Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:48

“Дўстлик” чегара пунктидан ўтиш пулликми?


"Достук" (Дўстлик) чегара-ўтказиш пункти.
"Достук" (Дўстлик) чегара-ўтказиш пункти.

Қирғиз-ўзбек чегарасидаги “Дўстлик” чегара-ўтказиш пунктидан ўтаётган икки давлат фуқароларидан қирғиз чегарачилари томонидан “ўлпон” ундирилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка гапирган ўшликлардан бирига кўра, “Дўстлик”да турган чегарачилар чегара пункти дан ўтаётган қирғизистонликларнинг “бўш-баёв”ларидан, ўзбекистонликларнинг эса ҳаммасидан – ёппасига пул талаб қилмоқда.

- Ўзбекистондан ўтаётган ўзбекистонлик фуқаронинг ставкаси 5000 ўзбек сўми. Бермаса, ўтмайди, тураверади навбатга қараб. Олади, барибир пул олиб ўтказади – бу нарса бор. Бу қачон йўқолади, йўқоладими-йўқолмайдими – бунисини билмайман, лекин шу нарса борлигига мен ўзим гувоҳман. Шундоқ наглий айтади юзига: “берасан - ўтасан” деб, - дер экан “Дўстлик” чегара-ўтказиш пунктидан ўтиб юрган ўшлик суҳбатдошимиз айни пайтда ўзи ва шерикларида ўзбекистонлик чегарачиларга нисбатан бундай эътироз йўқлигини қистириб қўйди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бошқа ўшликлар ҳам мазкур чегара пунктида бундай ҳолат борлигини, қирғизистонликлардан кўпроқ 200 қирғиз сўми талаб қилинаётганини эътироф этдилар ва айрим чегарачилар олинаётган бу пулни ҳатто “қонуний, легал йиғим” ўлароқ тақдим этаётганларини таъкидладилар.

Бироқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева чегарадан ўтаётганлардан ҳар қандай пул йиғилиши қонунга хилоф эканини, қонуний йиғимлар тўғрисидаги гап ёлғон эканини билдирди.

- Бу айтилган маълумотларнинг ҳаммаси ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар бўлиб ҳисобланади. Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати томонидан ҳеч қандай йиғим амалга оширилмайди, - деди Гулмира Бўрубаева.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Раҳматуллаевнинг айтишича, ҳозирда Ўшга келаётганлардан пул ундириш ҳолатлари 2010-2011 йилларга қараганда анча камайган.

- Шу йил бошида Аида Салянова (Қирғизистон Бош прокурори назарда тутилмоқда - таҳр) Ўшга келиб жамоатчилик вакиллари билан учрашди. Ўшанда у билан бирга Давлат Миллий хавфсизлик қўмитасининг (ДМХҚ) биринчи муовини ҳам келганди. Ўша пайтда биз бўлаётган воқеаларни айтиб бердик, кейин Ўш вилоят ДМХҚ бошқармаси бошлиғи шахсан мени таклиф қилди – аэропортга бориб, бирга вазиятни кўриб келдик. Сўнгра 5-6 чегарачини алмаштирди, ротация қилди, бир-иккитасини жазолади. Ўшандан кейин Ўш аэропорти, “Дўстлик” чегара пункти анча тинчиб қолганди. Бугунги кунга келиб яна эски аслига тушиб бораяпти, - дер экан Иззатулло Раҳматуллаев бунда таъмагир кимсалар майлига мувофиқ равишда уларга пул тутқазаётган фуқароларнинг ҳам айби борлигини таъкидлайди.

Ҳуқуқ фаоли фикрича, бу ерда фақат чегарачи ёки милиция вакилларини бир томонлама айблаб бўлмайди, бунда ўз ихтиёри билан уларнинг қўлига пул тутқазаётган кишиларнинг ҳам айби катта.

- Ё навбатсиз ўтиш учун ёки бўлмаса, қандайдир муаммоларини ечиш учун ана шу ходим пул сўрамасдан туриб, ўзи пул тиққан одамларни ҳам кўрганмиз-да, - дер экан Иззатулло Раҳматуллаев таъма қурбонига айланаётган одамларга бундай ялтоқиликдан воз кечиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб, таъмагирлик факти бўйича тегишли идораларга шикоят қилишни маслаҳат беради.

Шикоят қилиш мумкин бўлган ана шундай жойлардан бирини Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати матбуот котиби Гулмира Бўрубаева ҳам кўрсатиб ўтди.

- Агар бирор киши шунга ўхшаш муаммога дуч келса, агар у: “мендан пора талаб қилишаяпти” деб ўйласа, ишонч телефонларимизга қўнғироқ қилиши мумкин. Бунақа ишонч телефонлари рақамлари барча ахборот лавҳаларимизда, шу жумладан, “Дўстлик” чегара-ўтказиш пунктидаги лавҳаларимизда ҳам кўрсатилган. Ҳар бир чегарачининг кўкрагида унинг исм-шарифи ёзилган бейжиги бўлади. Шундан исм-фамилиясини билиб олиб, бизга мурожаат қилишлари мумкин. Фақат бизга конкрет одамлар кўрсатилиши керак, - деди Гулмира Бўрубаева.

“Дўстлик” пункти ўзбек-қирғиз чегарасидаги икки давлат фуқаролари пиёда ўтиши мумкин бўлган ягона назорат-ўтказиш маскани бўлиб ҳисобланади. 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпиб қўйган, икки мамлакат ўртасидаги 17 ўтказиш пунктидан бирортаси ишламаётган эди. Бу ҳар икки мамлакат фуқароларига қийинчиликлар туғдириб, бу борада шикоятлар кўпая бошлаганидан кейин 2011 йил 26 октябрида Ўш ва Андижон чегарасидаги бу чегара пункти икки томонлама борди-келди учун очилганди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:33 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG