Линклар

Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон расмийларини мухолифатчиларга босим ўтказишни тўхтатишга чақирди.

Ташкилотнинг навбатдаги баёнотида Душанбенинг Тожикистон Ислом уйғониш партиясига босимни кучайтиргани юзасидан хавотир изҳор қилинган

“Freedom House Тожикистон ҳукумати билан тиғиз алоқада бўлган халқаро ташкилотлар ва Ғарб мамлакатлари ҳукуматларини ҳам юқори даражадаги учрашувларда бу масалани кўтаришга чақиради”, дейилади ташкилот баёнотида.

Freedom House вакиллари фикрича, Тожикистон расмийларининг сўнгги баёнотлари ҳукумат асосий мухолифларини бартараф қилиш бўйича оғишмас кампания олиб бораётганидан далолат беради.

Август ойида Тожикистон Бош прокуратураси Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хоруғ шаҳридаги бўлими раҳбари Шерик Карамхудоевни Тоғли Бадахшоннинг норасмий лидерларидан бири Имомназар Имомназаровга ҳукуматга қарши ҳарбий ҳаракатларни олиб боришда кўмаклашганликда айблаганди. Имомназаров шу йилнинг 22 август куни ўз уйида номаълум кишилар томонидан қилинган ҳужум чоғида ўлдирилганди.

24 июл куни Хоруғ шаҳрида, махсус хизматлар маълумотларига кўра, Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Абдулло Назаровнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган қуролли гуруҳларни зарарсизлантириш бўйича махсус амалиёт ўтказилганди.

Амалиёт ўтказилганидан кейин Тожикистон Ислом уйғониш партияси ўз вакили Карамхудоевнинг бедарак йўқолгани ҳақида баёнот берган. Бу воқеадан икки ҳафта ўтгач, партия Карамхудоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасида экани ҳақида маълумот тарқатган. Норасмий маълумотларга кўра, у ҳибсда бўлган пайтда қийноқларга дучор қилинган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси, шунингдек, 24 июл куни ўтказилган махсус амалиёт чоғида партиянинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги масъули Сабзали Мамадризоев ўлдирилгани ҳақида ҳам маълум қилган.
XS
SM
MD
LG