Линклар

Клинтон Обамани яна президент этиб сайлади


Клинтон маърузаси тугагач¸ саҳнага чиққан Барак Обама ўз салафига миннадорлигини уни бағрига босиб изҳор қилди.

Клинтон маърузаси тугагач¸ саҳнага чиққан Барак Обама ўз салафига миннадорлигини уни бағрига босиб изҳор қилди.

АҚШ яқин тарихидаги энг ëрқин сиëсатчи ва энг машҳур президентлардан бири ҳисобланмиш Билл Клинтон Демократик партиянинг миллий қурултойида Барак Обамани бугунги Америка учун энг лойиқ президент деб баҳолади ва партия номидан Обамани иккинчи муддат президентликка номзод этиб кўрсатди.

АҚШдаги тирик демократ президентларнинг энг жозибалиси Билл Клинтон иқтидордаги президентни яна президентликка номзод қилиб кўрсатди.

- Мен Барак Обаманинг Америка Қўшма Штатларининг келаси президенти бўлишини истайман ва бугун фахр билан уни Демократик партиянинг муносиб номзоди деб эълон қиламан¸ деди чоршанба кечқурун ўн минглаб делегатлар олдида гапирган Билл Клинтон.



Клинтон Обамани яна президентликка номзод қилиб кўрсатдигина эмас¸ нега Барак Обаманинг яна Оқ уйда қолиши шартлигини миллионлаб ўртаҳол ва камбағал америкаликларга содда ва жўн қилиб тушунтириб ҳам берди.

“Мен бугун ишсиз¸ тиббий суғуртасиз¸ уйсиз яшаëтган оддий америкаликлар дардини ҳис этиб турибман. Балки Барак Обама заминини қурган катта ўзгаришларни сиз ҳали ўз танангизда ҳис қилмаëтгандирсиз. Аммо Обамани яна бир муддат Оқ уйда қолдирсак¸ бу ўзгаришлардан сиз ҳам баҳраманд бўласиз. Мен бунга чин қалбимдан ишонаман”¸ деган Билл Клинтон ўзи саккиз йил президентлик қилган давлат арбоби сифатида америкаликларга иқрор бўлди:

- Бирор президент¸ на мен на мендан олдин ўтган президентлардан бирортаси Барак Обамага бундан тўрт йил олдин қолдирилган зарарни бир муддат ичида тўлиқ қоплай олмас эди, деди самимий тарзда Клинтон.

Барак Обаманинг ўзи йиллардан бери бирда очиқ¸ бирда киноя билан таъкидлаб келгани каби¸ Билл Клинтон ҳам республикачиларни кўпдан шаклланган “анъана”га кўра¸ мамлакат иқтисодини тўғри издан чиқариб¸ уни қарз ботқоғига ботириб¸ сўнгра АҚШни инқироздан чиқиш ишини ўзларидан кейин келадиган демократ президентга ташлаб кетишда айблади:

- Тампадаги қурултойида республикачилар президент Обаманинг қайта сайланишига қарши келтирган далили ўта содда бўлди. Бу далилни жўнгина қилиб: Биз ҳамма нарсани расво қилиб кетдик¸ у бу расвогарчиликни тез тозалай олмаяпти. Уни бўшатиб¸ ўрнига яна бизни қўйинг¸ дейиш мумкин, дея заҳарханда киноя қилди президент Бушнинг номини бирор марта ҳам тилга олмай туриб Билл Клинтон.

Қарийб 50 дақиқа давом этган ҳазил-мутойибага бой нутқи давомида 74 миндан ошиқ қурултой иштирокчиси Клинтонга жўровоз бўлиб¸ унинг айтганларини маъқуллаб турди.

Ҳазил-мутойиба¸ кулгу ва олқишлар баробарида Билл Клинтон ўз нутқида рақиб республикачилар сайловолди тактикасини жиддий савол остида қолдирган рақамлар ва баëнотлар ҳам қилди.

Улардан бири¸ хусусий бизнесни қўллаб-қувватлашни биринчи ўринга қўйиб келаëтган республикачиларнинг “ҳар ким ўзича” фалсафасига муқобил фалсафани тақдим этиш бўлди:

- Президент Обаманинг ëндашуви Америка орзусини 21-асрга мослаш учун бу мамлакат танлаши лозим йўналиш¸ қадрият ва идеаллар тимсолидир. Бу эса¸ ҳаммага бир хил имкон¸ бир хил масъулият¸ бир хил фаровонлик ва бир хил мансублик ҳиссини берадиган Америкадир¸ деди собиқ президент Клинтон.

Билл Клинтоннинг чоршанба кунги маърузаси 6 сентябр кунги АҚШ матбуотининг энг бош сарлавҳасига айланди. Ўнгчию сўлчи нашрларнинг барчаси миллионлаб америкаликлар учун тинчлик ва фаровонлик йиллари тимсолига айланган Билл Клинтоннинг Обама учун сиëсий кураш майдонига чиққани ва уни ҳозирча фақат Мишел Обама билангина таққослаш мумкин даражада оддий ва инсоний тарзда тақдим этганини Обама сайловолди кампаниясининг жиддий ютуғи сифатида баҳоламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG