Линклар

logo-print

Бишкекда парламент тарқатилиши тарафдорлари митингга чиқди


Қирғизистон парламентининг ялпи мажлисидан лавҳа.

Қирғизистон парламентининг ялпи мажлисидан лавҳа.

Қирғизистон пойтахтидаги парламент биноси олдида бугун Жўғўрқу Кенешни тарқатиш бўйича ташаббус гуруҳининг 15 дан зиёд вакили норозилик намойиши ўтказди.

“Мамлакат парламентини коррупционерлар босиб кетди” дея иддао қилаётган норозилар Жўғўрқу Кенеш тарқатилишини талаб қилдилар.

Митинг ташкилотчиларидан бири, “Пок жамият учун” ҳаракати лидери Ирисбай Сарнўғўевнинг айтишича, норозилар ўз талаблари бажарилмагунича намойишларни тўхтатмоқчи эмас.

- Жўғўрқу Кенеш тарқамагунча, Қирғизистондаги аҳвол ўнгланмайди. Буларнинг ўйи - мансаб, портфел, коррупцияни кучайтириш. Еб-ичган депутатлар қамалаётганини кўриб турибсиз. Буларнинг ҳаммаси факт эмасми? – деди Ирисбай Сарнўғўев.

Аввалроқ “Ата Мекен” фракцияси лидери Ўмурбек Текебаев бошчилигидаги айрим депутатлар “парламентни тарқатиш учун ҳеч қанақа асос йўқ”лигини билдиргандилар.

Аснода бугун Қирғизистон парламенти аъзолари икки ойлик таътилдан кейин яна ўз вазифаларини бажаришга киришди.

Тушдан кейин парламентда коалицион кўпчилик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

- Бу коалицион кўпчиликка “Ар Намис”, социал-демократлар ва “Ата Мекен” фракциялари кирди, - деди парламентдаги социал-демократлар фракцияси лидери Чинибай Турсунбеков.

Маълумотларга кўра, “Интимақ” деб номланмиш янги коалицияга кирган фракциялар “Ар Намис” лидери Феликс Қуловни коалиция раҳбари, ҳеч қайси партияга мансуб бўлмаган Жантўрў Сатибалдиевни эса Бош вазир лавозимига кўрсатиш ҳақида бир битимга келганлар.

Парламентдаги қолган фракциялар - “Ата Журт” ва “Республика” эса мухолифатда қолди. Айни пайтда ҳукмрон коалицияга кирган фракциялар билан “Ата Журт” вакили Хажимурат Қўрқмазов ва “Республика” вакили Қанат Исаев ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

Қирғизистонда “Республика” партияси лидери Ўмурбек Бабанов бошчилигидаги ҳукумат 22 август куни ҳукмрон коалициядан айрим фракциялар чиқиб кетиши ортидан тарқатиб юборилган эди.

Бабанов истеъфоси тўғрисидаги фармонни Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 1 сентябр куни имзолаган.

Янги ҳукумат тузилгунига қадар Бош вазир вазифасини бажариб туриш собиқ вице-премьер Али Қарашевга топширилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG