Линклар

БМТнинг янги элчиси Сурияда урушаётган томонларни музокара бошлашга чақирди


БМТнинг Сурия бўйича янги элчиси Лаҳдор Браҳимий Суриядаги ўзаро курашаётган томонларни қуролли тўқнашувни бас қилиб, музокара бошлашга чақирди.

Халқаро элчи бу чақириқ биринчи навбатда мамлакат расмийларига тегишли эканини қайд этди.

Янги элчи мақомидаги ишининг дастлабки куни “Ал-Арабия” телекомпаниясига интервю берган Браҳимий Сурияда ўзгаришлар бўлиши зарурлигини ва бу зудлик билан амалга оширилиши шартлигини таъкидлади. Янги элчи бу ўзгаришлар Сурия элининг “қонуний талаблари”ни қондириши лозимлигига ишора қилди.

Айни пайтда БМТ элчиси Суриядаги зиддиятга ташқи ҳарбий аралашув эҳтимолини рад қилди ва “бундай аралашув дипломатик уринишлар барбод бўлганини англатган бўларди”, дея билдирди.

Жазоирлик дипломат Лаҳдор Браҳимий ўз режаси барбод бўлганини эътироф этиб, ўтган ой бу лавозимдан истеъфо берган Кофи Аннан ўрнига келган.

БМТнинг янги элчиси баёноти қабатида Сурияда ҳукумат қўшинлари билан исёнчилар ўртасида мамлакатдаги ҳарбий авиация базалари устидан назорат ўрнатиш учун шиддатли жанглар бораётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Қароргоҳи Лондонда бўлган суриялик ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, исёнчилар Ироқ билан чегара яқинидаги Албу Камол базасини эгаллаб олишга муваффақ бўлган. Улар ер-осмон русумидаги кўплаб ракеталарни қўлга киритгани ва ҳарбий ҳаво ҳужумига қарши кучларнинг 16 нафар ҳарбийсини асир олгани айтилмоқда. Бироқ бу маълумотлар ҳали бошқа манбалар томонидан тасдиқланганича йўқ.
XS
SM
MD
LG