Линклар

logo-print

24 август куни ўзбек театри ва киносининг таниқли арбоби Зикир Муҳаммаджонов жасади Тошкентда тупроққа берилди. Ўзбек ижодкорлари марҳум актëр умри ва санъатининг ўз издошларига ўрнак бўлгулик эканини айтмоқдалар.

Ўзбек театри ва киносининг машҳур намояндаси¸ СССР Халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов 23 август куни 91 ëшда оламдан ўтди.

Ўзбек театридаги жиддий йўқотиш ҳақида¸ узоқ йиллар Зикир Муҳаммаджонов билан бир саҳнада ижод қилган артист Гулчеҳра Жамилова гапиради:

- Катта устоз эди Зикир ака. Қилган ишлари ҳам кинода, ҳам театрда жуда ҳам кўп, ранг-баранг. Булар театрда ҳаëтларининг охиригача ишладилар. Инсон сифатида ҳам ëшларга жуда меҳрибон, жуда уларни қўллаб-қувватлайдиган устоз эдилар. Оилаларида ҳам шунақа. Аëллар билан муносабатлари жуда яхши эди, кўриниб турарди уларнинг бир-бирига меҳрибонлиги, бир-бирини ҳақиқай севганлиги. Улар доим бирга бўларди, бирга юришарди, баъзан ҳатто гастролларда ҳам бирга бўлардилар.

Етук театр арбоблари сафи торайиб бораяпти. Албатта¸ бу жуда ҳам ачинарли ҳол. Энди ҳамма ҳам меҳмон бу дунëда. Бундай олиб қараганда ҳамма ҳам шу инсонга ўхшаб яшасин. Шу ëшга киришнинг ўзи катта бахт. Бундан ташқари эл-юрт назарида бўлиш буларнинг даражасида, бу ҳам катта бахт. Кейин эл-юрт шунчалик ардоқлаб, шунчалик ҳурмат қилиб юришлари ҳам катта бахт. Ҳавас қиладиган ҳаëт кечирдилар. Театрда ҳам кўп йиллаб ишладилар. Фақат охирги бир йилда келмадилар театрга. Санъат учун, кино санъати учун, томошабинлар учун ҳам катта йўқотиш¸ албатта¸ дейди Гулчеҳра Жамилова.

Ўзбекистонлик таниқли ëзувчи Эркин Аъзам Зикир Муҳаммаджоновнинг чинакам зиëли ва артистлик обрўсини сийқалаштирмаган арбоб эканига эътибор қаратади:

- Одам ўлганидан кейин унинг ишлар бирдан тўлалигича кўз ўнгингизга келади. Зикир Муҳаммаджонов ўйнаган ролларнинг салмоғи¸ сифати бугунги ëш ижодкорлар учун намунадир. У киши бугун Алишер Навоий ролини ўйнаб эртага тўйда ўртакашлик қилиб ўзини сийқалаштирмаган санъаткор сифатида ҳам ўрнак¸ дейди ëзувчи.

Ленинни ўйнаган артист

Зикир Муҳаммаджонов 1938 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида актёр сифатида фаолият кўрсатиб келди.

Жаҳон классиклари қаламига мансуб саҳна асарларидаги бош роллар баробарида Зикир Муҳаммаджонов Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Ҳусайн Байқаро каби буюк тарихий шахслар образини ҳам яратган актёрдир.

Шу билан бирга актëр Совет Иттифоқи асосчиларидан бири Владимир Ленин образини саҳналаштирган саноқли ўзбек ижодкорларидан бири.

Шу билан бирга санъаткор Совет даврида суратга олинган "Генерал Раҳимов" филмида у Собир Раҳимов образини ижро этиб, нафақат киносеварлар олқишига лойиқ бўлган эди.

1977 йилда Зикир Муҳаммаджонов Ўзбекистонда саноқли актёрлар қаторида СССР Халқ Артисти унвонига сазовор бўлган эди.

Ўзбекистон театр жамиятига раҳбарлик қилган Муҳаммаджонов «Ўзбекистон халқ артисти», фахрий унвонлари, Давлат мукофотлари билан тақдирланган.

1998 йилда актëр «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
XS
SM
MD
LG