Линклар

logo-print

МТС 2012 йилнинг 2-чорагида Ўзбекистондаги бизнесидан ажрагани муносабати билан 1 миллиард доллардан ортиқ активларини ҳисобдан чиқариб ташлади. Шунга қарамасдан, МТС бир йил давомида даромадида 3 фоизлик ўсиш кўрсаткичига эришганини айтмоқда.

28 август куни “Мобильные ТелеСистемы”(МТС) ОАЖи 2012 йилнинг 2-кварталида Ўзбекистондаги муаммолари туфайли 1 миллиард доллардан ортиқ зарарни ўз активларидан чиқариб ташлади.

Бу ҳақда душанба куни Москвада журналистларга маълум қилган МТС президенти Андрей Дубовсков агарда Ўзбекистон билан боғлиқ муаммолар туфайли юқорида кўрсатилган зарар чегирилмаганда, МТСнинг бу даврдаги соф даромади 357 миллион долларни ташкил этишини мумкинлигини маълум қилди.

Бироқ, 2012 йилнинг иккинчи кварталида бу зарарни қоплаш Россия алоқа операторига 681,8 миллион долларга тушди, дейди ҳисобот юзасидан Озодликка изоҳ берган МТС компаниясининг Россиядаги бош идораси матбуот хизмати вакили Валерия Кузменко.

- 2012 йилнинг иккинчи кварталида МТС 1 миллиард 79 миллион доллар миқдорида маблағни чиқариб ташлади. Бу рақам икки қисмдан иборат: биринчиси - 579 миллион доллардан иборат маблағ активларимиз, яъни Ўзбекистонда қолган анжом ва жиҳозлар, кўчмас мулкимиз ва бошқа узоқ муддатли активларимиз ҳисобидан олиб ташланди. Биз, шунингдек, яна 500 миллион долларга резерв тайёрладик. Бу маблағ суд ва бошқа тортишувлар асосида Ўзбекистонда юзага келиши мумкин бўлган солиқ, жарима ва бошқа мажбуриятларга ажратилди, дейди Валерия Кузменко.

МТС расмийси “Мобильные ТелеСистемы” ширкати Ўзбекистон бозоридан кетиши муносабати билан бошқа чегиришларни амалга оширмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекистондаги йўқотишларга қарамасдан, 2012 йилнинг иккинчи ярмида МТС Россиянинг энг даромадли алоқа операторига айланди: бу муддат давомида МТС даромади 82,8 млрд рублни ташкил этган бўлса, “Вимпелком”- 70,3 миллиард, “МегаФон” – 66,2 миллиард рубл умумий даромад кўрган.

МТСдан олинган маълумотга кўра, ёпилишидан олдин “Ўздунробита” ҳам жуда яхши даромад кўрсаткичларини намойиш қилиб келган. 2012 йилнинг июн ойига келиб “Ўздунробита” даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,3 фоизга ошгани ва пул эквивалентида 132,8 миллион долларга етгани очиқланди.

Айни пайтда, МТСнинг Ўзбекистондаги бизнеси билан боғлиқ вазият юзасидан Россия Минтақавий алоқа операторлари ассоциацияси (АРОС) ҳам хавотир билдиргани айтилмоқда.

CАnews нашрининг ёзишича, АРОС “Ўздунробита”га Ўзбекистонда ўтказилаётган босим Россия ва Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги, жумладан телекоммуникация соҳасига жиддий путур етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Айрим компаниялар мисолида Ўзбекистонда сўнгги йилларда кўзга кўринган активларнинг тортиб олиниши амалиёти урчигани кузатилмоқда”, дея барча Россия телекоммуникация компанияларига Ўзбекистонга киришдан олдин барча хатарларни ҳисобга олишга чақирди Россия Минтақавий алоқа операторлари ассоциацияси.

Бундан олдинроқ Россия Менежерлар Ассоциацияси (РМА) ҳам МТС ширкатига қарашли “Ўздунробита” билан боғлиқ вазиятдан хавотир билдириб, Ўзбекистонда ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришга чақиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG