Линклар

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2012-2015 йилларда мамлакатда қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашни кенгайтириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастурини тасдиқлади.

Мазкур дастурда кейинги уч йил ичида Ўзбекистонда ички истеъмол бозорини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан бойитиш учун 540 дан зиёд янги корхона ишга туширилиши ва мамлакатда ишлаб-чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ассортиментини 152 тага ошириш кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган режага мувофиқ, келаси йилда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида 3,10 минг тонна гўшт маҳсулоти, 11,00 минг тонна колбаса маҳсулотларини ишлаб чиқариш, 2015 йилда шунга мос равишда 8,82 ва 13,80 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистонда гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш 2013 йилда 16% га, 2015 йилда эса 21% гача ошириш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқарилаётган жами озиқ-овқат маҳсулотларининг 25–30 фоизи Озиқ-овқат саноати уюшмаси корхоналари улушига тўғри келади.

Уюшма вакили Ўткирбек Саидовнинг Озодлик радиосига айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори мамлакат ички бозорини ҳимоялаш мақсадини кўзлайди:

- Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида керагидан ҳам ортиқ озиқ-овқат хом ашёси етиштирилади. Лекин уларни қайта ишлаш тизими заиф. Бозорда эса асосан Россия, Қозоғистондан келтирилган маҳсулотлар. Агар биз хом ашёни қайта ишловчи корхоналарни кўпайтирсак¸ нафақат мамлакат аҳолисини таъминлашимиз мумкин, балки чет давлатларга хом ашёни эмас, балки тайёр маҳсулотларни экспорт қилишимиз мумкин бўлади, деди Саидов.

Айни пайтда¸ чегара оша мева-сабзавот савдоси тўхтаб қолганлиги туфайли Ўзбекистонда ушбу маҳсулотлар миқдори кўпайиб кетган.

Мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаб чиқарувчи корхоналар кам ва борлари ҳам маънан эскирган технологиялар асосида ишлайди. Бундай вазиятда мамлакат ичкарисида ишлаб чиқарилаëтган озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг тайёр озиқ-овқат товарларига бўлган талабларини қондира олмаяпти.

Урганчдаги Сариёғ заводи бир вақтлар бутун вилоятни сут маҳсулотлари билан таъминлаб келган. Бугун бу завод касодга учраган.

Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш вилоятда майда хусусий корхоналар қўлига ўтган. Хоразмдаги биргина “Тилло Домор” хусусий ширкатида йилига 100 тонна сут маҳсулоти ишлаб чиқарилади.

- Ҳозир биз маҳсулотларимизни қўшни вилоятларга ҳам сотаяпмиз. Тошкент бозорларида ҳам учратасиз. Агар ҳукуматимиз озиқ-овқат маҳсулотларини ошириш йўлида бизники каби ширкатларни рағбатлантирса, келажакда маҳсулотларимизни чет элга ҳам экспорт қиладиган даражага кетишимиз мумкин, дейди “Тилло Домор” ширкати вакили Умар Ғоипов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG