Линклар

Ўзбекистон ҳукумати 2012-2015 йилларда сил касаллиги билан кураш мақсадларига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. Ҳукумат бунга оид дастурни тасдиқлагани тўғрисидаги хабар Глобал Фонд Ўзбекистонга сил касалликлари билан кураш дастурлари учун қарийб 30 миллион АҚШ доллари миқдорида грант беришга қарор қилган пайтда пайдо бўлди. 2005 йилдан бери мазкур жамғарма Ўзбекистонга сил касаллигига доир дастурлар учун берган маблағ 65 миллион доллардан ортди. Сил касаллиги мутахассисларига кўра, Ўзбекистонда бу давр ичида муаммо нисбатан назорат остига олинган бўлса-да, сил касаллигининг дориларга чидамли кўриниши билан боғлиқ вазият таҳликали тус олмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати келаси уч йил давомида сил касаллигига қарши кураш мақсадларига 50 миллион АҚШ доллари ажратгани ҳақида Россиянинг РИА Новости агентлиги соғлиқни сақлаш вазирлигининг исми келтирилмаган вакилига таяниб хабар қилди.

Ўзбекистонда сил касаллигига оид дастурлар амалга оширилиши учун масъул бўлган Республика ДОТС маркази мутасаддилари Озодлик мухбири билан бу ҳақда гаплашишни истамади.

Айни пайтда, чоршанба куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Республика ДОТС марказига (сил касаллигини ташхис ва таҳлил қилиш маркази-таҳр.) Глобал Фонд ҳам қарийб 30 миллион АҚШ доллари миқдорида навбатдаги грант ажратгани маълум бўлди.

Дунё мамлакатларига ОИТС, сил ва безгак билан кураш дастурлари учун маблағ топиб берадиган ташкилот Ўзбекистонга беғараз молиявий ёрдам бераётганини Глобал Фонд матбуот хизмати раҳбари Сет Файзон Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади.

- Бу грант Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидаги Республика ДОТС маркази томонидан ўзлаштирилади. 29,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бу грант Глобал фонд бераётган учинчи грантдир. Биринчиси 2005-2009 йиллар учун 10,49 миллион доллар, иккинчиси, 2009 йилда берилгани 25,5 миллион доллар эди, буниси ўша 25 миллионлик грант доирасида амалга оширилаётган дастурларни давом эттириш учун берилмоқда, дейди Глобал Фонд расмийси жаноб Файзон.

Яъни 2005 йилдан бери Ўзбекистон мазкур жамғармадан сил касаллигига қарши кураш дастурлари учун 65 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ пул олмоқда. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам сил касаллиги муаммоси долзарб бўлиб қолаётгани бу дастурларга катта маблағ ажратилаётганига изоҳдир.

Ўзбекистон ҳукумати Глобал Фондга топширган грант сўровномасини тайёрлашда кўмаклашган HOPE лойиҳасининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Томас Мор минтақада муаммо нисбатан назорат остига олинганига қарамасдан масала долзарблигича қолмоқда, дейди.

- Кейинги 10 йил ичида минтақа бўйлаб сил касаллигига оид эпидемик вазият бир мунча барқарорлашди, десак бўлади. Лекин сил касаллигининг мултирезистент шакли, яъни бир нечта дорига чидамли кўриниши билан боғлиқ муаммо янада кескинлашди, дейди мутахассис.

Томас Морнинг айтишича, мултирезистент сил касаллиги даражаси Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонда ҳам ошиб бораётгани кузатилмоқда.

Глобал Фонд вакилининг Озодликка айтишича, берилаётган грант ҳисобидан шу пайтгача амалга ошириб келинаётган дастурлар самарасини таъминлаш мақсадларига йўналтирилади. Грант мақсадли сарфланишини кафолатлаш тизими ҳам жорий қилинган дейди Сет Файзон.

- Грант дастурларини бошқарувчи мутахассисларимизнинг доимий кузатувидан ташқари грантларнинг мақсадли ишлатилаётганига оид шубҳалар пайдо бўлганида вазиятни тафтиш қиладиган аудит хизматимиз бор. Ташкилотимизнинг бош инспектори бошқармаси томонидан амалга ошириладиган аудит грантлар тегишли тарзда ўзлаштирилаётганини кафолатлайди, дейди Сет Файзон.

Ўзбекистонда сил касаллигига оид муаммонинг асосий жиҳатларидан бири бу мамлакат қамоқхоналарида маҳбуслар орасида бу касалликнинг кенг тарқалгани билан боғлиқ вазиятдир. Озодлик билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган ўзбекистонлик мутахассиснинг айтишича, маҳбуслар орасида, айниқса мултирезистент сил касаллиги билан боғлиқ вазият таҳликали тус олган. Ўзбекистон жазони ижро этиш тизими ўта ёпиқ бўлгани боис, аниқ рақамларни келтиришнинг иложи бўлмаса-да, “маҳбуслар орасида сил касаллиги даражаси, оддий аҳолига солиштирганда бир неча ўн баробар кўпроқдир”, дейди суҳбатдошимиз.
Ўзбекистонда маҳбуслар умумин сонига оид расмий рақамлар ҳам йўқ. Лекин мутахассислар ўзбек қамоқхоналарида 65-70 минг маҳбус борлигини тахмин қилади.

Ҳукумат халқаро ташкилотларга маҳбуслар аҳволидан хабар олиш имкони берилиши тўғрисида бир неча йилдан бери бераётган ваъадалари устидан чиққани йўқ.

Ҳукумат Глобал Фондга топширган аризасида ҳам бу муаммога алоҳида эътибор қаратилган. Унда ажратилган грант ҳисобидан амалга ошириладиган дастурлар доирасида қамоқхоналарга оид вазиятни ҳал қилишда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги томонидан молияланган KNCV ва TB CARE лойиҳалари кўмаклашиши айтилади.

Лекин Озодлик билан суҳбатлашган мутахассисга кўра, Ўзбекистон Адлия вазирлиги мазкур ташкилотларни рўйхатга олишни бир неча йилдан бери пайсалга солиб келмоқда.

Глобал Фонд вакили Сет Файзон, Озодлик билан суҳбатда, мазкур ташкилотларнинг рўйхатга олинмаётгани билан боғлиқ вазиятдан бехабарлигини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматига грант тақдим қилиш қарори бошқа омилларга асосланганини таъкидлади.

Глобал Фонд Ўзбекистон ҳукуматига сил касаллигидан ташқари ОИТС ва безгак касаллигига қарши кураш дастурлари учун ҳам жами қарийб 130 миллион АҚШ долларига тенг грантлар тақдим қилган.
XS
SM
MD
LG