Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:33

Тошкентдаги талабалар пахтага йўл олди


Автобуслар карвони Тошкентдан ишчи хизматчию талабаларни пахта далаларига таший бошлади.
Автобуслар карвони Тошкентдан ишчи хизматчию талабаларни пахта далаларига таший бошлади.

2 сентябрдан бошлаб пахта теримига сафарбар қилинган талаба ва олий ўқув юрти ходимларга камида икки ой беминнат теримчилик мажбурияти юклатилмоқда.

Ҳамма пахтага

2 сентябр куни Тошкент Педиатрия Тиббиёт институтининг ходимлари, ўқитувчилари ва магистрлари Тошкент Жанубий темир йўл вокзалидан пахта терими учун Жиззах вилоятига жўнаб кетди.

Институт қабулхонаси телефон гўшагини кўтарган ходимга кўра, бу олийгоҳнинг бакалавр бўлимида таҳсил олаётган талабалар бу йил пахтага чиқарилмайди.

- Кеча Жанубий вокзалдан Жиззахга кетишди. Магистрлар, ординаторлар ва ўқитувчиларимиз жўнаб кетишди. Ректор енгил машинада кетди. Лекин талабалар кетишгани йўқ, улар ўқишда, - деди Тошкент Педиатрия Тиббиёт Институтининг ўзини таништирмаган ходими.

Тошкент Тўқимачилик ва енгил саноат институтидан эса талабалар ҳам пахтага чиқарилмоқда. Бу институтга ажратилган вагонлар 4 сентябр куни Сирдарёга отланади.

- Йўл ҳаражатларини давлатнинг ўзи тўлайди. Бизга иккита вагон берган. Бизнинг институтдан ҳамма ўғил болалар пахтага кетади. Қизларни қолдирамиз, - деди институнинг ўзини таништирмаган ходими.

Шунингдек, Тошкент Давлат Аграр университетининг талабаларига ҳам 4 сентябр куни соат 12 га Жанубий темир йўл вокзалига етиб келиш тайинланган.

- Эртадан пахта. Соат 12 га темир йўл вокзалга бориб туради. Вокзалдан олиб кетилади. Сирдарё вилоятига, - деди университетнинг ўзини таништирмаган ходими.

Жанубий темир йўл вокзалидан олинган маълумотга кўра, талабалар ва уларнинг устозлари гуррас-гуррас пахта теримига йўл олган икки вилоятга Ўзбекистон Темир йўллари акциядорлик компанияси томонидан махсус составлар ажратилган.

- Масалан, Жиззахга поезд қатнамайди. Ҳозир 5 кунлик муддатга махсус составлар ташкил қилинди. Ҳаражатлари ҳар бир ташкилотнинг ўзи томонидан тўланади, - деди Жанубий темир йўл вокзали ходими.

Теримчилар қулай автобусларда ташилади

3 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг шаҳарга туташган қатор районларидаги автобус саройларидан ажратилган автобуслар карвонлари ҳам пахта йиғим-терими кампаниясида беминнат хизмат кўрсатиш учун Жиззах ва Сирдарё йўл олди.

Олий таълим муассасалари ходимлари олийгоҳ ҳисобидан поездда пахтага отланган кезда автосаройларнинг автобуслари бўм-бўш йўлга тушди.

- Бугун тонгдан бизникилар Сирдарёга кетишди. Биздан 7 та автобус ажратилди. Автобусларимиз бўш кетди. Сирдарёга борганидан кейин ўша ердаги теримчиларни пахтазорга олиб бориб, олиб келади,- дейди Чирчиқ шаҳридаги автобус саройи ходими.

Вилоятларга ёрдамга борган шаҳар транспортлари ўша ердаги теримчиларни пахтага ташиш билан машғул бўлади.

- Машиналаримиз бўш кетадида, кейин ўша ердаги ҳарбий қисм бўладими, қишлоқларнинг яшовчилари бўладими - булар уларни пахтага ташийди. Пахтага чиқадиганлар боғча, мактаб, коллежларнинг ходимлари бўлади. Мактаблардан ўқувчилар бўлади. Ҳаммаси шу давлатга қарашли ташкилотларда,- дейди Тошкент шаҳридаги автобус саройларидан бирининг ходими.

Бу суҳбатдошимизнинг ўзи ҳам ўтган йили Сирдарё вилоятидаги пахта йиғим-терим кампаниясида қатнашган. Бу йилги кампанияда ҳам қатнашишга тайёр турганини айтади.

- Бизда иккита вариант бор: ё ходим ажратамиз, ёки транспорт. Иккаласиниям ажратинг, дейишса ажратишга тайёрмиз. Кўпга келган тўй бу,- дейди автосарой ходими.

Тошкент шаҳридаги қатор автобус саройларидан олинган маълумотларга кўра, шаҳарлик теримчиларни пахатага йўллаш кампанияси учун бу йил ҳар йилгидан кўпроқ транспорт ажратиш ҳақида кўрсатма бўлган.

- Жума куни биздан юқорида турувчи шаҳар автосаройлари уюшмасидан кўрсатма келдида, автобус ажратинглар, деб. 26 та дейишган эди, энди яна 5 та ажратинг, дейишяпти. Жами 31 та автобус кетади. Биздан бу йил пахта теришга чиқиш учун 20 кишинининг рўйхатини берганмиз. Бизнинг колонна эртага йўлга чиқади, - деди Тошкент шаҳридаги автобус саройларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Маълумотларга кўра, 5 сентябрдан Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари, таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимларини ҳам бир кунлик, 10 кунлик ёки ундан кўпроқ муддатга пахта теримига жўнатиш ҳақида аниқ кўрсатма бўлиши кутилмоқда.

- 3 сентябрдан 5 сентябргача аниқ указание келади, деб айтилган бизга. Шунинг учун тайёр турибмиз, - деди тошкентлик суҳбатдош.

Ҳозирча, Жиззах вилоятида пахта-йиғим терим кампанияси бошлангани ҳақида маълумот бор.

Жиззах вилоятидаги бир қатор ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, 2 сентябрдан бошлаб вилоятдаги маҳаллалар ва бюжет ташкилотларининг ходимлари пахта теримига чиқишни бошлаган.

Сирдарё вилоятида эса пахта терими 5 сентябрдан бошланиши эълон қилинган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG