Линклар

АТЭС саммити олдидан Владивосток мигрантлардан тозаланди


АТЭС саммити учун барпо қилинган иншоотлар қурилишида ўзбек муҳожирлари меҳнати синган.

АТЭС саммити учун барпо қилинган иншоотлар қурилишида ўзбек муҳожирлари меҳнати синган.

Приморье полицияси ва Миграция хизмати Владивостокда бошланган АТЭС-2012 саммити олдидан мигрантлар устидан назоратни кучайтирди. Янги йилгача Владивостокда меҳнат муҳожирларига квоталар ажратиш тўхтатилгани айтилмоқда.

2 сентябр куни Владивостокда 24-чи Осиё-Тинч океан иқтисодий ҳамкорлигига аъзо давлатлар саммити ўз ишини бошлади. Бир ҳафта давом этадиган АТЭС-2012 халқаро иқтисодий анжуман 8-9 сентябр куни ташкилотга аъзо 21 мамлакат раҳбарлари учрашуви билан якунланиши режалаштирилган.

Саммитнинг асосий форумлари Владивосток ёнида жойлашган Русский оролидаги иншоотларда ўтказилмоқда. 2007 йилдан буён Русский оролида барпо этилаётган бу бинолар қурилишига асосан хорижлик мардикорлар жалб қилинди.

Шунга қарамасдан, Владивостокда ва умуман Приморье ўлкасида хориж фуқаролари устидан назорат кучайтирилгани, маҳаллий Миграция хизмати юзлаб мардикорларни чиқариб юбораётгани хабар қилинмоқда.

Миграция хизмати вакили, Озодлик билан суҳбатда, 2012 йил бошидан буён Приморьедан жами 1216 меҳнат муҳожири чиқариб юборилганини маълум қилди.

Саммит бошланишидан олдин Приморье ўлкаси суд приставлари 310 нафар хорижлик, жумладан Ўзбекистон, Тожикистон, Хитой, Туркия, Вьетнам, Озарбайжон фуқаролари депортация қилгани айтилмоқда.

Россия Минтақа тараққиёти вазирлиги хабарига кўра, давлат бюджетидан АТЭС саммити ўтказиладиган иншоотлар қурилишига 665 миллиард рубл сарфланган, яна 14 миллиард рубл маблағ ўзлаштирилмасдан қолган: Русский оролида иккита меҳмонхона, опера ва балет театри, спорткомплекс, кўнгилочар комплекс ва Уссурия иссиқлик электростанцияси қурилиши якунига етмаган.

Приморье ўлкаси бўйича Федерал миграция хизмати раҳбари муовини Эвелина Гонтова журналистлар олдида қилган чиқишида АТЭС-2012 саммити қурилишларида жами 15 минг одам ишлагани, ҳозирда битмаган қурилиш объектларида 4 мингга яқин юқори малакали мутахассислар қолганини гапиради.

- Бугунги кунда Узоқ Шарқ Федерал Университети (ДВФУ) объектлари қурилиши битмаган, чунки уни топшириш муддати 2012 йилнинг декабри этиб белгиланган. Ҳозирда 3 мингдан ортиқ хориж ишчиларини легаллаштириш, яъни Русский оролида қонуний меҳнат қилишга рухсатнома беришга тайёргарлик кўряпмиз. Приморье учун АТЭС саммити тадбирларини ўтказишга мигрантларни жалб қилишнинг алоҳида тартиби жорий қилинди, дейди Эвелина Гонтова.

Бунинг учун, Миграция хизмати расмийсига кўра, 25 август куни юқорида кўрсатилган 3129 мардикор саммит якунлангунига қадар Русский оролидан ташқарига олиб чиқилган. Оролдаги бир нечта қурилиш объектлари учун масъул “Крокус” ширкати расмийлари бу ишчилар саммит якунланганидан кейин битмаган иншоотларни якунлаш учун қайта олиб кирилишини билдирди.

“Федерал миграция хизмати Приморье полицияси ёрдамида ҳақиқатан миграция вазияти устидан назоратни кучайтирди”, дея бунинг сабабларини тушунтиришни давом этади Эвелина Гонтова.

- Меҳнат муҳожирлари ишчи кучига бўлган квота иш берувчилар талаблари асосида шакллантирилади ва РФ ҳукумати томонидан тузилади. 2012 йилга Приморье ўлкасига квота 29 минг 445 одам қилиб белгиланган. Жумладан, 3085 та квота МДҲ давлатларидан келган ишчиларга ажратилган. Бугунга келиб бу квота тўлиқ тақсимлаб бўлинган. Бизда ҳозир фақат виза асосида келаётган меҳнат муҳожирларига ажратилган квоталар қолди, холос, дея маълум қилди Приморе ўлкаси бўйича Федерал миграция хизмати раҳбари муовини Эвелина Гонтова.

Приморье Миграция хизматидан олинган маълумотда келтирилишича, бугунги кунда ўлкада жами 44 мингдан зиёд мигрантлар мавжуд. Улардан 20 минги Хитой фуқаролари бўлса, 12 минг 500 киши ўзбекистонликлардир.

Приморьеда қолиш ва легаллашиш ниятида бўлган меҳнат муҳожирлари патент расмийлаштиришга ўринмоқда. Приморье Миграция хизмати вакиласи Эвелина Гонтова биргина 2012 йилнинг ўзида минтақада 10 мингдан зиёд меҳнат патентлари берилганини маълум қилди.

Владивостокдаги “Турон” ўзбеклар жамияти раиси Баҳодир Мурзоқов Озодлик билан суҳбатда шаҳарда вазият тинч экани, мигрантлар сони кескин камайиб қолганини тасдиқлаб шундай деди.

- Вазият тинч. Саммит бўйича бир телефон қилишди – депортация бўлади, текширув кучли бўлади, деган гаплар бўлди, лекин унақа нарса бўлгани йўқ. Иш кўп, лекин ишга рухсатнома тугаган: 3 йиллик РВП (вақтинча яшаш учун рухсатнома-таҳр.) ҳам тугаган, 1 йиллик разрешение ҳам тугаган. Ҳозир фақат патент қилиняпти, лекин биласиз, у хусусий шахсларникида ишланади. Шунинг учун патенти бор одамларга ҳам проблема бўляпти, йўқлари ушлаб штраф қилиняпти, депорт қилиняпти. Бунинг ҳаммаси қонуний бўляпти. Документ қилиш энди янги йилгача қийинроқ бўлади. Ваҳима кўпроқ қилинди, охири ҳеч нарса бўлгани ҳам йўқ. Ваҳимадан қўрққан одамларнинг кўпчилиги кетворишди. Кетаётган автобусларга кириб-чиқсангиз 30-40 фоизи ўзбеклар бўлади. Ҳозир битта-иккита кўрсангиз кўрасиз, камайиб кетган мардикорлар. Шаҳарнинг ўзида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ, чунки саммит Русский оролида бўляпти,- дейди Владивосток ўзбеклар жамияти раиси Баҳодир Мурзоқов.

Приморьедаги ортиқча ишчи кучининг пайдо бўлишига Россия Минтақа тараққиёти вазирлиги томонидан Русский оролидаги АТЭС саммити иншоотлари қурилишига квотадан ташқари мардикорлар жалб қилишга рухсат бергани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

АТЭС – жаҳоннинг энг йирик иқтисодий бирлашмаси бўлиб, жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 57 фоизи ва жаҳон савдосининг 48 фоизини назорат қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG