Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:30

Россия болаларига “Ну, погоди"ни кўриш тақиқланди


“Сеними, шошмай тур!" мултфилмидан лавҳа.
“Сеними, шошмай тур!" мултфилмидан лавҳа.

Россияда “Ну, погоди!” (“Сеними, шошмай тур!") мултфилми “катталар учун” тоифасига киритилди. Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб телеканаллар бу мултсериални фақат соат 23.00 дан кейин намойиш қилишлари мумкин бўлади.


“Сеними, шошмай тур!" мултсериалида бўрининг сигарет чекиш, ароқ ичиш каби катталар ҳаётига дахлдор ишларни қилиши бу тақиққа асос бўлди.

Давлат Думаси 2010 йил охирида “Болаларни уларнинг соғлиғи ва ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилган эди.

Ана шу қонунга мувофиқ “Сеними, шошмай тур!" “18+” тоифадаги филмлар қаторига киритилди.

Эндиликда Россия телеканаллари олдида икки йўл бор – ё бу каби мултфилмлардаги зўравонлик саҳналарини кесиб ташлаб, эфирга бериш, ёки уни ярим тунга яқин намойиш қилиш. Ҳар ҳолда, қайчиланмаган “Сеними, шошмай тур!” мултфилми бундан буён “Хайрли тун, кичкинтойлар!” каби кўрсатувларда намойиш қилинмаслиги айтилмоқда.

Совет болалари бир неча авлодининг севимли мултфилмига айланган “Сеними, шошмай тур!” мултфилмининг илк серияси 1969 йилда олинган.

Америкаликларнинг “Том ва Жерри”сига жавобан суратга олингани айтиладиган мазкур мултсериалга Вячеслав Котёночкин режиссёрлик қилган. Ундаги бўрига машҳур актёр Анатолий Папанов, қуёнга эса таниқли актриса Клара Румянцева овоз берган.

Кўпчилик учун севимли бўлган мултсериалнинг цензура қилиниб, қайчиланиши Россияда аксарият санъат арбобларининг норозилигига, истеҳзою пичингларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Росбалт агентлигининг россиялик таниқли кинорежиссёр ва хизмат кўрсатган санъат арбоби Юрий Маминга иқтибосан ёзишича, “бу тили аччиқ комедия яратиш учун яхши баҳона, фақат Салтиков-Шчедрин етишмаяпти, холос”.

- Ҳар бир давлат турмушида аҳмоқликнинг ривожланиш даври бўлади (бизда эса бунақаси бир неча марта бўлган), бунақа даврда эси паст мансабдорлар кучайиб, фаоллашиб қолади. Улар ўзларининг кераклилигини исботлаш учун аҳмоқона қонунлар чиқарадилар, - дейди Юрий Мамин.

Айни пайтда Россиядаги марказий телеканалларнинг ҳаммаси билан ҳамкорлик қилувчи ҳамда "Хайрли тун, кинкинтойлар!" кўрсатувини тайёрловчи Трансконтинентал медиакомпания (ТКМ) ўзи тайёрлаган ва эфирга узатадиган дастурлар ичида “Сеними, шошмай тур!” мултфилмини қандай бўлса, шундайлигича намойиш бўйича россиялик масъуллар билан келишувга эришишга умид қилаётибди. Бу ҳақда Интерфакс агентлигига сўзлаган ТКМ бош директори Александр Митрошенков ТКМ шу кунларда Давлат думаси ва бошқа давлат муассасалари билан музокаралар олиб бораётганини ва улардан мултфилмни қайчиланмаган ҳолда кўрсатиш бўйича аниқ кафолатлар олишга уринаётганини билдирди.

Ўзбекистон Давлат қўғирчоқ театри режиссёри Динара Йўлдошева ҳам мазкур мултфилмдан бўрининг сигарет чеккан ёки бошқа номаъқул ишларни қилган саҳналарини олиб ташлашда маъно кўрмайди.

- Бу қусурлар салбий қаҳрамонга тегишли-ку. Салбий қаҳрамон шунақа ёмон қилиқларга эга бўлиши мумкинлиги шундоқ ҳам тушунарли. Аксинча, бу болаларда бунақа қилиқларга нисбатан нафрат ҳиссини тарбиялайди, чунки улар салбий қаҳрамонга эргашмайдилар. У ерда болалар хайрихоҳ бўлган ижобий қаҳрамон – миттигина қуёнча бор. Мултфилмни кўраркан, болаларда ожиз қуёнчани хафа қилаётган бўрига нисбатан норозилик кайфияти уйғонади. Шунинг учун ҳам мултфилмда бўрининг салбий хусусиятларини кўрсатиш ўзини оқлайди, - дейди Динара Йўлдошева.

“Сеними, шошмай тур!” ўз болалари учун ҳам йиллар давомида севимли мултсериал бўлиб келганини айтган ўзбекистонлик режиссёр унинг фарзандлари тарбиясига салбий таъсир қилмаганини таъкидлади.

“Сиз ишлаётган қўғирчоқ театрида ҳам пьесалар цензура қилинадими?” деган саволимизга режиссёр қуйидагича жавоб берди.

- Шу пайтгача бўлгани йўқ. Бунинг буёғига бўладими-йўқми – бунисини билмайман, - деди Динара Йўлдошева.
XS
SM
MD
LG