинги бир-бир ярим йил давомида нафақат бозор ва савдо марказлари, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, кафе-ресторанларда ҳам ўтказилди. Лекин шу пайтгача “қора ниқоблилар” қайси идорага қарашли деган савол очиқ қолмоқда.

- Кимлар томонидан ўтказилаëтганини ҳеч кимга аëн қилишмайди, ҳеч кимга маълум қилишмайди. Лекин мен бозорда ҳақиқатан шахсан шу нарсанинг тепасида гувоҳи бўлган ўша маска кийганлар бозорга қўлида автоматлар билан кириб келишиб¸ тадбиркорларнинг молларини ҳеч қанақа гап-сўзсиз машинага ортиб олиб чиқиб кетишган, дейди тошкентлик тадбиркор суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда бўлган юрист Ўзбекистон қонунчилигидан келиб чиқиб бундай гуруҳларнинг фақатгина Ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизматига қарашли бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG