Линклар

"Uсell" ўз бошига "Ўздунробита" куни тушишидан хавотирда


Ucellнинг Ўзбекистондаги бош идораси.

Ucellнинг Ўзбекистондаги бош идораси.

"Ўздунробита" бошқарувчилари устидан суд бораëтган кунларда Тошкентга келган "Ucell" эгаси Швециянинг TeliaSonera ширкати раҳбари Ларс Нюберг Ўзбекистонга киритилган сармояларнинг ҳимояланиши борасида кафолат истамоқда.


Акцияларининг каттагина қисми Швеция ҳукуматига тегишли бўлган TeliaSonera ширкати президенти Ларс Нюберг 29 август куни Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзААА) расмийлари билан учрашув ўтказди.

МТС лицензияси олиб қўйилганидан сўнг Ўзбекистондаги энг йирик мобил алоқа операторига айланган "Ucell" ширкатининг асосий мулкдори TeliaSonera раҳбари асосий вақтини "МТС-Ўзбекистон" ширкати фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарган мазкур агентлик раҳбарлари билан музокараларда ўтказган.

ЎзАААнинг Озодлик мухбири билан суҳбатда ўзини таништирмаган расмийси учрашув бўлганини тасдиқлай туриб¸ унинг тафсилотлари ҳақида маълумот берилмаслигини таъкидлади:

- Ҳа, учрашув бўлган. Агентлигимиз расмий сайти маълумот қўйилган, дея гапни қисқа қилиб сайтдан “тўлиқ” маълумот олишимизни сўради Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги бўлим бошлиқларидан бири.

Агентлик расмий сайтида эса “томонлар телекоммуникация соҳасида кейинги ўзаро фойдали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилгани”, “Ўзбекистон мобил алоқа бозорига янги технологиялар жорий қилаётган ва ривожлантираётган “Coscom” МЧЖсининг малакали фаолияти” алоҳида таъкидлангани тўғрисида хабар қилинади¸ холос.

Айрим мустақил ахборот воситалари TeliaSonera раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи бевосита Россиянинг МТС алоқа операторининг Ўзбекистонда дуч келаëтган муаммолари муносабати билан туғилган хавотирлар билан боғлиқлигига ишорат қилмоқда.

Хусусан¸ Uzmetronom Интернет газетасининг номаълум таҳлилчиларга таяниб таъкидлашича, Ларс Нюберг Uсellнинг келажак тақдиридан хавотирланиб¸ вазиятни шахсан ўзи ўрганиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган.

“TeliaSonera раҳбари республикада замонавий телекоммуникация хизматларини кўрсатиш учун бундан кейин ҳам сармоя киритишга тайёр эканини билдирди”, деб хабар қилинади ЎзААА расмий сайтида. Лекин Ларс Нюберг Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги расмийларидан бу сармоянинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганига оид бирор кафолат олдими-йўқми, буниси номаълумлигича қолмоқда.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги шу йил 17 июл куни "Ўздунробита" ширкати лицензиясини бекор қилиш ҳақидаги қарорини эълон қилган куни TeliaSonera ширкати вице-президенти Сисилия Эдстром Озодлик билан суҳбатда, "Ucell"нинг мобил алоқасиз қолган миллионлаб МТС мижозларига хизмат кўрсатишга тайëрлигини билдирган эди:

- "Ucell" кейинги бир неча йил мобайнида тармоқларини ривожлантириш учун катта сармоя ётқизди ва мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди. Ўйлашимча, "Ucell" келгусида ҳам мижозлар сони кўпайишига тайёрдир, деган эди ўтган ой TeliaSonera ширкати вице-президенти.

Отлар кечувда алмаштирилди

Айни пайтда, TeliaSonera президенти Ларс Нюберг “Uсell"ширкатининг янги бош директори – асли туркиялик Али Аганнни Ўзбекистон расмийлари ва "Ucell" хизматчиларига таништирди.

“Компания ишчиларига қилган мурожаатида янги раҳбар 2008 йилдан буён “Uсell” ни бошқариб келган Ўғуз Мемигювен томонидан Ўзбекистоннинг етакчи мобил алоқа оператори тараққиётига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади”, деб ёзади “Олам.уз” нашри.

Али Аган “Uсell” га раҳбарлик лавозимига тайинлангунга қадар Озарбайжоннинг "Azercell" мобил алоқа оператори президенти лавозимида ишлаб келган.

- Мен сизга Али Аганнинг жуда яхши одам эканини айтишим мумкин. Бизда у 4 йил давомида раҳбарлик қилди. Қолган саволлар билан эндиликда Ўзбекистонга Uсell га мурожаат қилинг, деди "Azercell" расмийси Гюнай хоним Мамедли Озодлик билан суҳбатда.

"Ўздунробита"га узоқ йиллар раҳбарлик қилиб келгани Беҳзод Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қочиб кетгани ортидан ширкатнинг қатор бошқарувчилари ҳибсга олинди ва ҳозирда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан оғир иқтисодий жиноятларда айбланмоқда. Ўз собиқ рақиби бошқарувчилари устидан маҳкама жараëни бораëтган кунларда "Ucell" бошқарувчисининг ўзгартирилиши режага мувофиқ амалга ошганми¸ ëки бу қарорнинг эҳтиëт чораси экани ҳақида ҳозирда бирор маълумот йўқ.

Бугунга келиб Ўзбекистонда 8 миллиондан ошиқ мижозга эгалигини айтаëтган “Uсell” ширкати мамлакатдаги энг йирик мобил алоқа операторига айланган.

Ҳозирда Евроосиёнинг жами 20 мамлакатида 175 миллион мижозни мобил алоқа хизмати билан таъминлаб келаëтган TeliaSonera ширкати Ўзбекистон бозорига 2007 йилда Coscom акцияларини сотиб олиш орқали кириб келган.

TeliaSonera 2002 йилда Швециянинг “Telia” ва Финляндиянинг “Sonera” ширкатлари бирлашиши натижасида вужудга келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG