Линклар

logo-print

Сирдарёда аҳоли тинчини бузган ўғрилар тўдаси қўлга тушди. Тошкентда “Роботжон” яратилди. Самарқандда супермаркетлардан ўйинчоқлар йиғиштириб олинмоқда. Ҳафта давомида матбуотда шу каби воқеалар ҳақида ахборот берилди.

Бепул... пуллик хизмат

Ўзбекистон Онкология илмий марказида даволанётган беморлар момиқ пахтадан уколгача ёнидан пул тўламоқда (“Новый век”, 30 август). Шифохона маъмурияти газета мухбирини даволаниш ва дори-дармон бепул эканига ишонтиришга уринган. Аммо суриштирув чоғида беморлардан бири даволаниш учун 5000 доллар сарфлаганини айтган. Бошқалар билан суҳбатда аён бўлишича, “бепул” дори-дармон олиш учун кимдир машинасини, кимдир молини сотган. Беморлар, шунингдек, шифокорларнинг қўполлиги, дориларнинг сунъий равишда ошириб юборилишидан арз қилган. Қайд этилишича, дори-дармон баҳоси 2000 долларгача етган, Россияда ишлаб чиқарилган Provenge препарати эса 93 минг долларни ташкил қилмоқда.

Нашрга кўра, операциялар ҳам хасталарга оғирлик қилмоқда. “Тиббий муассасаларимизда ҳар қандай операция учун пул олиниши аллақачон ҳаммага маълум, аммо беморлар ҳам, шифокорлар ҳам бу ҳақда оғиз очмайди”, дея вазиятни шарҳлайди муаллиф.

“Новый век” газетасига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 18-19 минг кишида онкологик хасталиклар аниқланади.

“Халқ сўзи” гўштни 12 минг сўм қилиб юборди

Юнусобод бозорида ташкил қилинган савдо ярмаркасида вилоятлардан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари 30 фоизгача арзонлаштирилган нархда сотилмоқда (“Халқ сўзи” 29 август). Ҳукумат нашрига кўра, мол гўштини 12 минг сўмдан олиш мумкин. Маҳаллий аҳоли эса бундай “кўргазмали” баҳода маҳсулот олиш имконсиз эканини айтиб келади. Газетага кўра, тошкентликлар ҳозиргача 15,2 тонна мол гўшти, 12,5 тонна қўш гўшти, 221 тонна картошка, 272 тонна пиёз, 775 тонна сабзавот, 201 тонна мева ва 14 тонна гуруч харид қилган.

Одамлар тинчини бузган ўғрилар тўдаси судга тортилди

Сирдарёда шов-шувли ўғриликлар қилиб, одамлар тинчини бузган жиноий тўда қўлга тушди (“Адолат кўзгуси”, 30 август). Етти кишилик тўдага хавфли рецидивист Достон Матвалиев бошчилик қилган. Боёвут прокурори Муҳаммад Бекмурзаевга кўра, гуруҳ бир неча ой давомида 15 дан ошиқ жиноят содир этган. Қўша-қўша компьютерлар, принтерлар, офис жиҳозлари, маиший техника каби қиймати бир неча юз миллион сўмни ташкил этувчи қимматбаҳо буюмлар “ўлжа”га айланган.
Жиноят ишлари бўйича Боёвут суди тўдабоши Достон Матвалиевни 13 йилга озодликдан маҳрум қилган. Гуруҳнинг қолган аъзоларига 9 йилгача қамоқ жазоси тайинланган.

Ўзбекистонда “Роботжон” яратилди

Тошкентдаги Турин политехника университети ўқув марказида янги робот яратилди. “Адолат” газетасининг ёзишича, “СМ-WVCR1” деб номланган робот мустақил ҳаракатланади, эшитади ва кўради. Уни овоз орқали бошқариш, телефон орқали буйруқ бериш мумкин. Қурилма саноат, қурилишда инсон учун хавфли юмушларни бажаради. Газета робот ишлаб чиқариш қанчага тушгани, темиртан яратиқлар одамлар оғирини қачондан енгил қила бошлаши ҳақида хабар бермаган. Лекин бу ихтиро “ўзбек илм-фанидаги оламшумул кашфиёт” деб аталган.

Газетага кўра, шунингдек, “Роботжон” деб аталган ўзбек ва инглиз тилида гапирадиган робот ҳам яратилган. Айтилишича, у меҳмонларни кутиб олиш – экскурсоводлик қобилиятига эга.

Одил Аҳмедов икки ойсиз майдонга қайтмайди

Ўзбекистон миллий термаси ва Махачқалъанинг “Анжи” клуби футболчиси Одил Аҳмедов икки ойча футбол ўйнай олмайди (“Бизнес Вестник Востока” 29 август). Голландиянинг “Витесс” клубига қарши ўйинда оёғидан жароҳат олган футболчи Мюнхен шаҳрида операция столига ётган. Айни пайтда муолажаларни давом эттираётган футболчи Ўзбекистон термасининг Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида 11 сентябр кунги Жанубий Кореяга қарши ўйинида майдон тушмайди.

“Иморатни бузиш ҳақида 6 ой олдин маълум қилиш керак!”

Ўзбекистонда шаҳарларни қайта қуриш муносабати билан аҳоли туражойларини огоҳлантиришсиз бузиб ташлаш ёки уй учун етарли товон тўламаслик кўп кузатилади.

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Собир Саидовнинг “Даракчи” газетасига айтишича, “аҳоли яшаб турган ер участка майдонлари бугун режага киритилиб, эртага бузиб ташланишига асло йўл қўйилмайди”.

Мансабдорга кўра, ер участкасини олиб қўйиш, иморатларни бузиш, дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги қарор мулк эгаларига 6 ой аввал маълум қилиниши керак. Архитектура ва қурилиш идораси расмийсининг ишонтиришича, огоҳлантиришсиз бузиб ташлашлар ҳақида судга мурожаат этиш мумкин.

Супермаркетлардан ўйинчоқлар йиғиштириб олинмоқда

Болалар ўйинчоқлари билан савдо қилувчи масканларда текширувлар ўтказилмоқда. “Ҳуқуқ оламида” газетасига кўра, Самарқанд шаҳридаги “Registon kelajak savdo” cупермаркетидан 2 миллион дона ўйинчоқ йиғиштириб олинган. Шаҳардаги яна бир неча савдо шахобчаларидан ноқонуний деб ҳисобланган маҳсулотлар мусодара қилинган.

Айтилишича, чегарада ҳам ўйинчоқлар контрабандасига қарши кураш кучайтирилди. Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан бери ўйинчоқ контрабандасига дахлдор 84 та ҳолат аниқланган, 143 мингта маҳсулот олиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG