Линклар

Қирғиз парламенти янги Бош вазир номзодини маъқуллади


Қирғизистоннинг янги Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев.

Қирғизистоннинг янги Бош вазири Жантўрў Сатибалдиев.

Кеча қирғиз парламенти депутатлари кўпчилик овоз билан Жантўрў Сатибалдиевни Бош вазир лавозимига сайладилар.

Кеча оқшом бўлиб ўтган овоз бериш чоғида 120 депутатдан 111 нафари Сатибалдиев номзодини ёқлаб, 2 депутат эса унга қарши овоз берган.

Бош вазир лавозимига сайлангунга қадар Жантўрў Сатибалдиев Қирғизистон президенти маъмурияти бошлиғи лавозимида ишлаган.

Сатибалдиев номзоди парламентда куни кеча тузилган “Интимақ” коалицияси томонидан кўрсатилганди. Мазкур кўпчилик коалиция “Ата Мекен”, “Ар Намис” ва социал-демократлар фракцияларидан ташкил топган.

Таркибига мазкур уч фракция ва “Республика” фракцияси кирган аввалги ҳукмрон коалиция август ойида ундан айрим фракциялар чиқиб кетганидан сўнг тарқаб кетганди.

Шундан сўнг “Республика” лидери Ўмурбек Бабанов бошчилигидаги ҳукумат ҳам истеъфога чиқишга мажбур бўлганди.

Янги бош вазир Жантўрў Сатибалдиев, маълумотларга кўра, ҳеч қайси партиянинг аъзоси эмас.
XS
SM
MD
LG