Линклар

Оқ уй учун кураш Обама ва Ромни ўртасида кечади


Республикачиларнинг АҚШ президентлигига номзоди Митт Ромни.

Республикачиларнинг АҚШ президентлигига номзоди Митт Ромни.

АҚШ Республикачилар партиясининг Тампа шаҳрида ўтаётган қурултойида Митт Ромни президентликка расман номзод деб эълон қилинди.

Шундай қилиб 6 ноябр куни АҚШ президентлиги учун кураш республикачи Митт Ромни ва иқтидордаги президент демократ Барак Обама ўртасида кечади.

Сўнгги ижтимоий сўров ҳозирча уларнинг ҳеч бири усутунликка эга эмаслигини кўрсатмоқда.

Республикачилар партиясининг Флорида штатидаги Тампа шаҳрида ўтаётган қурултойида аксар делегатлар Ромни номзодини қўллашди.

Қурултойда Массачусетс штати собиқ губернатори, 65 яшар Митт Ромни президентликка номзод бўлиш учун керагидан ҳам овоз олишга муваффақ бўлди.

Ромни учун 1144 овоз кифоя эди, лекин қурултойнинг иштирокчиларининг 2061 нафари уни ёқлаб овоз берди.

Тампа шаҳрида ўтаётган Республикачилар миллий қурултойида висконсинлик конгрессмен Пол Райнни вице-президент лавозимига расман номзод қилиб кўрсатишди.

Митт Ромни ва рафиқаси Энн Ромни қурултойни меҳмонхонадан видеотрансляция орқали кузатиб туришди.

Кейинчалик Энн Ромни қурултой делегатлари олдида пайдо бўлди.

– Ҳеч ким Митт Ромнидай ғайратли, ғамхўр бўлолмайди ва ҳеч ким мамлакатни яхшироқ қилиш учун Ромнидай шижоат кўрсатолмайди,- деди Энн Ромни ўз эри ҳақида гапира туриб.

Тампадаги қурултойда жорий президент, Ромнининг сайловдаги рақиби Барак Обама номига кўплаб айбловлар ёғилди.

Йиғин қатнашчилари Обамани мамлакат иқтисодининг бугунги аҳволга тушиб қолиши ва ишсизлар сони ошиб, бюджет камомади юзага келганида айблашди.

Республикачилар партияси миллий қўмитаси раиси Рэинс Прибус Обаманинг қайта сайланиши “яна тўрт йиллик расвогарчилик”ни англатади, дея таъкидлади.

Қурултойда Аризона штатидан қатнашган республикачи Дебра Форрест Митт Ромни жуда муносиб лидер эканини таъкидлади.

– У иқтисодни ўнглай олишига ишонаман. Бу мард инсон АҚШнинг кейинги президенти бўлади,- деди Форрест.

Барак Обама дохил Демократлар партияси миллий Қурултойининг келаси ҳафта Шимолий Каролина штатида бўлиб ўтиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG