Линклар

Москванинг Домодедово ва Внуково аэропортларида ўзбек муҳожирларидан таъмагирлик қилган беш нафар транспорт полицияси ходимига нисбатан учта жиноий иш очилди.

28 август куни Россия Тергов қўмитаси Москва бошқармаси томонидан Домодедово ва Внуково аэропортлари орқали ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон фуқароларидан пул талаб қилган 5 нафар полиция ходимига нисбатан жиноий иш қўзғатилди.

Терговчилар уларни фирибгарликда айбламоқда, дейди Озодликка жиноий иш тафсилотларини гапириб берган Москва тергов қўмитаси раҳбари Павел Селиверстов буларни маълум қилди:

- Барча жиноий ишлар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3-қисми, яъни хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик қилиш асосида қўзғатилди. Внуководаги ҳодиса юзасидан битта, Домодедово бўйича иккита жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирча иккита полициячи ҳибсга олинди, қолганлари бўйича текширув давом этяпти. Соддароқ тушунтирадиган бўлсам, улар аэропорт орқали уйига қайтаётган гастарбайтерлардан таъмагирлик йўли билан пул олган,- дея маълум қилади Павел Селиверстов.

Терговнинг дастлабки тахминларига кўра, маъмурий жазога тортиш, самолётдан тушириб қолдириш ва Россиядан депортация қилиш билан ўз юртига қайтаётган меҳнат муҳожирларини қўрқитган транспорт полицияси ходимлари улардан 1 мингдан 10 минг рублгача пул ундирган.

Селиверстов нафақат МДҲ давлатларидан келган меҳмонлар, балки ичиб олган россияликлар ҳам "нопок полициячилар" ўлжасига айланганини айтади.

Таъмагирлик ва зўравонлик ҳолатлари аэропортларнинг барча зоналарида, киришдан тортиб аэропортларнинг халқаро транзит зоналарида кузатилган. Жиноий иш материалларидан аниқланишича, ўзбекистонлик мардикорлар Домодедово аэропортида икки маротаба пул тўлашга мажбур қилинган: биринчи марта киришда - металлодетектор рамкасидан ўтгандан кейин, иккинчиси – учиш залининг ўзида.

Терговчиларга мурожаат қилган бир ўзбекистонлик аёлдан полиция ходимлари аввалига ҳужжат текшириш давомида 3 минг рубл сўраган. Бу аёл ўзида бундай миқдорда пул йўқлигини айтганидан кейин, улар бу аёлни тинтув қилган ва пул топган. Шунда полиция ходими “Ёлғон гапирганинг учун 10 минг рубл берасан”, деб туриб олган.

“Рус тили ва Россия қонунчилигини билмаслигидан фойдаланган полиция ходимлари мамлакатдан чиқиб кетаётган муҳожирлардан, айниқса меҳнат муҳожирларидан пул талаб қилган”, дея давом этади Москва Тергов қўмитаси расмийси Павел Селиверстов.

- Жабрдийда хорижликларнинг барчаси Ўзбекистон фуқароларидир. Кимдир таниш-билишлари орқали, бир ҳолатда шу ўзбекларнинг иш берувчиси йигитлари учиб кетганидан кейин полиция ходими улардан пул олгани тўғрисида бизга хабар қилди. Ўзбекистонликлар қайтиб келганидан сўнг биз улардан ҳам ариза ёздириб олдик ва мана кеча жиноий иш қўзғатдик, дейди Павел Селиверстов.

Тергов қўмитаси расмийсининг Озодликка айтишича, қонунга биноан деярли барча ҳолатларда бу йўловчилар ўз юртларига кетишлари мумкин бўлган. “Улар шунчаки қўрқитилган ва алданган”, дея хулоса қилади тергов раҳбари Павел Селиверстов.

Москвада кўп йиллардан бери таксичилик қилиб юрадиган қорақалпоғистонлик Расул полиция таъмагирлигидан қутулишнинг ягона ва осон йўли борлигини айтади.

“Таъмагирлик ва порахўрлик ҳолатларнинг пайдо бўлишида кўп ҳолларда муҳожирларимизнинг ўзи айбдор”, дейди у.

- Кирди-чиқдида пул олди-бердиси тўғрисида мен анчадан бери биламан. Агарда шу одамларда ҳеч бўлмаганда регистрацияси бўлганда, ментлар бир тийин пул сўрамас эди. Халқимиз ўзи шунақа – ё документи йўқ, ё бошқа нарсаси... Мен биттасини жўнатаётганимда Домодедовода самолётга чиқариш учун мелисаларга 2 минг рубл берганман. Кирасиз аэропортга - у ерда металл текширувчи бор – шу ерда паспортини олди. Ярим йил бўлган регистрацияси ўтиб кетганига. Шуни миграция хизматига борганида штрафни уриб бериб юборар эдику, тўғрими?! Бу штраф 2060 сўм бўлади: 60 рубл госпошлинага, 2000 штрафнинг ўзи. Бошқа ҳеч нима олмайди. Бу мелисага пул берганидан кейин пограничниклар яна пул сўраган ва банкка юборган. Бир эмас икки маротаба тўлади, дейди Расул.

Расул доимо ҳужжатларини қонуний расмийлаштириб юриши ва шу боис бемалол полиция ходимлари билан талашиб-тортишишини гапиради.

“Бизнинг одамлар шу милиционерлар билан талашмаслик ва улардан тезроқ қутулиш учун бу пулни тўлаб юборишга рози”, дея давом этади у.

- Биринчидан бу тилни билмасликдан. 15 фоиз одамларимиз рус тилини яхши билади. Мен Тошкент-Саратов поездида кетаётганимда шундай ҳодисага дуч келганман... Омончилар чиқди поездга ва ҳаммани ҳужжатини текшириб келяпти. Ҳаммани ҳужжатини йиғиб олиб келяпти, “Разрешение на работу борми?” деб-да. Гапни қаранг! Одамлар биринчи маротаба мамлакатга кириб келяпти! Ёнимдаги қорақалпоғистонлик болада бор экан, уникини қайтариб беряпти. Шунда мен улар билан талашганидан кейин паспортимни қайтариб беришди, дейди қорақалпоғистонлик Расул.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG