Линклар

logo-print

Сурия мухолифатчилар гуруҳи БМТ ва Араб лигасига мурожаат қилиб, Ҳомсда юзага келган "бўҳрон"ни бартараф қилиш учун кўмак беришга чақирди.

Суриялик мухолифатчилар БМТ ва Араб лигаси Ҳомсда давом этаётган вазиятни бартараф қилишга аралашиши зарур деб ҳисобламоқда.

Сурия Миллий кенгаши фаоли Нажи Тайрага кўра, 80 кундан зиёд вақт давомида қамал ҳолатида қолаётган Ҳомс шаҳрига кириш йўлларини Ассад режими бутунлай тўсиб қўйгани боис шаҳар аҳлига ёрдам кўрсатиш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Ҳомс шаҳри ўтган йилнинг мартида Ассад режимига қарши исёнлар бошланган илк пайтлардаёқ ҳукуматга мухолиф кучлар бирлашган асосий марказлардан бирига айланган.

Сўнгги ойларда ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида шиддатли жанглар давом этаётган Ҳомс шаҳрида вазият таранглигича қолмоқда.

Сурия мухолифатининг БМТ ва Араб Лигасига қаратилган шанба кунги чақириғи БМТнинг Суриядаги махсус вакили Лаҳдор Браҳимининг ўз лавозимига киришиши арафасида янгради.

24 август куни Браҳими БМТнинг Ню Йоркдаги штаб квартирасида БМТ Бош котиби Бан Ки Мун билан учрашди.

Браҳмининг бу учрашуви унинг Сурия бўйича маъсулиятни ўз зиммасига олгани эълон қилинганидан буён илк расмий учрашуви ҳисобланмоқда.

Жазоирлик дипломат Лахдар Браҳими 31 августдан Кофи Аннан ўрнини эгаллайди.

Маълумки, Аннан тўрт ой мобайнида Сурияда тинчлик ўрнатиш бўйича олиб борган уринишлари самара бермаганидан сўнг ўз вазифасидан истеъфога кетишини маълум қилди.

Браҳими фикрича, Аннан миссиясининг мувафақиятсиз якунланиши “халқаро жамоатчилик уни етарли даражада қувватламагани” сабаблидир.

Бан Ки Мун Суриядаги бўҳронни ҳал қилиш масаласида Браҳими халқаро жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлагани самарали натижаларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

- Мен жанглар давом этаётганидан худди сиз каби ва халқаро жамоатчилик аъзолари сингари чуқур ташвишдаман. Бу жанглар қанчалик узоқ давом этса, шунча кўп одам қурбон бўлади ва шунча кўп киши азият чекади. Шу боис сизнинг тажрибангиз ва раҳбарлик салоҳиятингиз жуда муҳим рол ўйнайди, деди Бан Ки Мун.

Жума куни Сурия ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг янги вакили Лаҳдор Браҳимий билан ишлашга тайёрлигини изҳор қилди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги Дамашқ Браҳимининг можорага якун ясай оладиган "миллий мулоқот" бошланишига туртки бера олишига умид билдирди.

БМТ маълумотига кўра, суриялик қочқинлар сони 200 мингдан ошди. Уларнинг аксарияти Туркияга қочиб ўтган.

Сўнгги бир йил давомида Сурияда давом этаётган зўравонликлар оқибатида шу кунгача 23 минг одам ҳалок бўлгани айтилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG