Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

Машина олишни истаганлар автосалонларни ишғол қилмоқда


Ўзбекистондаги аксар автосалонлар омборлари бўм-бўш экани айтилмоқда.
Ўзбекистондаги аксар автосалонлар омборлари бўм-бўш экани айтилмоқда.

Ўзбекистондаги автосалонлардан сўмга автомобил ҳарид қилиш имкони туғилгани ҳақидаги хабарлар ортидан машина орзумандлари авто-дўконларга ёпирилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган Азамат исмли 30 яшар тошкентлик йигитга кўра¸ Ўзбекистондаги автосалонлар мамлакат мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан GM-Ўзбекистон ширкати ишлаб чиқарган автомобиллар сўмга сотилишини эълон қилган.

Ўзбек автомобиллари бир ҳафта аввал фақат хорижий валютага сотилаётгани айтилган эди.

Душанба куни Озодлик билан суҳбатлашган Азамат ҳали машинани сўмга сотиб ололмаганини айтади:

- Менга автомобил салонидан кеча телефон қилиб¸ сўминг бўлса тез келиб машина оласан¸ дейишди. Мен 20 миллион сўмни ҳалтага солиб бордим. Автосалон ëнида одам кўп экан. Ҳамма менга ўхшаб сўмга машина олиш илинжида борган. Пешингача туриб-туриб қайтиб келдим. Ҳали машина олмадим. Пешиндан кейин яна бир уриниб кўраман¸ дейди Азамат.

Суҳбатдошга кўра, автомобил салонининг ëнида одам тирбандлиги боис яқинлашишнинг ҳам иложи бўлмаган.

Тошкентдаги автомобил салонларидан бирида машиналар лоторея услубида сотилаëтгани ҳабар қилинди.

Тошкентдаги манбамиз¸ ўз уйи ëнидаги автомобил салонида сўмга машина олиш илинжида бўлганларнинг паспорт рақамлари спорт-лотто чиғириғида айлантирилаëтганини айтди.

Сўмга машина олиш имкони чиғириққа исми тушган 100 кишидан фақат бир кишига насиб қилиши мумкин¸ дейди Тошкентдаги манбамиз.

Машина олиш дегани бу ҳозир пул тўлаб машина калитини оласан дегани эмас.

Сўмда бугун пул тўлашга муваффақ бўлганлар келаси йилнинг апрел ойида машина калитини олиши мумкин, дейди суҳбатдош.

Магазинда машина йўқ

Озодлик мухбири душанба куни Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги автомобил сотиш шохобчаларига қўнғироқ қилиб деярли бир ҳил жавобни олди.

- Машина йўқ. Ҳозирча машиналарни келтиришгани йўқ. Омборда борорта ҳам машина йўқ. Қачон машина бўлишини ҳам айта олмаймиз¸ деди Тошкентдаги автомобил салонларидан бирининг русийзабон ходими.

Автомобил васвасаси

Ўзбекистонда сўнгги 7 ой ичида автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 2,3 фоизга ошгани расман билдирилганига қарамасдан¸ автомобил салонларидан машина сотиб олиш мушкуллигича қолмоқда.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги “Роҳат” автосалони билан боғланганимизда "Малибу" моделидаги машинани олишни истасангиз, валютада пул тўлайсиз, шунда навбатга қўйилишингиз мумкин деган жавобни олган эдик.

Сергели туманида автомобил олди-сотдиси билан шуғулланадиган Рустамжон исмли йигитнинг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, машина навбати 8 ойда¸ баъзан 11 ойда келиши мумкин.

Машина кутиб чарчаган ҳаридор пулини қайтариб олиши мумкин. Аммо бу ҳолатда тўланган пулдан 10 фоизи чегириб қолинади, дер экан суҳбатдош¸ масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратди.

Ўзбекистондаги автомобил салонларига нақд тўлаган пулингизни улар фақат пул ўтказиш йўли билан қайтаришади¸ яъни пул сизнинг пластик картангизга ўтказиб берилади.

Доллар курси тушди

Ўзбекистонда АҚШ долларининг қора бозордаги нархи бир ҳафтада 2830 сўмдан 2680 сўмга тушиб кетди.

Бу ҳақда хабар қилган СА-News ахборот агентлиги доллар қадри тушиб кетишини Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси билан боғламоқда.

Агентликка кўра, савдо эндиликда маҳаллий валютага олиб борилмоқда ва шунинг учун чет эл валютасига бўлган талаб пасайиб кетган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:43 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG