Линклар

АҚШ президенти Барак Обама сешанба оқшомида Шимолий Каролина штатининг Шарлотт шаҳрида Демократик партиянинг сайловолди қурултойини очиб берди.

Қурултой биринчи кунининг асосий воқеаси биринчи хоним – Мишел Обаманинг чиқиши бўлди.

Ўз нутқида Мишел Обама турмуш ўртоғи маъмуриятининг сиёсати ўрта синф ва ёлланма ишчиларни қўллашга, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ислоҳ қилишга, ижтимоий адолат тамойилини мужассамлаштиришга қаратилганини қайд этди.

Қурултой уч кун давом этади, анжуманнинг кулминацион нуқтаси эса пайшанба куни - Обама иккинчи муддатга президентликка ўз номзодини қўйишга розилиги ҳақида эълон қилган кун бўлиши кутилмоқда.

Режага мувофиқ, қурултой чоғида демократлар 2014 йилгача АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш ва Эронда ядро қуроли яратилишига йўл қўймаслик каби мажбуриятларни ўз ичига қамраб олган сиёсий платформани қабул қиладилар.

Ўтган ҳафтада республикачилар Флорида штатининг Тампа шаҳрида ўтказилган партия қурултойида Митт Ромни номзодини президентликка кўрсатгандилар.
XS
SM
MD
LG