Линклар

Германиянинг Der Spiegel ҳафталиги саволларига ўз адвокати орқали жавоб берган Россиядаги Pussy Riot панк-гуруҳи етакчиси Надежда Толоконникова, ўзи ва гуруҳдошларининг қамоққа ташланиши Путин режимининг асл башарасини фош қилганини билдирди.

“Ҳеч қандай жиноят қилмаганимиз ҳолда¸ бизни икки йиллик қамоққа ҳукм қилиш орқали бу тузум ўзига ўзи ҳукм чиқарди. Мени шу нарса хурсанд қилмоқда”¸ деб ëзади ўз жавобида қилмишидан мутлақ пушаймон эмаслигини таъкидлаган Толоконникова.

“Мен Россияни севаман¸ аммо Путинни кўргани кўзим йўқ. Путиннинг ҳар нарсага қодирлиги ҳам¸ бу қудратнинг чексизлиги ҳам ëлғон. Ўз қудратига ишонган давлат раҳбарининг калласига мухолифатнинг уч фаол қизини бундай жазолаш мутлақ келмайди. Мен қизим эркин мамлакатда яшаши учун курашаëтирман”¸ дейди немис журнали билан интервюда Pussy Riot етакчиси.

17 август куни Москванинг Хамовнический суди Pussy Riot аъзолари бўлган Мария Алёхина, Надежда Толоконникова ҳамда Екатерина Самуцевични Исо Масиҳ ибодатхонасида безорилик қилганликда айбдор деб топиб, икки йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG