Линклар

logo-print

Фарғонада Malibu олганларга “ўлпон” солинмоқда


Ўзбекистонда чиқариладиган Chevrolet Malibu машинаси нархи 95 миллион сўмгача, олинаётган қўшимча ўлпон билан нархи 100 миллион тепасида, демоқда фарғоналиклар.

Ўзбекистонда чиқариладиган Chevrolet Malibu машинаси нархи 95 миллион сўмгача, олинаётган қўшимча ўлпон билан нархи 100 миллион тепасида, демоқда фарғоналиклар.

Фарғонада Chevrolet Malibu автомобили сотиб олган давлатмандлар вилоят маъмурий маркази қурилишига ҳомийлик қилишга мажбурланмоқда.

“Қурилишга – 15 миллион сўм эҳсон”

Асакада ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Malibu машинасига пули етган фарғоналиклардан қўшимча ҳақ ундирилаётганини Фарғонадаги бир неча манба тасдиқлади. Фарғоналик Асқар ака, қўшниси олган янги Chevrolet Malibu унга қимматга тушганини айтади.

– Қўшним яқинда Malibu олди. Бир ҳафтани ён-беридаги гап бу. Машина калити қўлига тегар-тегмас Фарғонадаги қурилишга пул ўтказиши кераклигини айтишди. 10 миллионми, 15 миллионми, кўнгилдан чиқариб-да. Ўзи бизнесмен бола, яна орқамга тушишмасин, тинчгина сўраганини бераман деяпти,– дейди фарғоналик Асқар ака.

Озодлик суҳбатлашган фарғоналикларга кўра, Malibu машинаси ҳудудда бармоқ билан санарли бўлгани сабабли уни сотиб олганлар тезда назарга тушмоқда.

– Энди, Malibu ҳали жуда кам. Нархи қиммат-у, учинчи позицияси 95 миллион сўм туради. Шунинг учун ҳам анча-мунчаси ололмаяпти. Кейин одамларимизда бунақа қиммат машина олсанг, органни қора спискасига тушиб қоласан деган қўрқув бор. Ким Malibu минса, эртасига эшигини тақиллатиб, Фарғонадаги стройкага “эҳсон” қил дейишяпти,– дея вазиятни изоҳлайди Фарғона-Қўқон йўналишида кира қилувчи Шерзод исмли йигит.

Ўзбекистон президентининг 2012–2015 йилларда Фарғона шаҳрининг ижтимоий ва транспорт-коммуникация инфраструктурасини қайта қуриш тўғрисидаги қарори эълон қилинган. Ушбу қарорга кўра, шаҳарни қайта қуриш учун 1,3 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Айни пайтда қурилиш учун бюджет маблағи билан бирга маҳаллий тадбиркорлардан ҳам ҳомийлик пуллари ундирилаётгани айтилмоқда. Ўтган ҳафта фарғоналик ҳайдовчилар Озодликка қора ниқобли аскарлар иштирокида қурилиш учун маблағ тўплашга қаратилган рейдлар уюштирилгани ҳақида хабар берганди.

Аввал солиқ, кейин машина?!

Фарғоналиклар фикрича, Chevrolet Malibu харид қилишдан олдин талабгор автомобилнинг 10 фоизи миқдорида солиқ тўлаши керак. Бундан ташқари, Malibu орзуманди коммунал тўловлардан ҳам қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома тақдим этиши сўралади.

– Машина олишдан олдин давлатга 10 процент налог тўлаш керак. Бу 9 ярим миллион сўм дегани. Кейин свет, газ, шунга ўхшаган коммуналний платалардан ҳам қарз бўлмаслиги керак. Энди, шу-унча пул тўлаган одам коммуналнийларниям узиб қўяди, манимча,– дейди киракаш Шерзод.

Республика давлат солиқ қўмитасининг ўзини таништирмаган ходими эса машина хариди олдидан солиқ тўлаттириш ҳақидаги гапларни асоссиз деб атади.

– Ҳар бир фуқаро автомобил олиш-олмаслигидан қатъи назар, даромад солиғи тўлайди. Ҳар йили 1 апрелгача декларация топширганда даромадлари ҳақида ҳисобот беради. Шундай экан, автомобил харид қилаётганда унга солиқ тўлаш талабини қўйиш қонунга зид,– дейди солиқ қўмитаси вакили.

“Cентябрда пул тўласангиз, машина декабрда тегади”

Тошкентдаги автосалон ходимининг айтишича, янги Chevrolet Malibuнинг биринчи позицияси 60 миллион 250 минг, иккинчи позицияси 62 миллион 250 минг, учинчи позицияси эса 95 миллион сўмга баҳоланган. Харидорлар орасида автомобилнинг учинчи позициясига талаб катта.

– Агар ҳозир умумий суммани 85 фоизини тўласангиз, учинчи позиция Malibuни декабр ойида олишингиз мумкин. Унгача бўлган срокка очеред олиб бўлинган,– дейди Юнусободдаги автосалон ходими.

Янги автоуловнинг биринчи позицияси навбатсиз ҳам таклиф этилмоқда.

– Мана, салонимизда биринчи позиция турибди. Навбатсиз олиб кетаверасиз. Нархи 30 минг доллардан ошиқроқ. Қолган тафсилотларни келганингизда ҳал қиламиз,– дея гапни мухтасар қилди Сергелидаги “Toshkent Motors Avto Savdo” салони ходими.
Chevrolet Malibu GM-Uzbekistan қўшма корхонасида жорий йил февралда ишлаб чиқарила бошлаган. Боёнлар машинаси деб баҳоланган автомобил тақдимоти 20 март куни ўтказилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG