Линклар

Сенат Ўзбекистонда хориж ҳарбий базалари очишни тақиқлади


Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик қўмитаси раҳбари¸ сенатор Светлана Ортиқова Сенат минбарида.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик қўмитаси раҳбари¸ сенатор Светлана Ортиқова Сенат минбарида.

Бош ташаббускори Ўзбекистон президентининг ўзи экани айтилаëтган бу ҳақдаги қонун лойиҳаси 30 август куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги сессиясида тасдиқланди.


Базалар бўлмайди!

"Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хориж ҳарбий базаси ëки ҳарбий объекти бўлмайди. Айниқса¸ ҳеч қандай тезкор кузатув гуруҳлари бўлмайди"¸ деди Сенат ялпи мажлисида мамлакат ташқи сиëсати тамойилларига оид Концепцияни сенаторларга тақдим этган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Сенаторлар томонидан бир овоздан маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси ташқи сиëсий фаолиятига оид Концепциясини тасдиқлаш” ҳақидаги қонун¸ Комилов таъкидлаган каби¸ мамлакат ҳудудида хориж давлатлари ҳарбий базаси ва бошқа ҳарбий объектлари ўрнатилишини тақиқлайди.

Айни пайтда Концепция Ўзбекистоннинг қўшни давлат ҳудудларидаги ҳарбий можаро ва қарама-қаршиликларга аралашмаслигини кафолатловчи сиëсий-иқтисодий ва бошқа чораларни қўллашини ҳам кўзда тутади.

31 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тасдиғидан ўтган мазкур Концепцияда мамлакат ташқи сиëсатининг асосий тамойиллари белгилаб берилган.

Сенат матбуот хизматининг Ўзбекистондаги ярим расмий ахборот сайтларига маълум қилишича¸ мамлакат Конституцияси¸ “Мудофаа ҳақида”ги қонун ва Ҳарбий доктринага мувофиқ янги Концепцияда Ўзбекистон қуролли кучларининг хориждаги тинчлик ўрнатиш амалиëтларида иштирок этмаслиги муҳрлаб қўйилган.

“Концепцияда Ўзбекистоннинг у ëки бу вазиятда ўзи учун фойдали бўлган омиллар¸ узоқ муддатли истиқбол¸ лекин мутлақ ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда турли ҳарбий-сиëсий ва бошқа блокларга кириш¸ чиқиш ва улардаги фаолиятини тўхтатиб туриш ҳаққини ўзида сақлаб қолиши кўрсатилган”¸ дейилади Сенат матбуот хизмати тарқатган баëнотда жумладан.

Мазкур Концепция эндиликда Ислом Каримов томонидан имзоланган кундан бошлаб кучга киради.

Ўзбекистоннинг исталган ҳарбий-сиëсий блокка истаган пайтида кириб¸ истаганида чиқишини қонун даражасига кўтарган мазкур Концепция Тошкент Россия етагидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан яна бир бор чиққанини эълон қилганидан бир неча ой ўтиб қабул қилинди.

Айни пайтда¸ бу Концепция Россия матбуоти Ўзбекистонда АҚШнинг минтақадаги энг йирик ҳарбий объекти ўрнатилади¸ деган фаразни кенг ëритаëтган бир пайтда қонун тусига кирмоқда.

"АҚШ Ўзбекистонда амалда база ролини бажарувчи йирик ҳарбий марказ тузишни режалаштирмоқда"¸ деб хабар тарқатди “Коммерсантъ” нашри 23 август куни.

Россия нашрининг Ўзбекистон дипломатик доиралардаги ўз манбасига таяниб иддао қилишича, 2014 йилда Афғонистондан оммавий равишда олиб чиқиладиган Америка ҳарбийларининг асосий қисми айнан шу Тезкор кучлар марказига жойлаштирилиши мумкин.

Бу база ëхуд марказда ўринлашадиган тезкор АҚШ ҳарбий бўлинмалари¸ халқаро коалиция кучлари Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан вазият кескин ëмонлашган тақдирда¸ Афғонистонда амалиëтлар амалга оширишга шай бўлиб туради¸ деб тахмин қилади "КоммерсантЪ" манбаси.

Айни пайтда¸ АҚШ Давлат департаменти расмийлари Ўзбекистон ҳудудида бундай марказ очилиши ҳақидаги хабарларни мутлақ инкор қилмоқда.

Сенат ҳаво коридорига "рухсат берди"

30 август куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати тасдиғидан ўтган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида Афғонистонда Америка қўшинларини олиб чиқиш жараëнидаги ҳамкорликка оид келишув ҳам бор.

Сенат матбуот марказининг айрим ахборот агентликларига билдиришича¸ 2012 йилнинг 28 март куни Тошкентда имзоланган ҳукуматлараро мазкур келишув Афғонистонда олиб чиқиладиган АҚШ ҳарбий юклари ва қуролли қўшинлари учун ҳаво коридори тақдим этишни кўзда тутади. Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш жараëнида унга туташ давлатлар ҳамкорлигини рағбатлантирувчи БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси доирасида имзоланган икки томонлама келишувга кўра¸ АҚШ ҳарбий-тарспорт учқичлари¸ фавқулодда ҳолатларни истисно қилганда¸ Ўзбекистон ҳудудидан тўхтамасдан учиб ўтиши лозим.

Аммо Фарғона.ру ахборот агентлигининг Навоийдаги ўз манбаларига таяниб хабар беришича¸ АҚШнинг Афғонистонга учаëтган Ҳеркулес русумидаги ҳарбий-траспорт учқичлари айни кунларда Навоий аэропортида қўниб ўтмоқда.

Ҳозирча бир йилга тузилган АҚШ ҳарбий-транспорт учқичларига ҳаво коридори бериш ҳақидаги АҚШ-Ўзбекистон келишуви¸ томонлар лозим топган тақдирда¸ автоматик узайтирилиши мумкин.

Мазкур келишув июн ойида Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 30 августида сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”¸ “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлаш ҳақида”¸ “Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунчилик актларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги каби жами 9 қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG