Линклар

logo-print

Ўшлик Ленин манзилини ўзгартириши мумкин


Ленин ҳайкали қад ростлаб турган Ўш шаҳри марказий майдонида ҳайит намози ўқилмоқда.

Ленин ҳайкали қад ростлаб турган Ўш шаҳри марказий майдонида ҳайит намози ўқилмоқда.

Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи ёшлар марказий майдондан Ленин ҳайкалини олиб ташлаб, ўрнига мустақилликни тараннум этувчи ёдгорлик ўрнатиш ташаббуси билан чиқмоқдалар.

Ўшнинг марказий майдонидан Ленин ҳайкалини олиб ташлаш ҳақидаги фикрлар қирғизистонлик ёшлар томонидан ўтган ҳафтада нишонланган мустақиллик байрамидан кейин ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилина бошлади.

Хусусан, Facebook тармоғининг ўшлик фойдаланувчилари пролетариат доҳийси ўрнига Чингиз Айтматов ёки қирғизистонликлар орасида ҳурмати баланд бўлган марҳум сиёсатчи Исҳақ Раззақов ҳайкалини қўйиш мақсадга мувофиқ бўлиши ҳақида мулоҳаза билдира бошладилар.
Бу фикрларга ўшлик фаол ёшлардан бири Жумамидин Сулайманқулов ҳам қўшилади.

- Масалан, яқиндагина мустақиллик байрамини ўша ерда нишонладик. Ўзи Лениндан қутулиб, мустақилликка эришган бўлсак, яна Лениннинг тагида туриб олиб, буни байрам қилаяпмиз-да. Дейлик, Ленин динга ҳам қарши бўлган. Мусулмон биродарларимиз эса ўша Лениннинг тагига бориб олиб, Рамазон ва Қурбон ҳайити намозларини ўқишаяпти. Бу ҳам нотўғри иш бўлаяпти. Менимча, Ленин ҳайкалини марказий майдондан биратўла олиб ташлаш керак. Бизга туман марказларидаги ва қишлоқ ҳукуматлари қаршисидаги ҳайкаллар ҳам етади. Уларни олиб ташлашмаса ҳам майли, энг асосийси, Ўш марказий майдонидагини олиб ташласа, яхши бўларди, - дейди Жумамидин Сулайманқулов Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида.

Ўшлик Таир Турсунов эса майдондаги Ленин ҳайкалини таг-туги билан йўқ қилиб ташлаш тўғри бўлмайди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ҳайкални шаҳарнинг бошқа бир жойига кўчириш керак.

- Ленинни эъзозлаб, уни улуғ инсон сифатида кўриб юрган коммунистлар партияси бор бизда. Ўшаларни хафа қилмаслик учун ҳайкални бошқа майдонга ёки Ленин кўчасидаги бирор жойга кўчириб, унинг ўрнига Мустақилликка дахлдор композиция ўрнатилса, яхши бўларди, - дейди Таир Турсунов.

Ўш шаҳар кенгаши раиси Таалай Сабировнинг айтишича, ҳозир кўпчиликнинг тилида бўлган бу мавзуни яқин орада шаҳар депутатлари ҳам муҳокама қилиши мумкин:

- Агар кўпчилик бир қарорга келса, Ленин ҳайкалини бошқа ерга кўчирсак бўлади. Бу масала бўйича чуқур мулоҳаза юритишимиз керак. Ленин ҳайкалини ҳам йўқ қилиб юбормасдан, бошқа ерга кўчириб қўйсак, яхши бўлади. Чунки бу ҳам бизнинг тарихимиз. Келажакда бу йилми ёки янаги йилгами – бу масалани кўриб чиқамиз, деган режамиз бор, - деди Таалай Сабиров.

Ўшнинг марказий майдонида қад ростлаб турган Ленин ҳайкали 1975 йилда қўйилган. Эндиликда эса ўшлик ёшлар жам бўлиб, уни олиб ташлаш ҳақида шаҳар расмийларига мурожаатнома йўлламоқчи бўлиб турибди.

Қирғизистонда Ленин ҳайкалини кўчириш тадбири аввал ҳам кузатилган. 2003 йили Бишкек марказий майдонида турган пролетариат доҳийси парламент биноси қаршисига кўчирилганди.

Олабуқа туманида қад ростлаб турган Ленинсимон Манас.

Олабуқа туманида қад ростлаб турган Ленинсимон Манас.


Олабуқа туманида эса Ленинни пардалаш бўйича антиқа йўл тутилган. Бу ердаги Ленин ҳайкалига совуту дубулға кийдирилиб, қўлига қиличу қалқон тутқазилиб, Манасга айлантириб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG