Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:12

Сурияда исёнчилар вертолётни уриб туширди


Сурия давлат телевидениеси Дамашқ устида вертолёт қулаганини тасдиқлади, лекин бошқа тафсилотларни очиқламади.
Сурия давлат телевидениеси Дамашқ устида вертолёт қулаганини тасдиқлади, лекин бошқа тафсилотларни очиқламади.

27 август, душанба куни президент Башар Асадга содиқ ҳукумат кучларига қарашли ҳарбий вертолёт исёнчилар томонидан уриб туширилди.

Воқеа пойтахт Дамашқда исёнчилар билан ҳукумат қўшинлари ўртасидаги жанглар давомида юз берди.

Ҳукумат қўшинларига қарашли вертолётнинг уриб туширилганини давлат телевидениеси хабар қилди.

Телехабарда айтилишича, вертолёт ҳалокати пойтахтнинг Қабуун мавзеидаги масжид яқинида содир бўлган. Бироқ бошқа тафсилотлар айтилмади.

Мухолфатчилар тарафдори бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари кузатувчилари гуруҳи ҳам вертолёт ҳалокати тўғрисида хабар қилди. Гуруҳга кўра, ҳукумат кучлари вертолётдан Дамашқнинг бошқа бир мавзеида исёнчиларга қарши жангда фойдаланган.

Мухолифатчилар вертолёт қулаши учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
Ҳуқуқ фаолларига кўра, уч кун аввал Дамашқ яқинида 320 кишининг жасади топилган.

Фаолларнинг таъкидлашларича, бу ерда гап Дарайя шаҳрида ҳукумат қўшинларининг мухолифатга қарши ўтказган амалиётлари чоғида қурбон бўлганлар ҳақида кетмоқда.

Мазкур шаҳарда, маҳаллий фаолларнинг маълум қилишларича, бир ҳафта ичида 600 киши ўлдирилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ёйинлаган видетасвирларда бошидан ўқ ўлган кишилар жасадларини кўриш мумкин.

Айтилишича, якшанба куни амалга оширилган оммавий дафн олдидан жасадлар Ислом талаб қилганидай алоҳида-алоҳида ювишнинг имкони бўлмаганликдан сувичаклар ёрдамида ёппасига ювилган.

Тилга олинган видеотасвир ва нобуд бўлганлар миқдори тўғрисидаги маълумотни мамлакатдаги давлатга қарашли бўлмаган ахборот воситаларида можарога оид информация чеклангани учун тўла тасдиқлаш ёки инкор этишнинг иложи йўқ.

Ҳуқуқ фаоллари ва оддий сурияликларга кўра, Башар Асад режими исёнчиларга қарши жангга киришар экан, ҳарбий кучдан ўта агрессив равишда фойдаланган – ҳаводан бомбардимон қилган.

Расмий матбуот Сурия президентининг исёнчилар устидан ғалаба қилиш учун ҳамма нарсани тикишга тайёр эканлиги тўғрисидаги фикрини келтирди.

Якшанба куни Башар Асад ўз мамлакатида содир бўлаётган воқеаларни яна бир бор хорижий давлатлар томонидан қўлланган “душманона фитна” натижаси, деб баҳолади. Унинг фикрича, қанча қурбон берилса-да, бу фитна ортида турганлар ўз мақсадига етмайди.

Эрон вакили Алоуддин Буружердий билан Дамашқдаги учрашув чоғида Башар Асад Сурия “минтақадаги асосий нуқта эканлиги ва шунинг учун ҳам фитна айнан унга қарши қаратилгани” тўғрисида гапирди.

Эрон вакили Сурия вице-президенти ҳамда ташқи ишлар вазири билан ҳам учрашган. Сурия бош дипломати Валид Муаллим бу учрашувда расмий

Дамашқнинг мухолифат билан музокараларига фақат исёнчилар қуролли кураш йўлидан воз кечган тақдирдагина йўл очилишини мумкинлигини таъкидлаган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳисоб-китобича, Суриядаги тартибсизликлар бошланганидан бери камида 20 минг киши ўлдирилган.

Халқаро ташкилотларга кўра, 200 минг атрофидаги суриялик қўшни мамлакатларга қочиб ўтган.
XS
SM
MD
LG