Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:45

Муҳожирнинг боласи мактабга бориши мумкинми?


Ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирлар орасида бола-чақсини ўзи билан олиб кетаётганлар кўпаймоқда.
Ўзбекистонлик миллионлаб муҳожирлар орасида бола-чақсини ўзи билан олиб кетаётганлар кўпаймоқда.

Ozod Javob дастурида Россия ва Қозоғистонда ишлаб, оиласи билан яшаётган ўзбек муҳожирларининг болалари қай тартибда таълим муассасаларида ўқий олиши борасида мутахасислар жавобини ўқийсиз.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида оиласи билан яшаётган самарқандлик Умар мактаб ёшига етаётган ўғлининг таълими хусусида хавотирга тушган.

Умар Ozod Javobга мурожаат қилиб, ўғлини Санкт-Петербургдаги мактабларга жойлаштириш имкони бор ёки йўқлиги билан қизиқди.

- Питерда ишлайман оилам билан. Мен билмайман ҳали бу ерда қанча ишлаймиз, болам яқинда мактаб ëшига киради. Уни мен мактабга қандай жойлаштиришим мумкин? Оладими йўқми? Нима қилиш керак? Кимга мурожаат қилиш керак?,- деди Умар.

Умар сингари минглаб ўзбек муҳожирлари ўз оиласи билан хориж ўлкаларида яшаб, ишлайди.

Умарнинг саволига жавоб излаш жараёнида ўзбекистонликлар энг кўп бўлган Россия ва Қозоғистондаги вазиятни ўргандик.

Дастлаб Россия ҳақида:

Россиянинг “РФда хорижлик фуқаросининг ҳуқуқий аҳволи тўғрисида”ги қонунида агар чет эллик фуқаро қонуний равишда мамлакатда ишлаётган бўлса, унинг болалари ва неваралари мактабларда ўқиш ҳуқуқига эга.

Санкт-Петербургдаги “Марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш жамғармаси” ташкилоти раҳбари Маҳмуд Маматмўминовга кўра, мазкур қонунда фақат Россияга квота орқали ишлашга келган муҳожирларни назарда тутилган.

- Фақат юқори малакали мутахассислар ҳақида гап, бизда айтилиши бўйича юқори малакали мутахассислар келиб туриб, бу ерда ишга рухсатнома олгандан кейин бола-чақаларини, қонунда ëзилибди, невараси ҳам ëзилган бўлса, мактабга ўқишга киргизишга ҳуқуқли. Бемалол неча йилгача рухсат берилган бўлса, шунинг ичида болалари ўқиши мумкин,- дейди Маматмўминов.

Шунингдек, мазкур қонунга кўра, Россия ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқига эга хорижликлар ўз фарзандларини Россия мактабларига муаммосиз жойлаштириши мумкин.

- Ҳамда вақтинча яшаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома олган муҳожирлар ҳам ўз болаларини мактабга бериши мумкин. Буларникини район администрациясига бориб туриб шу ерга бирдан 3 йилгача учëтга қўйиб туриб, болаларини мактабга берши мумкин,- дейди Маматмўминов .

Россия қонунларига кўра, мамлакат ҳудудида хорижлик фуқаро 3 ой муддат ичида юришга ҳақли.

Бугунги кунда аксар ўзбекистонликлар айнан 3 ойлик миграция карточкаси билан Россияда яшаб, меҳнат қилади.

Маматмўминовнинг айтишича, бу каби шахсларнинг болалари ҳам Россия мактабларида ўқиши мумкин.

- Мумкин. Россия қонунларида болалар ўқимасдан уйда ўтирсин деган қонун-қоида йўқ. Биз уни текшириб, ўрганиб чиқдик. Лекин ҳар уч ойда регистрациясини алмаштириб туриши керак. Россиядан чиқиб ҳар уч ойда боласи билан қайтадан кириши керак. Шундай қонун-қоидаси бор,- дейди суҳбатдошимиз.

Озодликка маълум бўлишича, агар 3 ойлик муддат узайтирилмаса, муҳожирнинг боласи ўша муддат тугаши билан мактабдан четлаштирилиши мумкин.

Айни пайтда, Россияда нолегал яшаб, ишлаётган ўзбек мардикорлари ҳам анчагина. Улар билан боғлиқ вазиятдан яхши хабардор Маҳмуд Маматмўминовга кўра, бу каби муҳожирлар фақат ўз мақомини легаллаштирган тақдирдагина болалари мактабга олиниши мумкин.

Қозоғистондаги вазият

Жанубий Қозоғистондаги "Сана сезим" ташкилотининг юристи Марат Жакуповнинг Озодликка айтишича, Қозоғистонда фақат доимий яшаш ҳуқуқига эга ўзбекистон фуқароларининг фарзандларигина мактабда ўқиш ҳуқуқига эга.

- Қозоғистон ҳудудида вақтинча яшовчи ўзбекистонликларнинг болалари мактабларда ўқиш имконига эга эмас. Вақтинчалик яшаш ҳуқуқи аввал 3 ой эди. Ҳозир бу 1 ойга туширилди. Бу ҳолатда мактаб ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Кейин Қозоғистон қонунларига кўра, ўз фуқаролари ва хорижликлар ҳам болаларини мактабга топшириш пайти пропискага эга бўлишлари шарт. Акс ҳолда бола мактабга олинмайди. Бизда Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар учун осонроқ. Улар 3 ой яшаш ҳуқуқига эга ва бу муддатни яна уч ойга узайтириши мумкин. Уларнинг пропискага қўйиш жараёни ҳам мураккаб эмас. Лекин Ўзбекистон билан боғлиқ вазият анча мураккаб. Ўзбекистон фуқароси Қозоғистонда доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиш учун банкда 2 миллион тенге яъни тахминан 18 минг доллар пули бўлиши шарт. Бу бошқа давлат фуқароларидан талаб қилинмайди. Шунинг учун ўзбекистонликларнинг фарзандлари Қозоғистон мактабларида ўқиши жуда қийин жараён,- деди "Сана сезим" ташкилоти юристи Марат Жакупов.

Азиз тингловчи агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз таржибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, Ozod Javobга мурожаат қилинг.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG