Линклар

Интернетда узилиш кузатилди


Хориждаги Интернет сайтларига кирмоқчи бўлганлар¸ msn.com сайтига ўтказиб юборилмоқда.

Хориждаги Интернет сайтларига кирмоқчи бўлганлар¸ msn.com сайтига ўтказиб юборилмоқда.

Озодлик манбаларининг Ўзбекистон ичкарисидан хориждаги ижтимоий тармоқларга кириб бўлмай қолгани ҳақидаги хабарини "Ўзбектелеком" мутахассислари ҳам тасдиқлади. Ҳозирча бундай узилиш сабаби сирлигича қолмоқда.


23 август куни Тошкентда вақт тушдан оғганда¸ ўзбекистонлик Озодлик муштарийларидан¸ ëшлар орасида оммалашган кўп сайтларга кириб бўлмай қолгани ҳақида хабар келди.

"Одноклассникига уйдаги компютеримдан кирмоқчи бўлаяпман¸ аммо неча марта уринсам ҳам¸ "Ошибка" деган ëзув чиқиб келаяпти"¸ деди Озодлик билан боғланган тошкентлик талаба йигит.

Озодлик мухбири бу хабар тафсилотини ўрганишни бошлаши билан¸ Ўзбекистон ичкарисидаги ярим расмий ахборот порталида ҳам айни хабар пайдо бўлди.

"Бугун маҳаллий вақт билан соат 14:00 атрофида Ўзбекистонда халқаро Интернет тармоғи ишида узилишлар кузатилди"¸ деб хабар берди ярим расмий Olam.uz портали.

Бу манбанинг ëзишича¸ хорижий сайтларга киришга уринилганда¸ браузер автоматик тарзда www.msn.com сайтига ўтказиб юбормоқда.

“HTTP протоколи бўйича кўплаб хорижий сайтларни очиб бўлмай қолди. Айни пайтда¸ ICQ, Skype, Mail.ru Agent каби HTTP алоқасини талаб қилмайдиган мессенжерлар фаолиятида узилиш кузатилмади”¸ деб ëзди Ўзбекистон ичкарисида ишлаëтган Olam.uz сайти.

Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар ëшларнинг кундалик сайтига айланган ижтимоий тармоқлар¸ хусусан¸ Одноклассники.ру¸ ВКонтакте.ру ва Facebook каби сайтларга кира олмаëтганларидан шикоят қилдилар.

“Ўзбектелеком” мутахассислари¸ Olam.uzнинг ëзишича¸ бундай узилиш сабабларини аниқлаб¸ уни бартараф этиш устида ишламоқда. Бу сабабларнинг моҳиятан техник ëки сиëсий экани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ўзбекистонда хорижда фаолият юрғизаëтган мустақил ахборот агентликлари¸ шунингдек мухолифат сайтлари йиллардан бери мунтазам тўсиб келинади.

Хусусан¸ Озодлик радиосининг Интернет саҳифасига Ўзбекистон ичкарисидан киришга уринилганда¸ фойдаланувчи автоматик тарзда msn.com сайтига ўтказилади.

Озодликнинг Ўзбекистондаги манбаларига кўра¸ прокси сайтлар орқали кириш мумкин бўлмаëтган халқаро сайтларга кириш мумкин ва улар бунинг учун Озодликнинг Psiphon3 технологиясидан фойдаланмоқдалар.

Бугунги узилиш давомида хориждаги сайтларни очишга уринган Интернет фойдаланувчиларининг айнан msn.comга ўтказилиши¸ узилишнинг махсус ўтказилаëтган амалиëт натижаси бўлиши ҳақида тахминлар туғилишига асос бўлмоқда.

"Мустақиллик арафасида Ўзбекистон ҳукумати ëки Интернетни филтр қилувчи технологиясини янгиламоқда¸ ëки халқаро Интернетни тўсган ҳолда¸ Ўзбекистон ичкарисидаги назоратдаги Интернет сайтларини очиқ қолдиришга ҳозирлик жараëнини синовдан ўтказмоқда"¸ деган тахминни илгари суради Озодлик билан суҳбатда ахборот технологиялари бўйича ўзбекистонлик мутахассис.

Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери халқаро майдонда Интернет душманлари сифатида қайд этиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG