Линклар

logo-print

31 август куни Тошкентдаги Миллий боғда ўтказилган Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллигига бағишланган расмий тантана анъанага кўра президент Каримов маърузаси билан очилиб¸ унинг концерт иштирокчиларини бағрига босиши билан тугади.


Ўзбекистон Мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан тантанали маросимда президент Ислом Каримов нутқ сўзлаб, ўзбекистонликларни қутлади.

- Мен ўзимни қанот пайдо бўлгандек ҳис қиляпман. Барча-барча синовларда мен фақатгина халқимизга таянганман, сизларни яхши кўраман, деди гулдурос олқишлар остида Ислом Каримов.

Тантанали байрам тадбирида президентдан ташқари ҳукумат расмийлари ва давлат ташкилотларининг танлаб таклиф қилинган вакиллари¸ хориж дипломатлари иштирок этди.

Тадбирни жонли тарзда ëритган давлат телевидениеси камералари президент Каримов баробарида унинг тўнғичи Гулнора Каримова иштирокига ҳам тинимсиз эътибор қаратди.



​Қўлига iPad кўтариб олган Гулнора Каримова эса¸ мобил мухбирлик вазифасини адо этиб¸ байрам тадбирини Twitterдаги саҳифасида ëритиб борди.

"Президент ўйнаяпти. Ëмон эмас. Хоразмчага ўйнамасликнинг иложи йўқ" деб ëзди Гулнора Каримова отаси ака-ука Эшчоновлар ижросидаги "Лазги"га рақсга тушиб турган пайтда.

Концерт тадбирини якунловчи қўшиқ - "Она тупроқ" композициясини ижро этиш учун Гулсанам Мамазоитова саҳнага чиққанда Каримова ўз Twitterига "Ҳозир саҳнага ҳеч ким танимайдиган ғалати хотин чиқди"¸ деб ëзди.

Тошкент маркази қамалда

Тошкентдаги Навоий номидаги Миллий боғ ва “Наврўз” ФҲДË ўртасида жойлашган асосий концерт майдонида қўйилаëтган байрам концертига мактаб ўқувчиларидан тортиб хореография коллежи талабаларию ўзбек поп-юлдузлари жалб этилган.

Оддий тошкентликларнинг Озодликка билдиришича¸ расмий тантаналар олдидан Тошкентда назорат янада кучайтирилган. Милиция ходимлари концерт бўлиб ўтадиган Тошкент марказий хиёбонига элтувчи барча йўлларни тўсиб қўйган.

Айрим тошкентликларга кўра¸ милиция назорати кучлилигидан шаҳарликлар ўзини ҳарбий ҳолатда яшаётгандек ҳис этмоқда.

- Бугун ҳукуматнинг байрами. Уйда ўтириб турамиз энди. Эртага бизники, эртага болаларимизни сайрга олиб чиқамиз¸ дейди тошкентлик Комил ака.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан вилоятлардан Тошкент шаҳрига кирувчиларни текшириш ҳолатлари ҳам кучайтирилган.

Озодлик манбаларига кўра¸ вилоятдан келувчи автобуслар тўхтатиб текширилмоқда, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмаган вилоятликлар вақтинча чиқариб юборилган.

- Шаҳарга кириш-чиқиш қийин бўлиб қолган. Постларда автомобилларни текшириш, ҳар биттасининг багажини очиб кўриш ҳайдовчилар вақтни олмоқда, дейди ҳайдовчилардан бири.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов хавфсизлик чоралари кўрилишини маъқуллайди, аммо Ўзбекистонда бундай чоралар ҳаддан зиёд кучайтирилиши ҳукуматнинг халқдан қўрқуви ифодаси эканлигини айтади.

- Баъзи ҳолларда хавфсизлик чоралари одамларни ҳаракатланиш ҳуқуқларини чеклаш эвазига амалга ошириляпти, дейди Икромов.

Мухолифат кайфияти байрамона эмас

Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллиги тантаналари арафасида ўзбек мухолифати бир неча баёнот эълон қилди.

Хориждаги бир неча мухолиф гуруҳларни бирлаштирган Ўзбекистон Халқ ҳаракати “ўзбек халқи 21 йил кузатгани каби, бу зиёфатни бир чеккада жим кузатажак", дея баёнот берди.

"Мустақиллик эълон қилинганидан 21 йил ўтиб, юртимиз аҳволи худди абсурд саҳна асарининг энг чиркин бўёқ ва шаклларини эслатади: Конституцияси масхара мавзусига айланган, қонунсизлик ҳукми ўрнатилган бир давлат. Порахўрликдан илма-тешик бўлган иқтисод, қашшоқликдан қобирғаларини санаш мумкин бўлган оддий халқ, оиласига бир парча нон топиш илинжида чет элларга қуллик учун чиқиб кетаётган миллионлаб инсонлар, аксарияти учун ҳақсизлик, ҳақорат ва хўрлик оддий турмуш тарзига айланган бир жамият", дейилади Ўзбекистон Халқ ҳаракати баёнотида.

"Бирдамлик" халқ ҳаракати эса ўзбекистонликларни байрам куни ўз норозиликларини оқ либос кийиб тинч шаклда изҳор этишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG