Линклар

Ўзбекистондаги энг йирик ўйингоҳ “Бунёдкор” стадиони 31 август куни тантанали тарзда президент Каримовга топширилади, лекин саратонда давом этаëтган "умумТошкент ҳашари"га қарамай¸ пештоқигина битган стадиондаги қурилиш ишлари байрамдан кейин ҳам анча давом этади.


Июл-август ойларида Тошкент бўйлаб "Бунëдкор"стадионини Мустақиллик байрамига тантанали равишда топшириш топшириғини уддалаш учун умумхалқ ҳашари эълон қилинди. Давлат бюджетидан ойлик оладиган муасса ва идораларнинг барчаси¸ хусусан¸ талаба ва ўқитувчилар¸ ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошган кунларда ҳам тик қуëшда бу мажбурий ҳашар жабҳасига ташланди.



Ҳашарчи ўқитувчилар

Озодлик манбаларига кўра¸ 28 август куни ҳам Тошкент 1-Тиббиёт коллежининг 60 нафар ўқитувчиси стадион қурилишида иштирок этди.

Коллеж ходими Озодлик билан суҳбатда “пахта йиғимига кетиш олди ўқитувчиларимиз ҳашар ишларига кўникиш ҳосил қилишаяпти” дея ҳазиллашди.

Чилонзор туманидаги Полиграфия коллежининг ўзини таништирмаган ходимаси 27 август куни стадиондаги ўриндиқларнинг чангини артиш ишлари билан машғул бўлганини айтади.

- Стулларнинг чангларини артдик. Ҳамма ҳар кун шу ëқда. Чилонзор бўйича коллежларнинг барчаси ўша жойда, масалан¸ бизларнинг коллеждан 15 та ўқитувчи борган, деди коллеж ўқитувчиси.

“Кечаси чироқ ёруғида ишладик”


Шайхонтоҳур Саноат коллежидан ҳар куни 10-12 ўқитувчи “Бунёдкор” стадиони қурилишида иштирок этаяпти.

Коллеж раҳбарларидан бири, исмини ошкор қилмаётганимиз суҳбатдошга кўра, коллеж ходимлари стадион қурилишида кечаю кундуз меҳнат қилишаяпти.

- Аëлларимиз чиқди стул артишга. Эркакларимиз ночда ҳам чиқди. Ғишт ортишди, демак икки сменада ишладик. Туман ҳокимияти кундузга чақирди, бошқармамиз ночга чақирди. Кечаси ишладик. Кундузги чала қолган ишлар борку, масалан ғишт терилган, терилган жойни сув босган, уни қайтадан кавлаб олиш, шуларни бажардик кечаси, свет ëруғ. Аëлларимиз фақат латта билан артди ва супурди. Тротуарларни лой босганда. Супурги ва шëтка билан ювди ҳаммасини, деди коллеж маъсули.

Оч ҳашарчилар

Тошкентдаги барча тиббий муассасалари ҳам "Бунёдкор"даги ҳашардан четда қолмади.

Сирғалидаги поликлиникалардан бирининг ўзини таништирмаган шифокори ҳам кеча стадион қурилишида иштирок этди.

- Кеча бориб стадионни тозаладик, ойналарни артдик, чангларни артдик. Зиналарнинг клейларини кўчирдик. Хуллас эрталаб саккиз яримдан бешгача шу ерда бўлдик. Ҳар куни 20та одам олиб кетишаяпти поликлиникадан, деди суҳбатдош.

Ҳашарчи-шифокорнинг айтишича, тушлик берилмагани боис куни билан оч ишлашга мажбур бўлган.

- Овқатланганимиз йўқ. Чидадик амаллаб. Ҳеч нарса беришгани йўқ. Тўғриси куни билан оч қолдим, деди сирғалилик шифокор.

Маҳалла фаоллари ҳам ҳашарчи


Тошкентдаги барча маҳалла қўмиталарининг фаоллари ҳам август ойи бошидан бошлаб стадион қурилишида “жавлон урмоқда”.

Пойтахтнинг Лабзак маҳалла қўмитаси фаолининг айтишича, улар супир-сидир ишлари билан машғул бўлаяпти.

- Иккинчи этажнинг бутун хоналарини, стулларни тозаладик. Скамейкаларни артиб тозаладик, дейди маҳалла фаоли.

Хондамир маҳалла қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими "ҳукумат буюрган ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр"лигини таъкидлади.

- Тозалашга бориб келишаяпти. Қачон топшириқ берса, бизлар ҳозиржавоб, ўша заҳоти бажарамиз. Энди бизларни радиода гапирмай қўя қолинг. Латта олиб, челак олиб йиғиштирдик, супурдик деб айтиб бўлмайди энди. Шунақа иш қилаяпмиз, деди маҳалла қўмитаси фаоли.

"Стадион¸ албатта¸ топширилади"


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, “Бунёдкор” стадиони аслида 2012 йилнинг 10 мартида топширилиши керак эди.

Кейинчалик Ўзбекистон Футбол федерацияси (ЎФФ) раҳбари Мираброр Усмонов стадион қурилиши июн ойида ниҳоясига етишини билдирган эди.

Белгиланган муддат келганида Championat.uz сайти қурилиш ишлари яна икки ойга чўзилиши ва стадион 28 августдан бошлаб ишга тушиши маълум қилди.

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги маъсул шахснинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, “Бунёдкор” стадиони 31 август куни фойдаланишга топширилади. Стадион очилиш марасимида шахсан президент Ислом Каримовнинг қатнашиши кутилаяпти.

Озодликнинг мобил мухбири 28 август куни стадионга бориб, қурилиш маъсуллари билан суҳбатлашганида, улар Мустақиллик байрамигача топширилган тақдирда ҳам кейинчалик қурилиш ишлари давом этишини айтишган. Қурилиш маъсулларига кўра¸ стадион ички хоналарида ҳали қурилиш ишлари тўла ниҳоясига етмаган.

“Бунёдкор”да ўзбек футболининг 100 йиллиги нишонланади


Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигидаги исмини ошкор қилмаётганимиз маъсул ходимига кўра, сентябр ойи охирида “Бунёдкор” стадионида ўзбек футболининг 100 йиллик тантаналари нишонланади.

Озодлик манбаларига кўра, ҳозирда ушбу тантаналарга тайёргарлик ишлари бошланган.

Мазкур тантанада раққоса сифатида қатнашадиган коллеж талабасининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Тошкентдаги коллежларнинг жами 800 нафар талабаси байрам тадбирига жалб қилинган.

“Ҳар бир коллеж ва лицейлардан 30-40 ўқувчи қатнаяпти. Биз ҳозир стадион ташқарисида шуғулланаяпмиз. Сентябр ойи ўрталаридан бошлаб стадионнинг ўзида репетиция қиламиз. Бизга сентябр ойи учун бепул проездной беришмоқчи”, деди коллеж талабаси.

Қурилиши тўрт йилга чўзилган стадион


Германиянинг GMP фирмаси томонидан лойиҳалаштирилган спорт комплекси қурилиши 2008 йил бошланган ва кейинроқ тўхтаб қолган эди. Бунга “Бунёдкор” жамоасининг муассиси, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкатининг ёпилиши сабаб бўлган эди. Шундан сўнг тўхтаб қолган қурилиш Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг яна бошланди.

Стадионнинг дастлаб 45 минг одамни сиғдира оладиган Марказий Осиёдаги энг катта спорт комплекси бўлиши айтилган эди. ЎФФ сайти маълумотига кўра, эндиликда томошабинлар ўриндиқлари сони 34 минг бўлиб, мажмуа уч қаватдан иборат бўлади.

“Бунёдкор” спорт комплексининг аввалги лойиҳаси 150 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган эди, ҳозирги қурилишга 60 миллиард сўм сарфланиши ва бу маблағнинг хайрия ҳисобига йиғилиши айтилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG