Линклар

logo-print

Бундан қарийб 20 йил муқаддам Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида президент Каримовни кескин танқид қилган собиқ депутат Шуҳрат Нусратовнинг ҳозирда 7 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Ўтган йил иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган собиқ депутат Нусратовнинг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди қарори билан 2012 йилнинг феврал ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилингани жамоатчиликка энди маълум бўлди¸ дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.

- Суд ёпиқ тарзда ўтказилган. Оиласига ҳукм ҳақида гапирмай туришлик ҳақида босим қилишган. Биз бу ҳақда энди хабар топаяпмиз. Ўзи ҳозир Ўзбекистонда таниқли шахслар устидан суд жараёнларида сир тутилиб ҳукмлар ўқиляпти. Ҳукумат ахборот чиқиб кетмаслиги учун ҳамма ҳаракатни қилаяпти, дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли.

Айни пайтда Озодлик манбалари суҳбатлашган Нусратовни қамоқда кўрганлар Навоий колониясида жазо муддатини ўтаётган собиқ депутатнинг соғлиги ёмонлашгани ва ниҳоятда озиб кетганини айтган.

"Шуҳрат ака ниҳоятда озиб, бир сиқим бўлиб қолган", деб айтган исми сир қолишини истаган собиқ маҳбуслардан бири.

Сиёсатдан узоқлашган ва сўнгги 20 йил мобайнида асосан тадбиркорлик билан шуғулланган 65 яшар Шуҳрат Нусратов қамалгунга қадар Тошкентдаги пиво ишлаб чиқарувчи "Сarlsberg Uzbekistan" ширкати бошқарувчиларидан бири бўлиб ишлаган.

- Ўтган йил ширкатда текширув ўтказилган ва иқтисодий айбловлар билан қамоққа олинган. Энди менимча мақсад бўлган уни қаматиш, шунақа буйруқ келган бўлиши ҳам мумкин. Сабаби¸ ёши 65 да бўлган инсонга 7 йиллик қамоқ жуда оғир, дейди Суръат Икромов.

Шуҳрат Нусратов 1991 йилда Ўзбекистон Олий Кенгашининг 7-сессиясида Миллий хавфсизлик хизматини шахсан президентга бўйсундиришга қаратилган “Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ташкил қилиш тўғрисида” ги қонунга қарши гапирган эди.

“Разведка ва контрразведка органлари барча техник воситалари билан биргаликда битта одам¸ яъни Каримовнинг қўлига бериб қўйилмоқда. Бу мумкин бўлмаган бир нарса. Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса¸ бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни қамашади”, деган эди 1991 йилда Ўзбекистон парламенти минбаридан туриб Нусратов.

Ўша сессиядаги нутқидан кўп ўтмай Шуҳрат Нусратов Куйбишев туман (ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) партия қўмитасининг биринчи котиби лавозимидан олинди.

Канадада яшайдиган ўзбекистонлик журналист Исмат Хушев собиқ депутатнинг қамалишига Каримовнинг узоқ йиллик кин-адовати сабаб бўлган, деган фикрда эмас.

- Ўша пайтда унга тегишмаган. Орадан ўтган қатор йилларда Шуҳрат ака сиёсатдан узоқлашиб, ҳеч нарсага аралашмай, тинчгина ўз бизнесини қилиб юрган эди. Мен хориж эллар сари юз тутишдан олдин ТТЗ тарафлардаги Шуҳрат аканинг тинч ва сокин қаҳвахонасига бориб, икки кружкадан пиво ичиб, у киши билан дардлашиб, хайрлашган эдим. Ўшанда у киши менга президентдан миннатдор эканини, ўша айтган сўзлари аслида тўғри бўлгани учун ҳам мана 15 йилки, унга тегинишмаганини ажиб бир қониқиш ва миннатдорлик билан баён қилган эди. Молиявий ишкалликлар боис ҳибсга олинган Шуҳрат ака 7 йиллик қамоқ жазосига юз тутганини биз яқинда Навий қамоқхонасига бориб, уни кўриб, ҳолидан хабар олиб қайтган умумий танишимиздан эшитиб билдик. 15 йил индамаган мамлакат раҳбари йигирманчи йилда ушлаб қаманглар¸ деб айтмаса керак, дейди Исмат Хушев.

Айни пайтда собиқ депутат Шуҳрат Нусратовнинг Тошкентдаги оила аъзолари сукут сақламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG