Линклар

logo-print

ШҲТ - "Инсон ҳуқуқларини бузиш учун машина"


ШҲТга аъзо давлатларнинг барчасида “авторитар режимлар ва ўзгача қарашдагиларга нисбатан репрессия мавжуд” экани эслатилади халқаро ташкилот ҳисоботида.

ШҲТга аъзо давлатларнинг барчасида “авторитар режимлар ва ўзгача қарашдагиларга нисбатан репрессия мавжуд” экани эслатилади халқаро ташкилот ҳисоботида.

Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси эълон қилган ҳисоботга кўра, ШҲТга кирувчи Россия ва Хитой ҳамда Маракзий Осиё давлатлари ташкилот низомида кўрсатилган шартлардан инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрларни бузиш учун фойдаланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси душанба куни эълон қилган ҳисоботида Россия ва Хитойдан ташқари Марказий Осиёнинг тўрт давлатини ўз ичига олувчи Шанхай ҳамкорлик ташкилотини “инсон ҳуқуқларини бузиш учун машина” дея атади.

Маркази Парижда жойлашган ташкилот тадқиқотчиларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ташкилот низомини инсон ҳуқуқларига оид халқаро меъёрларни беписанд қолдириш учун баҳона сифатида ишлатмоқда.

2001 йилда тузилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон аъзодир.

Бу ташкилот низомида аъзо давлатларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик қилишга чақирувчи бандлари бор.

Лекин Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳисоботи муаллифларидан бири, Гринвич Университети профессори Ричард Уйалднинг айтишича, мазкур ташкилот инсон ҳуқуқларидан кўра, унга аъзо мамлакатлар сарҳадлари ичидаги хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратади.

- Бу ерда, айтилаётган гаплар амалдаги ишларга тўғри келмаётганини қайд этиш лозим. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти низомида инсон ҳуқуқларига оид гаплар бор. Лекин амалда бу гаплар қандай қўлланилаётганига эътибор қаратадиган бўлсак, чегара ва хавфсизлик масалаларининг инсон ҳуқуқларидан устун қўйилаётганини кўришимиз мумкин. Бунда миллий озчиликлар, сиёсий мухолифат ва диний гуруҳларга босим бўлаётгани аниқ кўринади. Шунинг учун бу низом инсон ҳуқуқларининг кенг кўламда бузилишига ҳисса қўшаётганини айтиш мумкин, дейди профессор Уайлд.

Душанба куни очиқланган ҳисоботда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ШҲТга аъзо давлатларнинг барчасида “авторитар режимлар ва ўзгача қарашдагиларга нисбатан репрессия мавжуд” экани эслатилади.

Унда айтилишича, “бу режимлар диний, сиёсий ва инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан репрессияларни хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ҳаракатлари билан изоҳлашади". Шунингдек улар миллий ва диний озчиликларни “кўпинча экстремизмда айблаб”, таъқиб қилади.

Ҳисоботнинг катта қисми ШҲТ давлатлари ўртасида қочқинлар ва сиёсий бошпана сўраётган кишиларнинг эксртадиция қилинаётганига оид фактлардан иборат.

Уайлднинг айтишича, Шанхай конвенциясида ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳар бири бошқа аъзо давлат томонидан бирор шахсга нисбатан илгари сурилган террорчилик айбловини қабул қилиши шарт этиб кўрсатилган. Бунда террорчиликда айбланаётган шахснинг экстрадиция қилиниши учун далиллар ҳам талаб қилинмайди, дейди профессор.

- ШҲТ инсон ҳуқуқларига нисбатан реал таҳдиддир, чунки бир томондан у халқаро майдонда инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши ҳақида гапиради – низомида инсон ҳуқуқларига оид фикрларнинг борлигини назарда тутяпман – лекин бир пайтнинг ўзида бу ташкилот боис минтақа давлатлари ўртасида гумонланаётган шахслар ҳеч бир далилсиз экстрадиция қилинмоқда. Бунда халқаро меъёрларга амал қилиняптими, йўқми буни текшириш учун ҳеч қандай шаффофлик йўқ, дейди Ричард Уйалд.

Бундан ташқари ШҲТ давлатлари “террорчилик” тушунчасини давлатга қарши жиноятларга ҳам юклайди ҳамда “террорчилик”ни айирмачилик ва экстремизмга боғлайди.

Профессор Уайлд бу ҳолат ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳар бири бошқа аъзо давлатга қочиб ўтган диссидент ва сиёсий мухолифатчиларни “террорчилик”да айблаши ва уларнинг экстрадиция қилинишига йўл очиб бермоқда, дейди.

Кейинги беш-олти йил давомида Россиядан кўплаб ўзбекистонлик қочқинларнинг ҳеч бир асоссиз, нафақат халқаро қонунлар, балки Россия қонунчилигига ҳам зид тарзда экстрадиция қилингани Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳисоботида билдирилган фикрлар тасдиғидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG