Линклар

logo-print

16 феврал портлашларида айбланган “Бирлик” фаоли озодликка чиқди


16 феврал портлашларига алоқадорликда айбланиб, 30 га яқин одам қамоққа ҳукм қилинган. Уларнинг аксари ҳамон панжара ортида.

16 феврал портлашларига алоқадорликда айбланиб, 30 га яқин одам қамоққа ҳукм қилинган. Уларнинг аксари ҳамон панжара ортида.

1999 йил 16 феврал портлашларида айбланиб, қамалган "Бирлик" Халқ ҳаракатининг Самарқанддаги фаоли Қобилжон Диёров 13 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқди.

Қобилжон Диёров 11 август куни озодликка чиқарилиб, уйига жўнатилган.

Бу ҳақда Озодликка 4 сентябр куни “Бирлик” ҳаракати фаоли Ҳолиқназар Ғаниев маълум қилди.

Ғаниевнинг айтишича, 3 сентябр куни бир гуруҳ мухолифатчилар Қобилжон Диёровнинг уйига бориб, уни кўриб қайтишган.

- 11 август куни озодликка чиқарилган. Ўша куни уйига келган. Кеча бир гуруҳ мухолифатчи дўстлар билан унинг уйига бориб кўрдик. Ҳолати яхши. Вазияти ҳам ëмон эмас. Лекин ҳар ҳолда кўриниши синиқ,- дейди Ғаниев.

57 ёшли Қобилжон Диёров 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда содир этилган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ўша йилнинг 15 март куни Киевда Эрк партияси фаоллари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовлар билан биргаликда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

1999 йилнинг 21 августда суд қарори билан Қобилжон Диёров Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбланиб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

- У Бирлик ташкил қилинган кундан бошлаб фаол ишлар қилиб келарди. Қамалиш арафасида Бирлик халқ ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими раиси ўринбосари эди. Жуда фаол эди. Жуда эътиқоди мустаҳкам, жуда жонкуяр эди. 1999 йилги Тошкент феврал портлашлари кунларида Украинада бўлган у киши. Қўлга олиниб Украина органлари томонидан дарров Ўзбекистонга бериб юборилган. Ўзбекистонда Тошкент суди 21 август кунги қарори билан 12 йил озодликдан маҳрум қилган. Қамоқда яна бир йил қўшиб беришди. Раскрутка деган нарса қилинганда. Қандайдир айб топиб қўшган. 13 йилдан кейин чиқаяпти,- дейди Ҳолиқназар Ғаниев.

Қобилжон Диёров 13 йиллик қамоқ жазосини Қарши колониясида ўтади.

1999 йил 16 феврал куни Тошкентда рўй берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 30 га яқин одам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Улардан бири Рашид Бекжон ўтган йили 12 йиллик жазо муддатини тўлиқ ўтаб озодликка чиқди.

12 йилга қамалганлардан яна бири, жорий йилда озодликка чиқиши керак бўлган Муҳаммад Бекжон қамоқ муддатига март ойида яна беш йил қўшиб берилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG