Линклар

Август ойининг ўрталаридан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий пропискага қўйиш вақтинча тўхтатилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳридаги Чилонзор туман паспорт бўлимининг ўзини таништирмаган ходими шу кунларда пойтахтда доимий пропискага қўйиш жараёни қисман вақтинча тўхтатилганини тасдиқлади.

“Лекин бу пропискага қўйишнинг 12 та пунктига бирдай тегишли эмас. Фақат айрим пукнтларгина. Ҳозир фақат турмуш ўртоғи ёки ота-онаси Тошкент шаҳрида яшаганлар пропискага қўйилаяпти”, деди паспорт бўлими ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Сирғали туман паспорт бўлимига оддий фуқаро тарзида қўнғироқ қилганимизда, бўлим ходимаси ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

“Сиз паспорт столига келинг. Юзма-юз гаплашганда тушунтирамиз барчасини. Албатта, пропискага қўйишнинг йўллари кўп”, деди паспорт бўлими ходими.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси қошидаги Хорижга чиқиш ва кириш ҳамда фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг ўзини ошкор қилмаган ходимига кўра, тез орада Тошкент шаҳрига доимий қайддан ўтказиш қонунда кўзда тутилган барча ҳолатлар бўйича тўла йўлга қўйилади.

“Биласизми, пропискага қўйиш бошланганда ёппасига ёпирилиб келишди. Бу пайтда айрим паспорт столлари ноқонуний ҳолатларга ҳам йўл қўйган. Коррупция аралашуви натижасида қонунга зид ҳатти-ҳаракатлар бўлган. Шу боис бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича фақат айрим пукнтларгина тўхтатилди. Бу ҳақда расман буйруқ бўлмади. Фақат олдини олиш айтилди. Кейин айрим паспорт столлари ўзлари тўхтатди. Бу вақтинчалик. Ҳаммаси жойига тушиб кетади”, деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда милиция ходими.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ўзини таништирмаган масъули Тошкент шаҳри ва вилояти бўйича пропискага қўйиш вақтинчалик тўхтатилганини инкор қилиб, бу жараён қонунда белгиланган тартибда давом этаётганини таъкидлади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий қайддан ўтказишнинг янги тартиби жорий йилнинг 14 майдан бошлаб кучга кирди.

Расмий маълумотларга кўра, шу пайтгача 12 минг нафардан зиёд фуқаро Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан рўйхатидан ўтказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG