Линклар

logo-print

Тошкентдаги Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи вилоятларда бренд номидан ноқонуний фойдаланиш кўпайиб бораётгани ҳақида хабар берди. Шу муносабат билан ширкат қароқчиликка қарши кураш эълон қилди.


Korzinka.uzнинг исмини ошкор қилмаган ходимига кўра, охирги ойларда ҳудудларда бир неча ғирром рақобат ҳолати аниқланган.

– Андижон шаҳрида “Korzinka Lux” ва “Kаrzinka Lux” деган иккита универсал магазин очишган. Номи бизнинг брендга жуда ўхшаш-ку. Шу-чун одамлар бу Korzinka.uzнинг расмий филиали бўлса керак, деб ўйлаган. Контрафактга қарши кураш маркази бренддан ноқонуний фойдаланиш факти бўйича андижонлик тадбиркорни огоҳлантирди, кейин магазинлар номи ўзгартирилди, – дейди Korzinka.uz ходими.

Бундай ҳолат Қарши шаҳрида ҳам қайд этилган.

– Қаршида фақат номимиздан эмас, брендимизнинг ранги ва шрифтидан ҳам фойдаланишган, – дейди ширкат вакили.

Огоҳлантиришдан кейин қаршилик тадбиркор ҳам брендни “тинч қўйган”. Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукусида ҳам Korzinka.uz брендидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланганди.

– Ўзбекистонда Контрафактга қарши кураш маркази бор. Ғирром рақобатчилар билан курашиш учун шу марказ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Яқинда Марказ ходимларимизни асл маҳсулотни қалбакисидан ажратиш бўйича тренинглар ўтказиб берди, – дейди Korzinka.uz вакили.

Контрафактга қарши кураш маркази ҳам маҳаллий матбуотда эълон қилинган қатор мақолаларда таниқли товар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар кўчирмачилик қурбонига айланаётганини тан олди.

Марказга кўра, бренд, логотип сингари интеллектуал мулк объектлари қонун ҳимоясида ва улардан рухсатсиз фойдаланиш ҳамда даромад олиш мумкин эмас.
Ўзбекистоннинг “Рақобат тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, ташқи безак, ном, тамға, товар белгиси ва юридик шахснинг бошқа индивидуал воситаларидан нусха кўчириш “ноинсоф рақобат” дея малакаланади.

Таниқли бренддан қароқчилик йўли билан фойдаланган ташкилотга жарима солинади, товар белгисидан ноқонуний фойдаланиш даври учун бой берилган зарар қоплаттирилади. Шу билан бирга, ноқонуний даромад манбаи бўлган маҳсулотлар мусодара этилади.

Korzinka.uz – Тошкентдаги шу номли супермаркетлар ва Smart дўконлари тармоғи. Хусусий мулк шаклидаги ширкат 15 йилдан буён маҳаллий бозорда фаолият юритиб келади.

Иқтисодий таҳлилчиларга кўра, 2011 йил мартда Туркиянинг Turkuaz супермаркетлари ёпилиши ортидан Korzinka.uz савдо ҳажми ошган ва ширкат маҳаллий бозорда етакчиликни ўз қўлига олган.

Turkuaz тизимида текширувлар кетаётган пайтда ўзбек ҳуқуқ идораларининг галдаги нишони Korzinka.uz бўлиши ҳақида хабарлар тарқалган, аммо кейинроқ бу ахборот ўз тасдиғини топмаганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG