Линклар

Ўзбек мухолифатчилари Истанбулдаги консулхонани пикет қилди


Ўзбекистон Халқ ҳаракати томонидан Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси олдида ўтказилган пикетдан лавҳа, 2012 йилнинг 1 сентябри.

Ўзбекистон Халқ ҳаракати томонидан Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси олдида ўтказилган пикетдан лавҳа, 2012 йилнинг 1 сентябри.

1 cентябр куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси қаршисида пикет уюштирди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин маълум қилди.

Унинг айтишича, мустақилликнинг 21 йиллиги муносабати билан ўтказилган бу намойишда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг истеъфоси талаб қилинган.

Намоз Нормўмин: Бу пикетда Туркияда янги ташкил қилинган “Ўзбеклар бирлиги” жамияти аъзолари бор эди, шунингдек, Туркия жамоатчилиги вакиллари бор эди.

Озодлик: У ердаги асосий талабингиз нимадан иборат бўлди?

Намоз Нормўмин: Ўзбекистон мустақил бўлиб, дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат пайдо бўлиши билан бирга Ўзбекистонда жуда қаттиқ, зўравонликка асосланган бир режим, яъни диктатура режими ўрнатилди. Бизнинг асосий талабимиз - мана шу режимнинг ўзгартирилиши ва бу режим ўзгартирилар экан, унинг эркинлик, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, адолат каби тамалларга асосланган, ҳозирги ривожланган мамлакатлардагига ўхшаш, айни пайтда халқимизнинг эътиқодий, миллий, тарихий қадриятларини эътиборга оладиган, халқимизга ярашадиган бир фуқаровий жамиятни ( буни алоҳида таъкидлайман), яъни диктатура эмас, балки халқнинг ўз иродаси билан ўртага чиқадиган бир фуқаровий жамиятни ўрнатиш талабини қўйдик. Буни биз олдиндан ҳам айтиб келаяпмиз. Чунки Ўзбекистондаги мавжуд режим – Каримовнинг диктатураси бутун дунё тарафидан айнан диктатура деб эътироф қилинган, фақатгина сўзда эмас, дейлик, Франциянинг судида ҳам тасдиқланган. Яқинда Швеция судида ҳам Обид қори суиқасди бўйича масала кўрилганда бу Ўзбекистондан келган қотил томонидан амалга оширилгани маҳкама томонидан тасдиқланди. Бутун дунёдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи жамиятлар ва бошқа озодлик тарафдори бўлган ташкилотларнинг ҳаммаси Ўзбекистондаги режимни “диктатура режими” деб атайди, бу фақат мухолифатнинггина иддаоси эмас. Биз Ўзбекистондаги режим ҳақидаги мана шу умумий хулосадан келиб чиқиб, унинг ўзгартирилишини талаб қилаяпмиз ва ўзгартирилар экан, айтганимдек, бу ерда бир озод жамият ўрнатилишини талаб қилаяпмиз.

Аммо, суҳбатдошимизнинг айтишича, кеча ўтказилган акция чоғида Ўзбекистон консулхонасидан уларнинг олдига ҳеч ким чиқмаган. Намоз Нормўмин тахминича, бу 1 сентябр куни Ўзбекистон дипломатлари дам олгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Айни пайтда кечаги тадбирнинг бошқа бир фаол иштирокчиси, “Ўзбеклар бирлиги” жамияти раҳбари Одам Чевикнинг айтишича, пикетчилар ўзбек дипломатларини ҳам истеъфога кетишга чақирганлар.

- Консулларнинг ҳам истеъфо беришини истаяпмиз. Чунки улар истеъфога чиқмаслик қабатида золим диктаторга шерик бўлгандек бўлаяптилар, - дер экан Одам Чевик ўзбек дипломатлари ҳам мухолифатчиларга қўшилишга чорланганини айтди.

Одам Чевикнинг айтишича, пикетда Анқарадан Туркиядаги депортация марказларида тутиб турилган ўзбекистонлик муҳожирларни Тошкентга топширмаслик ҳам талаб қилинган.

“Бундай пикетлар натижа беришига ишонасизми?” деган саволимизга Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Муассислар Мажлиси аъзоси ва мувофиқлаштирувчиси Намоз Нормўмин ишонч билан тасдиқ жавобини берди:

Намоз Нормўмин: Албатта натижа бўлади. Энди бунинг акс-садоси бўлади. Биринчи навбатда, дунё жамоатчилигига Ўзбекистон халқининг ичида ҳам мана шундай тараққиёт йўлида бўлган вакиллар борлигини ва буни асосан Ўзбекистон Халқ ҳаракати ташкил қилишини кўрсатдик. Бу албатта дунё жамоатчилигига ва энг муҳими, Ўзбекистондаги халқимизга катта таъсир қилади, деб ўйлаймиз. Ўзбекистондаги ҳукумат вакилларига ҳам бу қаттиқ огоҳлантириш бўлади. Биз ҳукуматдан талаб қилиб келаяпмиз “Ўз сиёсатингни ўзгартир” деб. Шояд ўзгартирса. Биласиз, халқлар бу зулмга мангу чидай олмайди. Агар Ўзбекистонда диктатура режими давом этадиган бўлса, халқ бу ҳақда ўзининг ниҳоий қарорини ҳам бериши мумкин.

Айни пайтда суҳбатдошимиз, агар Ўзбекистон расмийлари эл талабини эътиборсиз қолдиришда давом этаверса, ўз сафдошлари халқ оёққа қалқиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаётганини қўшимча қилди.

- Фақат биз истардикки, диктатурадан тинч жамиятга ўтишда халққа ҳам, давлатга ҳам, умуман ҳеч кимга зарар етмасдан, тинчлик йўли билан янги режимга ўтилсин. Агар халқнинг ичида, дейлик, бир қўзғолон рўй бериб, ҳукумат бунга қарши Андижон воқеасига ўхшаб қаттиқ чоралар кўрадиган бўлса, ҳукуматнинг ўзи масъул бўлиб қолади. Мустақиллик байрами бугун, аммо биз айтишга мажбурмиз – бу ҳукуматнинг 21 йил ичида қилган жиноятларини халқимиз ва дунё жамоатчилиги яхши билади. Ўйлаймизки, бундан буён ҳукумат ўзини бундай кескин ва қатъий ҳаракатлардан тияди, - деди Ўзбекистон Халқ ҳаракати Муассислар Мажлиси аъзоси Намоз Нормўмин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG