Линклар

logo-print

Ислом Каримов Тошкентдаги давлат муассасалари ходимлари ва талабаларнинг ялпи ҳашарга жалб қилинганига қарамай мамлакат мустақиллигининг 21 йиллигига тантанали тарзда топширишга тайëр бўлмаган икки йирик иншоотни кўздан кечирди.


Каримов юрак марказини зиëрат қилди

Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги байрами арафасида Ўзбекистонпрезиденти Ислом Каримов Тошкентда янги қурилган академик Восит Воҳидов номидаги Республика жарроҳлик марказининг кардиожарроҳлик мажмуасида бўлди.

- Бунақа клиникаларни фақат намойиш учун эмас, энг замонавий, керак бўлса операциялар ўтказадиган, одамларни оғирини енгил қиладиган, одамларни умрини узайтирадиган, энг нозик операцияларни оборадиган клиникани тасаввур қиляпман. Ва бунга эришиш учун биринчи навбатда¸ нима керак десак, иккита нарса керак, биринчиси энг замонавий ускуналар, иккинчидан бу замонавий ускуналарда бемалол ишлайдиган, маҳорати етадиган мутахассисларни мана шу клиникада тўплашимиз керак¸ деди Каримов мазкур мажмуани зиëрат қила туриб.

Тўрт қаватли мазкур мажмуанинг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлангани ва кунига 200 нафар беморни кўрикдан ўтказиш имкониятига эгалиги айтилмоқда.

Марказ xодимларидан бирининг Озодлик радиосига айтишича, марказ учун энг сўнгги асбоб-анжомлар, технология воситалари харид қилинган ва у Ўзбекистондаги энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган шу турдаги биринчи муассаса бўлади:

- Янги бинода бир йўла иккита янги бўлим очилaяпти. Булар буйракни кўчириб ўтказиш ҳамда уч ёшгача бўлган болалар учун кардиохирургия бўлимларидир, деди ўз исмини айтмаган марказ xодимларидан бири.

Аммо президент зиëрат қилган жарроҳлик маркази ҳали фойдаланиш учун топширилмаган. 30 август куни Озодлик мухбири мазкур марказга қўнғироқ қилганда¸ врачлар ҳали ҳам эски бинода жарроҳлик қилишаётган эди.

- Жаноб журналистлар ҳали марказнинг очилиши бўлгани йўқ, фақат кўздан кечирилди. Қачон очилишини ва кўчишимизни биз ҳам билмаймиз. Билсангиз¸ бизга ҳам айтинг, деди ўз исмини айтмаган марказ жарроҳларидан бири.

Президент очган "Бунёдкор" ҳам чала

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “Бунёдкор” футбол мажмуаси ва у ерда очилган Болалар ва ўсмирлар футбол мактабини кўздан кечирди.

Ўзбекистонлик болалар уч ёшдан тайёрлов ва такомиллашув босқичларида футбол бўйича таҳсил олишлари мумкин бўлган мактаб мажмуаси ўқув-маъмурий корпус, ётоқхона, спорт зали, сув ҳавзаси, ошхона биноларини ўз ичига олган.

“Бунёдкор” болалар футбол мактаби Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйган.

Уч қаватли “Бунёдкор” ўйингоҳи эса 34 минг одамни сиғдира оладиган Ўзбекистондаги энг йирик стадион бўлади.

- Олдин ҳавас қилиш ҳам қийин бўлган нарсаларни қабул қилиб, шундан ғурурланиб, айтмоқчиман, халқимизга ярашсин, яна шунга ўхшаган ютуқларга яратганимизни ўзи етказсин, деди Каримов.

“Бунёдкор” футбол мажмуасини 2008 йилда “Зеромакс” ширкати қуришга киришган, бироқ ширкат касодга учрагани боис ўйингоҳ қурилиши 2010 йилда тўхтаб қолган эди.

2011 йилда Ўзбекистон ҳукумати "Бунёдкор"ни 2012 йилнинг март ойига қуриб топшириш ҳақида қарор чиқарган эди.

“Бунёдкор” ўйингоҳи олти ой кечикиш билан, чала битган бўлса ҳам 30 август куни президент Каримовга топширилди.

Стадионда қурилиш ишларининг байрамдан кейин ҳам жадал тарзда давом этиши айтилмоқда.

- Ҳали стадионда қилинадиган майда ишлар кўп, деди ўйингоҳда ишлаётганлардан бири.

Озодлик манбаларига кўра¸ ўйингоҳнинг сентябр ойи охирига қадар тайëр бўлиши ва ўзбек футболи 100 йиллигига бағишланган тантаналарнинг айнан “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда Мустақиллик байрами арафасида йирик иншоотлар қурилиши битмаган бўлса-да¸ уни президентга тантанали тарзда "тортиқ қилиш" анъанага айланган.

Бу маросимларни ëритадиган ўзбек матбуотида ҳам навбатдаги ҳашаматли иншоотни "мустақилликнинг буюк ютуқлари", "президент Ислом Каримов олиб бораётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар маҳсули" сифатида тақдим этишни одат қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG