Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Қуръон ёққан ва жасадни таҳқирлаган АҚШ аскарлари жазоланди


АҚШ аскарлари толиб жанггарилари жасадларини таҳқирлагани тасвирланган видео январ ойида Интернетда пайдо бўлди.
АҚШ аскарлари толиб жанггарилари жасадларини таҳқирлагани тасвирланган видео январ ойида Интернетда пайдо бўлди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги шу йил бошида Афғонистонда икки нохуш ҳоисага сабабчи бўлган америкалик тўққиз аскар маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Америка армияси маъмурияти Афғонистонда хизмат ўташ пайтида маҳаллий аҳоли ғазабини қўзғатган иккита воқеага алоқадор тўққиз аскарни интизомий жазога тортди. Гап Қуръон китоби нусхаларининг ёқилиши ва Толибон жанггарилари жасадларининг таҳқирланиши ҳақида кетмоқда.

Аскарлар ўзлари алоқадор ҳодисалар юзасидан жиноий жавобгарликка тортилмайди, уларга қўлланилган маъмурий чора эса адолат талаб қилган афғон жамоатчилигини қониқтирадими, йўқми бу савол очиқ қолмоқда.

АҚШ ҳарбий расмийлари жорий йил бошида Кобул яқинидаги Бағром авиабазасида Қуръоннинг юзга яқин нусхаси ва бошқа диний адабиётларни ёқиб юборган тўрт зобит ва икки оддий аскар “маъмурий жавобгарликка” тортилганини маълум қилдилар.

Расмийлар жазоланганларга нисбатан айнан қандай жазо қўлланилганини ойдинлаштирмади. Лекин кузатувчилар жазо чораларига унвоннинг пасайтирилиши, навбатдан ташқари вазифа ёки маошни ушлаб қолиш кабилар кириши мумкин, демоқда. Бундан ташқари жазоланган аскарлар келгусида хизмат поғонасидан кўтарилиш имкони ёки ҳарбий умуман ҳарбий карьерасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Ҳарбийлар ўтказган расмий тергов натижаси душанба куни эълон қилинди. Унда айтилишича, аскарлар Исломни беҳурмат қилиш мақсадида “ёвуз ниятда” ҳаракат қилмаган. Лекин тергов хулосаларига кўра, улар тегишли кўрсатмаларга амал қилмаган, Қуръон китобининг афғонлар учун аҳамиятини тушуниб етмаган ва бу хусусда бошлиқлардан аниқ кўрсатма олишмаган.

Қуръон ёқилиши билан боғлиқ ҳодисадан кейин Афғонистон бўйлаб авж олган зўравонликларда камида 30 киши ҳалок бўлган ва америкалик икки аскар отиб ўлдирилган эди.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай эса, очиқчасига Қуръонни ёққан аскарларни жамоатчилик олдида суд қилишга чақирган эди.

Душанба куни АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси ҳам ўз сафида хизмат қилган уч аскар Толибон жанггарилари жасадаларига сияётгани тасвирланган видеога оид текширувга оид дастлабки натижаларни очиқлади.

Денгиз пиёдалари корпуси вакилларига кўра, учовлон ўз айбига иқрор бўлган. Улардан бири “ҳалок бўлган Толибон аскари жасадига сийгани”, яна бири ҳалок бўлганлар билан фотосуратга тушгани, учинчи аскар эса терговчиларга ёлғон кўрсатма берганига иқрор бўлган.

Денгиз пиёдалари корпуси уч аскарга нисбатан кўрилган интизомий чоралар тўғрисида яқин орада маълум қилинишини айтмоқда.

Январ ойида пайдо бўлган видеода АҚШ аскарлари Толибон жанггариси жасадига сияр экан, улардан бири “юрагига”, деб кулади. Яна бири эса истеҳзо билан “яхши қол оғайни”, дейди.

Видеода тасвирланган вазият 2011 йил июл ойида Ҳилманд вилоятидаги Муса Қалъа туманида рўй берган.

Хабарларга кўра, Дингиз пиёдалари корпуси бу ҳодиса муносабати билан юқори лавозимли зобитлар фаолиятини ҳам текширмоқда.
XS
SM
MD
LG