Линклар

logo-print

“Олигарх”дан тортиб олинган автомобиллар музейдан ўрин олади


Дмитрий Лим шахсий гаражида ўнлаб кўҳна автомобиллар топилган.

Дмитрий Лим шахсий гаражида ўнлаб кўҳна автомобиллар топилган.

Тошкентдаги бир нечта улгуржи бозорларнинг собиқ эгаси¸ ҳозирда қидирувда бўлган тадбиркор Дмитрий Лимга тегишли безак ашëлари¸ артефакт ва ретро автотранспортлар коллекцияси музейга топшириладиган бўлди.

Тадбиркордан мусодара қилинган ва бир қисми музейга топшириладиган¸ мол-мулк¸ олтин безак ашëлари¸ ҳамда нодир автомобилларнинг рўйхати 2 варақ ва 10 иловадан иборат ҳужжатга жо бўлгани айтилмоқда.

Бу ҳужжатни ўз кўзи билан кўрган Озодлик манбасига кўра¸ Дмитрий Лим жамламасидаги 77 ретро автомобил янги ташкил қилинадиган музейдан ўрин олади.

Дмитрий Лим йиққан эски автомобиллар Ўзбекистонда илк бора ташкил қилинаëтган Ретро автомобил ва мотоцикллар музейининг асосий коллекциясидан ўрин оладиган бўлди.

Айни пайтда Дмитрий Лимдан тортиб олинган қадимий ашë ва автомобиллар Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлигининг санъатшунослари тарафидан ўрганилмоқда.

(Дмитрий Лим уйида ўтказилган тинтув туширилгани айтилган бу видеони Озодлик муштарийларидан бири таҳририятимизга юборган эди.)

Вазирликнинг музейлар бўлимида ишловчи санъатшунос аëл¸ исми айтилмаслик шарти билан, баъзи тафсилотларни Озодликка маълум қилди.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистонда шу пайтгача ретро автомобиллар музейи бўлмаган. Ўзбекистон Давлат санъат музейида эса бундай автомобилларга оид бўлим мавжуд эмас. (Шундай бўлимлар Эрмитаж¸ Лувр¸ Тўпқопи каби санъат музейларида мавжуд.)

Шу боис давлат тасарруфидаги алоҳида бинодан иборат ретро автомобил ва мотоцикллар музейи ташкил қилиш ғояси туғилди дея маълум қилди ўзбекистонлик санъатшунос.

Шу пайтгача Ўзбекистон музейларида хонларга оид извош ҳамда аравалар экспонат ўлароқ сақлаб келинган¸ аммо автомобиллар бўлмаган дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонда ретро автомобиллар музейи ташкил қилиниш юзасидан фикр сўраб Ўзбекистон Давлат Санъат музейига қўнғироқ қилдик.

Ўзини музей директори деб таништирган, лекин исмини айтишдан бош тортган киши Озодлик билан қисқа суҳбатда янги музей ҳақида ҳеч бир шаклда изоҳ бера олмаслигини узил кесил билдирди. "Бу масала билан маданият ва спорт ишлари вазирлигининг таҳлилий бўлими шуғулланади", деди директор.

Мусодара музейи

Ўзбекистон Давлат санъат музейидаги кўп экспонатлар мусодара қилинган асарлардан иборат экани айтилади.

Ўзбекистон Давлат Санъат музейида коллекция асосини ташкил қилувчи рус классик рангтасвир асарлар ўз вақтида Туркистон Генерал Губернатори Кауфманга ва бошқа чор амалдорларига тегишли бўлган.

Чор Россияси тугатилиб¸ бу худудларда СССР ташкил топгач хон¸ амир ва губернаторларга оид безак ашëлари¸ осори атиқалар мусодара қилиниб, музей фондларидан ўрин олган.

Ўзбекистон Давлат санъат музейида сақлануви зарбоб тўн ва қиличлар коллекцияси бир вақтлар Амир Олимхонга тегишли бўлган.

Амир Олимхон Афғонистонга қочганидан кейин эса, бу коллекция Ўзбекистон Давлат санъат музейи ихтиëрига ўтди.

Музей коллекцияси мусодара қилинган асарлар ҳисобига йиллар мобайнида кўпайиб боргани кузатилди.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонуни ҳам қадимий ашëлар (гилам¸ картина¸ заргарлик ва қандакорлик буюмлари) чет элга олиб чиқиладиган бўлса, махсус рухсатнома расмийлаштирилмоғи керак.

Бундай рухсатга эга бўлмаган асарлар контрабанда дея малакаланиб божхоначилар тарфидан мусодара қилинади.

Ана шундан кейин бу асарлар қийматига қараб маҳаллий музейлар фондига ўтказиб берилади.

Мусодара ва адолат мезонлари

Ўзбекистон музейларидан ўрин олган қадимий ашëлрар собиқ Совет даврида эгаларидан мусодара қилинган.

Мусодара қилишда адолат мезонларига амал қилинмагани қайта-қуриш¸ ошкоралик даврида эълон қилинган ҳужжатлардан маълум бўлган эди.

Коммунистик ўтмишга эга бўлган Болтиқ бўйи давлатлари ва Шарқий Европада бугунга келиб асоссиз мусодара қилинган асарлар эгаларига қайтарилган.

Ўзбекистоннинг яқин тарихида фақат бир ҳолатда ноëб мулкнинг эгасига қайтарилгани факти мавжуд.

1991 йилда Ўзбекистон Давлат тарих музейига оид бўлган Халифа Усмон Қуръон китоби Ўзбекистон мусулмонлари ихтиëрига қайтариб берилган эди.

Яна Лим мероси ҳақида

Бир пайтлар “Караван холдинг” ширкати ўзагини ташкил қилган бозорларнинг собиқ эгаси Дмитрий Лимнинг давлатга етказган зарари Ўзбекистон прокуратураси тарафидан 607 миллиард 410 миллион 410 минг 970 сўм дея билдирилган.

Бу сумма¸ Озодлик манбаси танишган ҳужжатга кўра¸ Тошкентдаги “Ипак йўли” банкига ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилиши керак.

Лимга оид бино ва қурилмалар давлат балансига ўтказилади.

Ноëб деб топилмаган 15 та янги автомобил эса божхона қўмитасига ўтиши билдирилган.

2009 йил декабрида, Конституция кунига бағишланган нутқида, Ислом Каримов “Ўзбекистонда жуда бойлар ҳам, жуда камбағаллар ҳам бўлмайди” деган тамойилни илгари сурган эди.

Ислом Каримов бу фикрни ундан кейин ҳам бир неча марта такрорлади ва кейинги 2-3 йил ичида ўзбекистонлик бир қанча йирик мулкдорлар, бизнесменларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиб, баъзилари ўз сармояларию корхоналаридан ажрагани бу тамойилнинг амалга кўчганини кўрсатади.

Бу тамойил амалга оша бошлаган 2009 йилда ҳибсга олинишдан қўрққан Дмитрий Даценович Лим Ўзбекистонни тарк қилган эди. Ҳозирда Ўзбекистон расмийлари томонидан қидирувда бўлган Лимнинг қаерда экани номаълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG