Линклар

Европа Иттифоқи Бокудан изоҳ талаб қилмоқда


Озарбайжонлик зобит Рамил Сафаров.

Озарбайжонлик зобит Рамил Сафаров.

Озарбайжон Европа Иттифоқи аъзоси бўлган Венгрияга арманистонлик ҳарбийни ўлдирганлик учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Рамил Сафаровнинг экстрадицияси олдидан берган ваъдасини бузди.

ЕИ Ташқи ишлар бўйича олий вакили Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Коцянчич ана шундай баёнот билан чиқди.

Ўтган ҳафтада ватанига қайтарилган Сафаров Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан авф қилинганди.

Коцянчичга кўра, Бокунинг тутган тутими шундоқ ҳам нозик бўлган минтақа хавфсизлигига таҳдид солади. У Европа Иттифоқи 2004 йилда арманистонлик зобит Гурген Маркарянни Озарбайжон байроғини таҳқирлаганлик иддаоси билан ўлдирган Сафаровнинг озод қилиниши борасида озарбайжонлик расмийлардан изоҳ талаб қилишини айтди.

Қотиллик юз берган пайтда Сафаров ҳам, Маркарян ҳам НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури доирасида Венгрияда ўтказилаётган инглиз тили курсларида ўқиётган эди.

Ўтган жума Бокуга қайтган катта лейтенант Сафаровни озарбайжонлик расмийлар миллий қаҳрамондек кутиб олганлар. Авф қилинишдан ташқари унга майор унвони берилган. Шунингдек, Сафаровга 8 йиллик ойлиги тўлаб берилгани ҳамда квартира совға қилингани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG