Линклар

Ўзбекистон олийгоҳларида бу йилги тест натижаларидан норози бўлган абитурентлар ҳамда уларнинг ота-оналарининг шикоятлари кўриб чиқилмоқда. Марказ расмийсининг билдиришича¸ аризаларни қабул қилиш 15 сентябрга қадар давом этади.

Ўқишга кира олмаган ўзбекистонлик абитуриентларнинг талаба бўлиш умидлари ҳали сўнмаган. Имтиҳон натижаларидан норозилар 15 сентябргача ёзма равишда Давлат Тест маркази томонидан ташкил этилган Апелляция комиссиясига арз қилишлари мумкин.

- Ҳозир апелляция давом этмоқда. Абитуриент ёки ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс тест натижаларидан норози бўлса, ҳали ҳам кеч эмас, 15 сентябргача ёзма равишда Давлат Тест маркази томонидан ташкил этилган Апелляция комиссиясига шикоят топширишлари мумкин, деди Ўзбекистон Давлат тест маркази вакили Улуғбек Сафаров.

Бу йил Ўзбекистонда қарийб ярим миллион абитуриент 70 дан ортиқ университет, институт ва институтларга кириш мақсадида ҳужжат топширган эди.

Улардан 56 607 нафари (19 340 – давлат гранти, 37 267 – шартнома) талабаликка қабул қилинди.

400 мингдан ортиқ абитуриент кириш имтихонларидан ўта олмади. Хоразмлик Феруза бу йил омади чопмаган юз минглаб абитуриентнинг бири.

Хоразм Давлат университетининг Тарих факултетига ҳужжат топширган Феруза тест натижаларидан норози бўлса ҳам Апелляция комиссиясига шикоят қилмоқчи эмас.

– Барибир фойдаси йўқ. Ўтган йили икки дугонам шикоят қилган, фойдаси бўлмаган. Ҳали шу пайтгача кимдир апелляцияни ютганини мен эшитмаганман. Ундан кўра келаси йил яна имтихон топшираман, дейди Феруза.

Жаҳон тиллари университетига кира олмаган тошкентлик Гулининг ота-онаси эса Давлат Тест маркази Апелляция комиссиясига шикоят қилишни маъқул топди:

- Контрактга тўрт балл етишмади. Шикоят қилдик. Билишимизча, ўқув йилининг бошида контрактга илинганлар пулни тўлай олмаса¸ уларни отчислит қилиб, ўрнига балли озгина етишмаганларни олишар экан. Зора қизимиз шунга илинса, деб турибмиз, дейди тошкентлик Комил ака.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда тест натижаларидан норози қанча абитуриент Давлат Тест комиссиясига шикоят қилгани маълум эмас.

- Бу ҳақда ҳозирча маълумот йўқ. Апелляция давом этяпти. Агарда кимдадир конкрет эътирозлар бўлса¸ шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Саволлар китоби ва жавоблар варақини кўриб, хатолик кетганини экспертларга асослаб берса, ўшанда бу эътиборга олиниши мумкин, деди Ўзбекистон Давлат Тест маркази вакили Улуғбек Сафаров.

Лекин аксар ота-оналар апелляция билан бирон натижага эришиб бўлишига шубҳа билан қарашади:

- Фақат югурганинг қолади. Кирадиганлар пулни бериб кириб бўлишди. Ҳақиқатни юзага чиқариш учун ўша энг юқори балл олганларни қайтадан бир имтиҳон қилиб кўришсинчи, оладими шу баллни, дейди хоразмлик абитуриент Ферузанинг онаси Манзура опа.

Аввалги йиллари Ўзбекистонда бирон абитуриент апелляцияни ютиб, студентликка қабул қилингани холати бўлганми¸ деган саволга Ўзбекистон Давлат Тест маркази вакили Сафаров:

- Ҳа бўлган, деб жавоб қилди, лекин аниқ рақамни келтира олмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG