Линклар

logo-print

Яна муваққат ҳукуматми?


Ўмурбек Бабанов янги ҳукумат тузилгунига қадар "бош вазир вазифасини бажарувчи" бўлиб ишлаб туради.

Ўмурбек Бабанов янги ҳукумат тузилгунига қадар "бош вазир вазифасини бажарувчи" бўлиб ишлаб туради.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Ўмурбек Бабанов ҳукумати истеъфоси ҳақидаги фармонни имзолади.

“Ҳукумат истеъфосига “Ата Мекен” ва “Ар-Намис” фракциялари чиқиб кетганидан сўнг парламентдаги кўпчиликнинг “Биримдик” коалицияси тарқаб кетгани сабаб бўлди”, дея маълум қилинади Қирғизистон президенти матбуот хизмати тарқатган матбуот варақчасида.

Мазкур коалицияга Қирғизистон социал-демократик партияси, “Ар-Намис”, “Ата Мекен” ва “Республика” партиялари кирарди.

Бош вазир Ўмурбер Бабанов ҳукуматнинг 23 август куни ўтказилган мажлисида парламентдаги кўпчилик коалициясининг тарқаб кетганини эътироф этди ва кейинги ҳукмрон коалиция амалдаги Вазирлар маҳкамаси томонидан амалга оширилган ишларни ҳисобга олиши ва давом эттиришига умид билдирди.

Янги коалиция тузиш учун мандатни парламентдаги бирор фракцияга президент Алмазбек Атамбаев эртага, 27 август куни топшириши кутилмоқда.

Шундан сўнг 15 кун ичида мазкур фракция янги коалиция таркиби ҳақида бир қарорга келиб, бош вазир лавозимига номзод кўрсатиши, парламент депутатлари эса ҳукмрон коалиция таклиф қилган таркибни ёқлаб ёки унга қарши овоз бериши керак бўлади.

Ундан кейинги 15 кун ичида эса бош вазир (ҳукумат раҳбари) лавозимига номзод янги Вазирлар маҳкамаси структураси, таркиби ва дастурини тақдим этиши лозим бўлади.

Янги ҳукуматга кириш барчага бирдек қизиқ


Бу гал парламентдаги барча коалициялар янги тузиладиган ҳукумат таркибига киришга қизиқиш билдирмоқдалар.

Бабанов ҳукумати истеъфога кетиши ташаббускорларидан бири бўлган “Ата Мекен” фракцияси лидери Ўмурбек Текебаев, агар фракциялар ўртасида бўлиб ўтажак музокаралар ўзларини қониқтирса, “Ата Мекен” коалицияга киражагини билдирди.

- Агар таклифларимиз инобатга олиниб, ҳукумат дастуримизни ўз дастурига киритса, биз коалицияга кирмоқчимиз, - деди Текебаев.

Таҳлилчилар тахминича, бу гал ҳукмрон коалиция асосини Қирғизистон социал-демократик партияси, “Ата Мекен” ва “Ар-Намис” фракциялари ташкил қилиши мумкин.

Айни пайтда Бабанов бошчилигидаги “Республика” фракцияси вакиллари ҳам бўлажак музокаралардан юз ўгирмоқчи эмас.

- Бизнинг ўз шартларимиз, дастурларимиз ва режаларимиз бор. Агар улар инобатга олинса, биз коалицияга кирамиз. Инобатга олинмайдиган бўлса, алянс аъзосига айланишимиз шарт эмас, - деди “Республика” фракцияси вакили Абдижапар Бекматов.

Аснода шу пайтгача парламентда мухолифат фракцияси ўлароқ фаолият юритган “Ата Журт” ҳам музокарага тайёр эканини ва бу музокараларда ўзаро муросага эришилса, коалицияга киришини маълум қилди.

- Агар гап фақат ҳукумат шакллантирилиши ва портфел тақсимоти ҳақида кетадиган бўлса, биз музокараларда иштирок этмаймиз. Аммо мамлакатни ривожлантирадиган, халқ учун ишлайдиган ва барча ҳудудларни тамсил этадиган ҳукумат тузиладиган бўлса, биз албатта музокараларда қатнашамиз, - деди “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев.

Аксарият таҳлилчилар “ҳукмрон коалицияни шакллантириш учун мандатни президент Атамбаев Қирғизистон социал-демократик партиясига топширади”, деган фикрдалар. Социал-демократлар фракцияси лидери Чинибай Турсунбековга кўра, кутилаётган музокараларда асосий нуқта бош вазир лавозимига кимнинг сайланиши масаласи бўлади.

- Биз барча фракциялар билан музокарага тайёрмиз. Музокаралар чоғида спикер ҳақидаги масала кўрилмайди, Конституцияда бунақа меъёр йўқ. Аммо бу ерда гап ҳукумат шакллантирилиши тўғрисида кетаётгани учун бош вазир ҳақидаги масала асосий масалага айланади, - деди Чинибай Турсунбеков.

Таъкидлаш лозимки, Қирғизистон 2010 йил ёзида парламент бошқарувига ўтганидан кейин мамлакатда бош вазир ваколатлари кенгайган ва шунинг баробарида унинг роли ҳам ортган, шу важдан ҳам сиёсатчилар орасида бу лавозимга қизиқиш катта.

Бу орада жамоатчилик орасида ҳукуматни парламентга кирган фракциялардан эмас, балки парламентга кирмаган партиялар иштирокида тузиш ва уни “халқ ишончини қозонган ҳукумат” деб аташ таклифлари ҳам янграмоқда.

Янгилари келгунча, муваққат вазирлар ишлаб туради


Қирғизистонда янги ҳукумат тузилгунига қадар Бабанов ҳукумати аъзолари “вазир вазифасини бажарувчи” ёки муваққат вазир ўлароқ ишлаб туради.

Тугаб бораётган ҳафтада тарқаб кетган “Биримдик” коалицияси 2011 йил декабрида тузилган бўлиб, у 2010 йилдан буён Қирғизистонда тарқаб кетган учинчи ҳукмрон коалициядир.

Қирғизистон социал-демократик партияси, “Республика” ва “Ата Мекен” фракцияларидан ташкил топган илк коалиция икки кунгина фаолият кўрсатганди.

Таркибига “Ата Журт” , “Республика” ва Қирғизистон социал-демократик партияси кирган иккинчи коалиция эса 2011 йил охирида - Алмазбек Атамбаев президентликка сайланганидан кейин тарқаб кетганди.

Парламент коалициялари ҳукумат шакллантиргунига қадар Қирғизистонда ижроия ишларини Амангелди Муралиев бошчилигидаги техник ҳукумат юритиб турди. Унгача эса бу вазифани Бакиев ҳокимиятдан қувилган 2010 йил апрелидан кейин Муваққат ҳукумат ўтаб келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG