Линклар

Россиянинг “Навигация Технологиялари Маркази” ишлаб чиққан бу навигация харитасига республиканинг 8127 шаҳри ва аҳоли пункти киритилди. Эндиликда Ўзбекистон йўлларини яхши билмайдиган ҳайдовчилар ҳам GPS ëрдамида манзилига адашмай етиб олиши мумкин.


Россиянинг автомобил навигацияси ва рақамли картография хизматлари соҳасидаги етакчи Навител компанияси “Навигация Технологиялари Маркази” ҳозирлаган дастур асосида Ўзбекистон ҳайдовчи ва пиёдалари учун замонавий навигация хариталарини ишлаб чиқди.

Ушбу харита билан бирга мамлакатнинг барча ҳудуди бўйлаб “Навител.Тирбандлик”, “Навител.СМС”, “Навител.Ҳодиса”, “Динамик.POI” ва “Навител.Об-ҳаво” бепул on-line хизматлари тақдим этилади, дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда “Навигация Технологиялари Маркази” расмийси Алёна Ююкова.

- Биз Ўзбекистон харитасини тузишни ўзимиз учун муҳим деб билдик, чунки бу бозор биз учун жуда қизиқарлидир. Биз тадбиркорлик ширкатимиз, шу сабабли ҳеч кимнинг буйруғи ёки буюртмасини бажарганимиз йўқ. Бизнинг геодезия хизматимиз махсус рухсат асосида йўлларга чиқади ва GPS дастури асосида уларни харитага туширади. Шу тариқа йиғилган маълумот Таҳрир ва картография бўлимимизга келиб тушади, у ерда эса компьютер орқали чизилади ва навигация харитаси шаклига келтирилади, дейди Навител вакиласи.

Алёнанинг айтишича, кўптилли йўл кўрсатувчи “Навител Навигатор” дастури Android, Symbian, Windows Mobile, iPhone, iPad, Bada, Java, Windows CE каби замонавий платформалар учун ишлаб чиқилган.

Навителнинг Ўзбекистон учун ишлаб чиқилган харитасида¸ Алëна Ююковага кўра қуйидаги маълумотлар акс этган:

- Ҳозирга келиб харитамизда 51 мингдан зиёд йўл графлари, Ўзбекистоннинг 8 мингдан зиёд шаҳар ва аҳоли пунктлари, Тошкент шаҳрининг тўлиқ деталлаштирилган йўл тармоқлари ҳамда кўча-уйлари берилган. Шунингдек, “Динамик.POI” хизмати ёрдамида мамлакатнинг 1700 яқин АЁҚШ, ДАН, кафе, ресторан, меҳмонхона, тарихий обидалар ва бошқа хизматлари тўғрисида маълумот олиш мумкин. Ҳайдовчиларга яна бир жуда зарур хизмат - SPEEDCAM ёрдамида тезлик устидан назорат қилувчи камералар жойлашган жойлар ҳам аниқлаштирилган, дейди Навител компанияси расмийси.

Ўзбекистон электрон харитаси киритилган планшет-компютер, смартфон ёки автонавигаторлар сунъий йўлдошлар орқали бошқариладиган GPS ва GLONASS тизимларига мўлжалланган, деб давом этади “Навигация Технологиялари Маркази” ходимаси Алёна Ююкова.

- Биз буни Ўзбекистонда олдинроқ ҳам жорий қилишимиз мумкин эди. Айрим сабабларга кўра¸ бунинг энди вақти келди. Шу тариқа биз бутун МДҲ давлатларини ўз хариталаримиз билан қамраб олишни режалаштирганмиз, дейди Озодлик билан суҳбатлашган "Навигация Технологиялари Маркази” расмийси Алёна Ююкова.

Навителдан олинган маълумотга кўра, Ўзбекистон навигация хариталари ўртача 25-45 доллар нархида Интернет-магазинлар орқали юклаб олиниши ёки қути шаклида шаҳар савдо расталарида харид қилиниши мумкин.

Ушбу хариталарни Android фойдаланувчилари учун Google Play дастури ёрдамида ҳам юклаб олиш кўзда тутилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG