Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:59

"Ўзбекистон диний тоталитаризм томон оғмоқда"


23 август куни Европада барча тоталитар ва авторитар режимлар қурбонлари хотирланди. Айни пайтда дунëдаги қаттиққўл авторитар режимлар рўйхатида қолаëтган Ўзбекистонда режим қурбонлари сони ортиб бормоқда.



Европа парламенти бу кунни Хотира куни сифатида белгилар экан, фашистик Германия билан коммунистик СССР ўртасида имзоланган ва инсоният тарихидаги энг шафқатсиз урушнинг бошланиб кетишига сабаб бўлган Молотов-Риббентроп пактининг бундан 73 йил муқаддам айнан шу кунда, 1939 йилнинг 23 августида имзоланганидан келиб чиққан.

Европаликлар бир хилда тоталитар бўлган фашизм ва коммунизм қурбонларини Молотов-Риббентроп пакти билан боғлаётган бўлса, ўзбекистонликларнинг коммунистик тоталитаризм қурбонига айлана бошлаши 1939 йилдан олдинроқ бошланган эди.

Ўзбекистонда ҳам коммунистик режим қурбонлари ҳар йили 31 август куни хотирланади ва бу кун расман “Қатағон қурбонлари хотираси куни”, деб аталади.

Хўш, тоталитар СССРдан мустақилликка эришган Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистондаги сиёсий режимларни шу кунда қандай аташ мумкин?

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг фикрича,

- Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон демократик мамлакат эмас. Чунки демократик сиёсий тизим замирида энг асосий принцип – плюрализм принципи ётади. Шу нуқтаи назардан, балки, шу кундаги Қирғизистонни демократик давлат аташ мумкиндир, дейди Дўсим Сатпаев.

Сиёсатшунос “плюрализм” сўзини изоҳлар экан, бу сиёсий майдондаги ҳокимият учун курашда тенг ҳуқуққа эга бўлган ўйинчилар мавжудлиги деганидир, деди.

- Минтақа мамлакатларида, шу жумладан Ўзбекистонда бундай плюрализм йўқ, деди Сатпаев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Ўзбекистондаги вазиятни таҳлил қилар экан, плюрализмнинг жамият сиёсий-ижтимоий турмушининг бошқа соҳаларида ҳам йўқ эканлигини таъкидлаб ўтди ва хулоса қилар экан, минтақа мамлакатларидаги режимларни авторитар режимлар деб атади.

- Қозоғистонда авторитаризмнинг юмшоқ шаклини кўрсак, Ўзбекистондаги режим авторитаризмнинг қаттиқ шаклидир, деди қозоғистонлик сиёсатшунос.

Дўсим Сатпаев бераётган баҳоларни деярли ўзгаришсиз ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимовдан ҳам эшитдик.

У ҳам қозоқ ҳамкасбидай, Ўзбекистондаги режимни тоталитар, деб ҳисобламайди. Чунки:

- Тоталитар бўлиш учун Ўзбекистон сиëсий режимига баъзи бир унсурлар етишмайди. Бугунги Ўзбекистонда ягона ва мажбурий бўлган мафкура мавжуд эмас. Бу биринчиси. Иккинчиси, хусусий мулкчилик мавжуд. Тоталитаризмда иқтисодий эркинликлар мутлақ бўлмайди. Мана дунëда учта тоталитар давлатлар қолаяпти. Асосан бу ерда Шимолий Кореяни ëки собиқ иттифоқни эслашимиз мумкин, дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий режим авторитар режимдир.

- Давлатни ва жамиятни бошқараëтган ягона куч бу президент. Президентга алтернатив бўлган, унга босим ўтказа оладиган, у билан баҳслаша оладиган сиëсий куч мавжуд эмас. Ҳокимиятлар бўлиниши фақат номигагина мавжуд. Асосий ҳокимият бу ижроия ҳокимияти ва айни пайтда ижроия ҳокимияти Ўзбекистонда пул ҳокимияти, дейди сиёсатшунос.

Худди Дўсим Сатпаевдай Камолиддин Раббимов ҳам Ўзбекистондаги авторитаризмни қаттиқ шаклдаги режим, деб атади.

- Чунки авторитар тизим ҳам бир қанча режимларда ишлаши мумкин. Масалан, Андижон воқеаларидан олдинги Ўзбекистондаги авторитаризм бугунги кундагига нисбатан юмшоқ авторитаризм эди.

Озодлик: Демак шу кундаги режим авторитаризмнинг энг қаттиқ шакли.

- Энг қаттиқ шакли, дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимовдан Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг истиқболдаги тадрижи қандай бўлиши мумкинлигини ҳам сўрадик.

- Ўзбекистондаги сиëсий тизим бу авторитар, лекин пост-тоталитар. Ўзбекистон бундан кейин тоталитар бўла олади, деб ўйламайман бу яқин 30-40 йиллар ичида. Лекин мабодо кейинчалик Ўзбекистон тоталитар жамият, давлат бўладиган бўлса ҳам коммунизм ғоясига асосланмаган бўлади. Бу сафар балки дунëвий эмас, диний унсурларга асосланган бўлиш эҳтимоли мавжуд. Баъзи бир мусулмон давлатларда шундай ҳолат кузатилган шу пайтгача, деди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG