Линклар

Беларус элчихонаси "қамал" қилинди


Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдидаги пикет, 2012 йилнинг 28 августи.

Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдидаги пикет, 2012 йилнинг 28 августи.

28 август куни “Мекен шейиттери” ва “Айкўл Алатўў” ташкилотлари вакиллари Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси ойналарини синдириб, бино атрофидаги тўсиқларни бузиб ташлашга уринди.

“Мекен шейиттери” ва “Айкўл Алатўў” ташкилотлари вакилларининг Беларус элчихонаси ёнига боришига Минскнинг собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва унинг укаси Жаниш Бакиевни Қирғизистонга топширмаётгани сабаб бўлган.

- Бизнинг талабимиз - Жаниш Бакиевни, бакиевчиларни Белоруссия элчихонаси бизга берсин, улар бу ёқда ўз жазосини олсин. Бу ёқда шунча кишини отиб, оталаримиз, акаларимиз, укаларимизни ўлдириб, хотиржам Белоруссияда юрар экан-да улар... Биз “Жаниш Бакиев Қирғизистонга топширилсин” деган талаб билан чиқдик, бўлмаса, Белоруссия элчихонасининг бизга кераги йўқ, - дейди “Мекен шейиттери” вакили, отаси 2010 йил апрелида ҳалок бўлган Айчурўк Камаева.

Қирғизистонда собиқ президент қўриқчилик хизмати раҳбари бўлган Жаниш Бакиев ва у билан бирга собиқ президент Қурмонбек Бакиев дохил 20 нафар амалдор 2010 йил апрелидаги аксилҳукумат намойишлари чоғида 100 га яқин кишининг ўлдирилишига алоқадорликда айбланиб, сиртдан судланмоқда.

Бишкек марказий майдонидаги мазкур ғалаёнлардан кейин Қурмонбек Бакиев ҳокимиятни топшириб, Белоруссияга қочган. Бироқ Алатўў майдонида намойишчиларнинг ўққа тутилишида асосий айбдорлардан бири сифатида кўрилаётган Жаниш Бакиевнинг қаердалиги яқин-яқингача номаълум эди. Унинг Минскда эканини жамоатчиликка очиқлаган киши белоруссиялик блогер Михаил Пашкевич бўлди.

Жаниш Бакиев Минскдаги “Грюнвалд” кафеси ёнида, 2012 йилнинг 17 августи.

Жаниш Бакиев Минскдаги “Грюнвалд” кафеси ёнида, 2012 йилнинг 17 августи.

“Ҳақиқатни гапир” мухолифат ҳаракати фаоли Пашкевич 17 август куни Минск марказидаги “Грюнвалд” кафеси олдида Қирғизистон Давлат қўриқчилик хизматининг собиқ раҳбари ва ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг укаси Жанибек (Жаниш) Бакиевни суратга олишга муваффақ бўлган ва кейин бу фотосуратни Facebook тармоғидаги ўз саҳифасида эълон қилганди. Унда Қирғизистон расмийлари томонидан халқаро қидирувга берилган Жаниш Бакиевнинг Минск кўчаларида хотиржам кезиб юргани акс этган.

Пашкевич олган сурат Қирғизистонда катта шов-шувга сабаб бўлди, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги эса бу борада Минск расмийларига нота юборди ва Беларусдаги элчиси Эрик Асаналиевни маслаҳатлашув учун Бишкекка чақириб олди. Вазирлик бу қарорни Беларус Қирғизистоннинг Жаниш Бакиевни дарҳол экстрадиция қилиш тўғрисида оғзаки тарзда билдирган талабларига жавоб бермагани билан изоҳлади.

Жаниш Бакиевнинг сурати Интернетда эълон қилинганидан бир ҳафта ўтгач белоруссиялик блогер таҳдидона мактуб олган.

Белоруссиялик блогер Михаил Пашкевич қўлига тутқизилган "саломнома".

Белоруссиялик блогер Михаил Пашкевич қўлига тутқизилган "саломнома".

- 24 август куни севган қизим ҳамроҳлигида бу кафега (“Грюнвалд” кафеси назарда тутилмоқда – таҳр.) кирдим. Шу пайт олдимга официант келиб, мендан: “Сиз Михаилмисиз?” деб сўради. Тасдиқ жавобини олгандан кейин у менга бир салфетка узатди. Унинг ичида эса “Сизга жаноб Бакиевдан салом” деган ёзув бор экан. Аввалига мен буни кимнингдир ҳазили, деб ўйладим ва официантдан: “Бу ёзувни берган одам қани?” деб сўрадим. У славян миллатига мансуб бўлмаган бир киши кафега кириб, қоғоз сўраб олиб, унга бу ёзувни ёзиб, менга бериб қўйишни тайинлаганини ва тезда бу ердан жўнаб қолганини айтди. Шундан сўнг мен дўстларимга қўнғироқ қилдим ва биз биргаликда кафега кирдик. Дўстларим кафедан чиққанимиздан кейин бир минивэн ортимиздан пойлаб юрганини сезишибди. Шунинг учун ҳам мен улар ортимдан анчадан бери кузатиб юришган экан, деган фикрга келдим, - деди Пашкевич Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Бу ҳодиса ортида Жаниш Бакиев ёки Беларус махсус хизматлари турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган Михаил Пашкевич бунинг ўзи учун огоҳлантириш бўлганини айтади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Ўндуруш Тўқтўнасиров Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида уюштирилган бир кишилик пикетда, 2012 йилнинг 27 августи.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Ўндуруш Тўқтўнасиров Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида уюштирилган бир кишилик пикетда, 2012 йилнинг 27 августи.

Белоруссиялик блогер Пашкевичнинг Жаниш Бакиевдан таҳдид хати олганидан хабар топган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Ўндуруш Тўқтўнасиров кеча, 27 август куни Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида бир кишилик пикет ўтказганди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, у шу тариқа Жаниш Бакиевдан огоҳлантириш мактуби олган Пашкевични қўллаб-қувватлашини билдирмоқчи бўлган. Ўндуруш Тўқтанасиров бугун ҳам элчихона олдида ўтказилган пикетда фаол иштирок этди.

Айни пайтда Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида содир бўлган воқеалар Минскнинг ҳам таъбини тирриқ қилганга ўхшайди. Беларус Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Мария Ваншина мазкур нохуш ҳодиса сабабли бугун вазирликка Қирғизистоннинг Беларусдаги муваққат вакили чақирилганини айтади.

- У дипломатик ваколатхона ва у ерда ишлаётган ходимларнинг фаолиятини хавф остига қўядиган провокацион хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида кескин огоҳлантирилди. Беларус томони элчихонанинг яхшилаб қўриқланишини талаб қилди, - деди Мария Ваншина.

Аснода Беларуснинг Бишкекдаги элчихонаси олдида содир бўлган воқеадан сўнг у ерга Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимларидан иборат 20 га яқин қўриқчи қўйилгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG