Линклар

logo-print

Беларусда ўсмирлар учун “комендантлик соати” жорий қилинди


Бундан буён беларуслик болалар тунда фақат катталар ҳамроҳлигида кўчага чиқишлари мумкин.

Бундан буён беларуслик болалар тунда фақат катталар ҳамроҳлигида кўчага чиқишлари мумкин.

Беларусда 5 сентябрдан бошлаб ўсмирларнинг кечки 23:00 дан тонгги 06:00 гача кўчада катталарнинг кузатувисиз юришини таъқиқловчи ҳукумат қарори кучга кирди.

Бу ҳақда БЕЛТА ахборот агентлиги хабар қилади .

Ҳукуматнинг 22 август куни қабул қилган мазкур қарори 16 ёшгача бўлган болаларга тегишлидир. Аслида Беларусда 18 ёш балоғат ёши бўлиб ҳисобланади, аммо 16 ёшдан бошлаб республика фуқароларига паспорт берилади.

Кечадан бошлаб амал қила бошлаган янги тартиб-қоидага мувофиқ, агар милиция ходими кўчада катталар ҳамроҳлигисиз юрган ўсмир ёки болани кўрса, у “тартиббузар”нинг шахсини аниқлаши, кейин эса фарзандини олиб кетишлари учун унинг ота-онасига қўнғироқ қилиши лозим.

Агар ўша пайтда боланинг ота-онаси топилмаса ёки улар тез орада келолмайдиган бўлсалар, “саёқ бола” махсус ижтимоий-педагогик қўнолғага жойлаштирилади.

Айни пайтда тунда кўчага чиқиб кетган бола учун жавобгарлик ота-онанинг зиммасида бўлиши айтилмоқда. Бундай ота-оналарга огоҳлантирув берилиши ёки 25 АҚШ долларигача жарима солиниши мумкин.

“Комендантлик соати” юзасидан изоҳ берган Беларус Ички ишлар вазирлиги мазкур тартиб болаларни жиноятчилар тажовузидан муҳофаза қилиш ҳамда балоғат ёшига етмаганларнинг жиноий тўдаларга қўшилиб қолиши олдини олиш учун жорий қилинганини билдирди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2012 йилнинг биринчи ярим йиллигида Беларусда 2 мингга яқин балоғатга етмаган бола турли жиноятлар қурбонига айланган. Аснода ўсмирлар содир этган жиноятларга тўхталган беларуслик милиционерлар бундай номаъқул ишларнинг қарийб 40 фоизи тунда содир этилганини қайд қилганлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG