Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:07

Қумқапида қолаётган икки ўзбекистонлик озод бўлди


Истанбул
Истанбул

Истанбулнинг Қумқапи депортация марказида тутиб турилган айрим ўзбекистонликлар Туркия расмийлари томонидан озод қилинди, айримларига эса ҳали ҳам депортация хавф солмоқда.

Ўзбекистонлик Бахтиёр Алимовнинг Қумқапи депортация марказидан чиқиб, Туркия шаҳарларидан бирида ерлашганига кўп бўлгани йўқ.

Суҳбатдошимиз 5 май куни Украинадан Истанбулга учиб келган пайтда аэропортда ушлаб қолинган, бу ерда икки ойдан кўпроқ тутиб турилганидан кейин Қумқапи депортация маркази ўтказилган экан.

Қумқапида 1 ойдан кўпроқ тутилган Бахтиёр Алимов у ердаги масъул кишилар ўзига нисбатан яхши муомалада бўлганини айтади.

- Агар ўзингиз яхши бўлсангиз, сизга ҳам муомала яхши бўлади.

Озодлик: Уруш-сўкиш, ҳақоратлар бўлдими сизларга нисбатан?

- Йўқ, бунақа нарсалар йўқ. Бунақаси Ўзбекистонда бўлиши мумкин, бу ерда эса унақа нарсалар йўқ эди, - дер экан Бахтиёр Алимов Қумқапидаги ягона муаммо депортация марказининг санитария ҳолати билан боғлиқ эканини айтди ва у ерда бит-кана сероб эканидан шикоят қилди.

Суҳбатдошимизга кўра, у ватанида ўзи ва болаларининг динига, келажагига таҳдид кўргани туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва турк расмийларидан бошпана сўраган.

Бахтиёр ака ибодатга ружуъси туфайли 1998 йилда ўзбек расмийларининг “қора рўйхат”ига тушган экан.

Бахтиёр Алимов билан биргаликда ўзбекистонлик Ботир Қодиров ҳам Қумқапи депортация марказидан чиқарилган.

Айни пайтда ҳали ҳам Қумқапида қолаётган ўшлик Муҳаммадали Абдураҳмонов фикрича, бу ерда мусулмонларга нисбатан адоватга ўхшаш кайфиятни кузатиш мумкин.

- “Диско”дан тутилган аёллару бошқасию ўғрилар – бу кимсалар тўрт марта-беш марталаб келиб, яна чиқиб кетаяпти бу ердан. Мусулмонларга нисбатан бир фикри йўқлигини кузатаяпман буларнинг. Яъни бу ерда ўғри ёки ёмон ишлар билан юрган инсонларнинг обрўси каттароққа ўхшайди. Шу биз ёзган илтижони (шикоят хати демоқчи – таҳр.) ёзаяпти – чиқиб кетаяпти яна. Баъзилар тўрт марта келди тўққиз ойнинг ичида – мен бу ерда кўраяпман. Баъзи СПИД касаллигига чалинган аёлларни ҳам чиқариб юбораверади, - дейди 9 ойдан буён Қумқапи депортация марказида қолаётган Муҳаммадали Абдураҳмонов.

Хаста аёли билан Қумқапи ўтиришга мажбур бўлаётганини айтган суҳбатдошимиз 2010 йил июнида Қирғизистон жанубида содир бўлган этник зўравонликлардан кейин туғилган юртини ташлаб кетишга мажбур бўлган экан. Эндиликда у Туркия расмийлари ўзи ва рафиқасининг илтижосини қабул қилиб, уларга бошпана беришига умид қилаяпти.

“Муҳаммадали Абдураҳмонов ва аёли Фотима Абдураҳмоновадан ташқари Қумқапида қолаётган ўзбекистонлик Шоҳмурод Қосимовга ҳам депортация хавф солаяпти”, дейди Истанбулда фаолият кўрсатувчи “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Одам Чевик.

- Спектаклга ўхшаган маҳкамаларда Ўзбекистондаги конституциявий тузумга тажовуз қилганлик айблови билан прокурор Шоҳмурод Қосимовнинг Ўзбекистонга депортация қилиниши талаб қилаяпти. Бу билан Туркия суди, Туркия ҳукумати Ўзбекистондаги диктаторга ёрдам бераётгандек бўлаяпти. Биз Туркия ҳукуматининг бу хатодан воз кечишини истаймиз. Аслида Каримов Туркиядаги ва Европадаги ҳаракатлардан хавотирга тушиб қолаётганга ва яқин орада тахтдан қулашини англаётганга ўхшаяпти, - дер экан Одам Чевик бунга 10 йилдан буён Туркия расмийлари билан мулоқотдан қочиб юрган Ислом Каримовнинг бу йил бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Рамазон ойи билан қутлаганини мисол келтирди.

Одам Чевик мулоҳазасича, Каримовнинг бу қутлов орқали мулоқотни бошлашдан мақсади Туркия расмийларининг ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватламаслигини истаётганида намоён бўлади.

Айни пайтда “Ўзбеклар бирлиги” раҳбари бунга жавобан ўз ташкилоти бошчилигидаги 20 га яқин ташкилот мамлакат мустақиллиги нишонланадиган 1 сентябр куни Ўзбекистон элчихоналари ва консулхоналари қаршисида Ислом Каримов истеъфосини талаб қилиб, намойиш ўтказажагини билдирди.

- Август ойининг 30-куни Эрон президенти қотил Ассадни (Сурия президенти Башар Ассад назарда тутилмоқда – таҳр.) қўллаб-қувватлаётгани учун унга бир мактуб тақдим қиламиз. 1 сентябрда эса Ўзбекистон президенти, диктатор Каримовга етказилиши учун “сиз инсониятга қарши уруш очибсиз, бу фикрингиздан қайтинг, истеъфога чиқинг, зотан сиз йўқ ҳукмидасиз, чунки Ўзбекистон конституциясига кўра, президент икки муддатдан ортиқ сайлана олмайди, аммо сиз 23 йилдан буён қонунга хилоф равишда президентлик қилаяпсиз” мазмунида бир мактуб тақдим қилмоқчимиз. Шунинг баробарида, ўзбекистонлик элчилар ва консулларга ҳам Каримов қилаётган жиноятларга шерик бўлмаслик учун истеъфога чиқишни таклиф қиламиз, - деди Одам Чевик.

“Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари, шунингдек, яқинда Сурия аъзолигини вақтинча тўхтатган Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига ҳам Ўзбекистондаги аҳвол бўйича мактуб ҳозирланаётганини қўшимча қилди. Одам Чевикнинг айтишича, мактубда мусулмонларга зуғум ўтказилаётган Ўзбекистонни Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти аъзолигидан чиқариш таклифи акс этади.

Ўз сўзи сўнгида “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Одам Чевик Қумқапи депортация марказида қолаётган ўзбек аслли мусулмонларнинг тез орада у ердан чиқиб, хотиржам ҳаёт кечира бошлашларига умид билдирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:18 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG