Линклар

logo-print

“Ўздунробита" ширкати мобил алоқа бозоридан четлатилганидан кейин, етакчи мобил операторига айланган “Билайн” компанияси ўз хизматлари нархларини кўтара бошлади, хизмати сифатини эса пастлатди.

Ўзбекистондаги “Билайн” мобил алоқа компанияси сентябр ойидан бошлаб, сим-карталар нархини оширди. Қўқон шаҳридаги универсал пул тўлаш тизими – Paynet шохобчаларининг бирида ишлайдиган Адҳамжон исмли йигитнинг айтишича, сим карталарнинг нархи минг сўмга қимматлади:

- Илгари “О!” тарифидаги сим карталарнинг ҳисобида 1,80 АҚШ доллари(расмий курсда 3500 сўм) миқдорида пули бўлиб, бизга компания уни 2500 сўмдан берарди. Биз уни ўз нархида 3500 сўмдан сотардик. Бизга 1000 сўм хизматимизга қоларди. Сентябр ойидан бошлаб компания бизга сотадиган нархини 3500 сўм қилиб қўйди. Биз энди халққа 4000-4500 сўмдан сотишга мажбур бўляпмиз. Лекин сим карта ичидаги пул ўша-ўша 1,80 долларлигича қолди,- дейди Адҳамжон.

Paynet сотувчисининг айтишича, "Билайн" оператори хизматларига оид янгиликлар "МТС-Ўзбекистон" ("Ўздунробита") фаолияти тўхтатилган кундан жорий қилина бошлаган:

- Ўша куни 3-4 ойдан бери сотилмай ётган номерларимиз сотилиб кетди. МТС ўша куни соат 6 дан ишламай қолган бўлса, соат 8дан бошлаб, энг кам тўлов 2000 сўм бўп қолди. Илгари 500 сўм ҳам, 600 сўм ҳам тушироврардик. Эртасига эса энг кам тўловни 3000 минг сўм қилиб қўйди. Биз "пайнетчиларга" яхши бўлди, савдо зўр бўлди, лекин халқ қийналиб кетди,- дейди Адҳамжон.

Адҳамжонга кўра, “Билайн” август ойида “Корпоратив” тарифдаги мижозларининг сўзлашиш лимитидаги дақиқаларни ҳам қисқартира бошлаган:

- Билайнда бизнес тарифлар бор, "Корпоратив" деб атаймиз. Яъни юридик шахслар номига олинган сим-карталар. Ойига 13 доллар тўлайсизда, ички тизимда гаплашишга 4000 дақиқа, бошқа компанияларга чиқишга 150 дақиқа ва 50 мегабайт Интернет берарди. Лекин август ойида одамлар абонентский тўлади, лекин 4000 эмас 500 дақиқа берди. “Хит” деган таърифдаги текин 1000 минутни ҳам 300 минутга тушириб қўйди,- дейди Адҳамжон.

Озодлик Paynet шохобчаси сотувчисининг бу иддаоларига муносабат олиш учун “Билайн” билан боғланди. Ўзини Фарангиз деб таништирган компания оператори “О!,“Зўр-Зўр” тарифлари нархлари ўзгармаганини айтди:

- Биринчиси, пайнетдаги сим карталарни дилерлар сотади, буни нархини дилерлар ҳал қилади. Биз нархни оширганимиз йўқ. Иккинчидан, бизда август ойида “Бизнес-эркинлик” ва “Хит” тарифида ҳам анча чекланишлар бўлди. Сентябр ойидан “Бизнес-эркинлик” тарифи аввалги ҳолича ишлаб кетди. “Хит” тарифи ҳам шу ойнинг охиригача эски ҳолати бўйича ишлаб кетади. Линияда нагрузка баланд бўлгани учун шунақа чекловлар бўлган эди,- дейди “Билайн” компанияси оператори Фарангиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG