Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:12

"Лукойл Тошкентнинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин"


"Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг етакчи мобил оператори МТСни мамлакатдан сиқиб чиқариш билан чекланмайди"¸ деган хавотир билдирган россиялик сиëсатшунос ана шундай башорат қилади.



Бундай тахминларни Ўзбекистон Россиядан узоқлашаётганидан хавотир билдирган Регнум ахборот агентлигининг собиқ раҳбари, Россиянинг 1-даражали давлат маслаҳатчиси унвонидаги сиёсатшунос Модест Колеров илгари суради.

Ўзбекистоннинг АҚШ билан яқинлашаётганида яхшилик аломати кўрмаган россиялик таҳлилчи президент Каримовни Ҳусни Муборак тақдири кутаётганлигидан огоҳлантирди.

Озодлик: Тошкент ҳукуматининг МТС-Ўзбекистон ширкатини синдириши¸ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқиб кетишидан сўнг юзага келган ҳозирги вазиятда Россиянинг Ўзбекистонга нисбатан кейинги қадамлари қандай бўлиши мумкин? Хусусан, Кремлдан кескин баёнотларни кутиш мумкинми?

- Айтиб ўтиш керак, сиз ҳам кузатиб турган бўлсангиз керак, айнан ҳозир расмий ташвиқот борасида Россия ҳукумати анча суст. Бундан ташқари, Ўзбекистонга қарши бунақа ташвиқот ишлари умуман иш бермайди. Буни Хитойда Интернетнинг таъсири йўқлиги билан солиштириш мумкин. Ўзбекистон¸ у ëки бу хатога йўл қўйган ëки ҳукуматдагилар шубҳасини уйғотган тадбиркорни йўқ қилиб юбориш бобида шуҳрат қозонган. Буни тўхтатиш учун ташқаридан қилинадиган босимнинг ҳеч қандай таъсири йўқ.

Озодлик: Сизнингча, нима учун Россия раҳбарияти ўзини Ўзбекистондаги позицияларини бой бериб қўяётганини сезмаётгандай тутмоқда?

- Менимча, барча салбий ўзгаришлар овоза қилинмайди. Ўзбекистон анчадан бери Россия сиёсатига қарши иш юритади, шу билан бирга Ўзбекистондаги россиялик тадбиркорларга ҳам қаттиқ талаблар қўйиб келади. МТС бу илк қалдирғоч. Кейингиси Лукойл бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун Лукойл ҳам буни эътибордан четда қолдирмаслиги керак. Лукойл ҳозирда Ўзбекистон ичкарисида катта пул сарфламоқда. Россия томонидан бу масалаларда очиқ фикр билдирилмаётгани бу воқеалар бўлмади ёки ҳисобга олинмади, дегани эмас.

Ўзбек жамияти ёпиқ. АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳам Туркманистон билан иқтисодий муносабатларда сиёсатга аралашмайди. Ўзбекистондаги ҳолатни ҳам худди шундай изоҳлаш мумкин.

Озодлик: Ўзбекистоннинг АҚШ билан яқинлашуви кучайиб кетиб, икки давлат ҳар томонлама ҳамкорлик қилишига ишонасизми?

- Ўзбекистонда танлаш имкони йўқ. Ўзбекистон Афғонистондан кейин АҚШнинг энг керакли масканига айланди. АҚШ илгари Марказий Осиё давлатларидан коридор сифатида фойдаланган бўлса, ҳозир у мудофаа тизими тармоғига айланмоқда. Ўзбекистон Мозори Шарифга туташлиги ва Термиздаги темир йўллари туфайли Афғонистондан пиёда қўшинларни ўтказиб берадиган ва кейинчалик Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга келадиган АҚШ ҳарбий қўшинларини ўтказишда қўл келадиган ягона давлатдир.

Озодлик: Россиядан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг АҚШ билан дўстлашуви демократия ривожи учун ҳам фойдали бўлиши мумкин эмасми?

- Ким АҚШ Ўзбекистон билан дўстлашаяпти, деди? АҚШ Ўзбекистондан ўз мақсадларида фойдаланаяпти¸ холос. Ҳусни Муборак 30 йил давомида АҚШга хизмат қилиб келмаганмиди?! Каримовни ҳам худди шундай тақдир кутмоқда. АҚШ давлатдан фойдаланаяпти¸ дегани у билан дўстлашаяпти дегани эмас. Саудия Арабистони ва Қатарнинг АҚШ билан ҳамкорлик қилиши ҳеч қаерда демократия даражасининг ўсишига олиб келмади. Американинг пировард мақсади Марказий Осиё орқали Хитойни назорат қилиш.
XS
SM
MD
LG