Линклар

Каримов-Назарбоев учрашуви муаммолар ечимига туртки бўладими?


Мамлакатлар ўртасидаги совуқчиликнинг асосий манбаси собиқ совет ҳудудида энг кекса икки етакчи ўртасидаги ўзаро рақибликдир, дейди таҳлилчи.

Мамлакатлар ўртасидаги совуқчиликнинг асосий манбаси собиқ совет ҳудудида энг кекса икки етакчи ўртасидаги ўзаро рақибликдир, дейди таҳлилчи.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Қозоғистонга расмий ташрифи давом этмоқда. Икки кунлик ташриф давомида Каримов Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳамда икки давлат ҳукуматлари вакиллари ўртасида қатор учрашувлар ўтказилиб, қатор ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилмоқда. Айни пайтда кузатувчилар президентлар ўртасида 14-марта ўтказилаётган бу каби учрашув икки давлат ўртасидаги муносабатларни илиқлаштира олишига шубҳа билдирмоқда.

Қозоғистонга 6 сентябр куни етиб борган президент Ислом Каримовни Остона аэропортида президент Нурсултон Назарбоев шахсан кутиб олди. Ташрифнинг биринчи кунида Каримовга ҳамрохлик қилаётган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов қозоғистонлик ҳамкасби Ержон Қозихонов билан учрашди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Алтай Абибуллаев Озодлик мухбири билан суҳбатда, икки кунлик ташриф давомида ўтказилган учрашувлар ҳақида буларни маълум қилди.

- Қозоғистон президенти юқори мартабали меҳмонни Остона аэропортида шахсан кутиб олди. Шу куниёқ Қозоғистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ўтказилди. Томонлар кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар. Ташқи ишлар вазирлари учрашуви якунида Қозоғистон ва Ўзбекистон республикалари ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2012-2014 йилларга оид ҳамкорлик дастури имзоланди, деди Қозоғистон расмийси.

Алтай Абибуллаевнинг айтишича, 7 сентябр куни икки давлат президентлари бошчилигидаги делегацияларнинг тор ва кенг доирадаги учрашувлари ўтказилмоқда ва ҳукуматлараро қатор келишувларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти маъмурияти ва ташқи ишлар вазирлигидан Ислом Каримовнинг Қозоғистонга ташрифи ҳақида қўшимча маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Меҳнат муҳожирлари муаммоси кун тартибида?

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Қозоғистон томони музокаралар учун таклиф қилган ҳужжатлар орасида меҳнат муҳожирлари фаолияти ва ижтимой муҳофазасига оид келишув лойиҳаси бор.

Меҳнат муҳожирлари асосан Ўзбекистондан Қозоғистонга бориши инобатга олинса, бу ҳужжатда гап ўзбек мардикорлари ҳақида кетаётгани англанилади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Қозоғистонда кўнгилсиз вазиятларга тушиб қолиши тез-тез учрайди ва афтидан уларнинг ҳуқуқий ҳолати ва ижтимоий муҳофазаси масаласи расмий Остона учун долзарб муаммога айланган.

Шу сабабдан Қозоғистонда меҳнат қилаётган юз минглаб меҳнат муҳожири президент Каримовнинг ташрифидан умидвор.

Асли хоразмлик 35 ёшли Гавҳархон беш йилдан бери Қозоғистоннинг Орол шаҳарчасида мардикорлик қилади. Ўзбекистонда тирикчилик қилишнинг имкони қолмаганидан кўплаб ҳамқишлоқлари билан қўшни мамлакатга чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтаркан суҳбатдошимиз, икки давлат раҳбари учрашувидан ўзлари учун наф бўлишига умид билдиради.

- Президентимизга қачон инсоф бераркин, билмайман. Ҳозир бу ерда ишлаётган хотин-қизлар хўрланмоқда. Холимизни бир келиб кўрсангиз эди. Далада ишлаймиз, кетмон чопамиз, бировнинг молига қараймиз, лекин чақадек қадримиз қолмади. Ишлаймиз, ишлаймиз, ҳақимизни бермайди ёки ярмини беради, ярмини кейин оласан дейди. Шу билан йўқ. Мана беш йилдан буён шу. Бу ерда мен каби тер тўкаётган ўзбекситонлик аёлларнинг саноғи йўқ,- дейди Қозоғистонда меҳнат қилаётган хоразмлик аёл.

Озодлик радиоси ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Қозоғистонда қуликка тушиб қолгани, меҳнат ҳақларини ололмаётгани ё бошпанасиз қолгани каби ҳодисалар ҳақида хабар берган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос, Таҳликаларни баҳолаш гуруҳи директори Дўсим Сатпаев меҳнат муҳожирларини ҳимоя қилиш биринчи навбатда маҳаллий ҳукуматнинг масъулиятидир, дейди. Лекин Ўзбекистоннинг иштирокисиз бунинг имкони йўқ.

- Энг аввало Ўзбекистон ҳукумати ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тушунчасини кўп йиллар давомида тан олмай келганини айтиш жоиз. Масалан, Россия ҳам кўп вақт давомида Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид келишувни имзолашни таклиф қилган эди, лекин Тошкент бу масалани пайсалга солиб келди. Қозоғистонда ҳам худди шу муаммони кўриб турибмиз. Қозоғистонга тирикчилик илинжида келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари озмунчами, уларни ҳимоя қилиш керак. Ўзбекистон иштирокисиз эса, бунинг имкони йўқ. Агар бу ташриф давомида ҳеч бўлмаганда мана шу масала ҳал бўлса, бу катта натижа бўлади, дейди сиёсатшунос.

Ўзаро муаммолар тўпланиб қолган

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида бошқа муаммолар ҳам талайгина.

Ўзбекистон ҳукумати 1 августдан бошлаб мамлакат ҳудудидан юкларни транзит қилиш тартибини ўзгартириб, хорижий ширкатларга тегишли юк ташувчи транспортнинг Ўзбекистоннинг тегишли дипломатик ваколатхоналаридан мамлакат ҳудуди орқали транзит учун махсус рухсатномани аввалдан олишини талаб қила бошлади. Натижада қўшни Қозоғистон чегараси олдида минглаб юк машиналари туриб қолди, кўплаб юклар вақтида манзилга етказилмади.

Бундан ташқари икки давлат ўртасида фуқароларнинг визасиз борди-келдисига оид келишув бўлишига қарамасдан, фуқаролар чегара пунктларидан ўтишда турли қийинчиликларга дуч келади. Ўзбекистон чегарачилари одамларни соатлаб ушлаб туради. Дарвоқе, мазкур келишувга ўзгартишлар критиш масаласининг ҳам Каримов ташрифи давомида муҳокама қилиниши кутилаётган эди.

Қозоғистон Ўзбекистон учун асосий савдо ҳамкорлардан бири бўлишига қарамасдан (2011 йилда ўзаро савдо айланмаси 2,5 миллиард АҚШ долларидан ошган), расмий Тошкент кейинги пайтларда қўшни республикадан сотиб олинадиган асосий товар – ун импортни қисқартиришга ҳаракат қила бошлади. Шу пайтгача Ўзбекистон бир миллион тоннадан ортиқ қозоқ унини сотиб олар эди, лекин келаси уч йил давомида буни 50 фоизга камайтирмоқчи.

Ўтган қиш мавсумида Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали ўтадиган Қозоғистон электр тармоқларидан келишмасдан туриб, электр қувватини ўзлаштиргани икки давлат ўртасида жиддий мунозараларга сабаб бўлди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Алтай Абибуллаев ўзбек етакчисининг ташрифи ўзаро келишмовчиликларни бартараф қилишига ишонч билдирди.

- Бу ташриф ўта конструктив, дўстона руҳда муваффақиятли ўтказилишига шубҳамиз йўқ. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларнинг янада ривожланишига умид қилиб қоламиз, деди Қозоғистон расмийси.

Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев эса, Каримовнинг ташрифи шарҳловчилар орасида Қозоғистон билан Ўзбекистон етакчилари ўртасидаги кўп йиллик рақобат мавзусининг яна муҳокама қилиншига туртки бўлди дейди. Ўзи икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларнинг асосий манбаси собиқ совет ҳудудида энг кекса бўлган бу икки етакчи ўртасидаги ўзаро рақибликдир ва у сақланиб қолар экан, давлатлараро муносабатларда илиқлашувга умид кам, дея давом этади сиёсатшунос.

- Бунга шубҳам бор. Мазкур учрашув бу даражадаги учрашувларнинг 14-сидир ва аввалгиларида ҳам яқин қўшничилик ва дўстона муносабатлар ҳақидаги қуруқ баёнотларни кўп эшитганмиз. Албатта, Ўзбекистон яқинда янги ташқи сиёсат доктринасини эълон қилганидан кейин қандайдир умидлар пайдо бўлди. Унда Тошкент ташқи сиёсатда устувор йўналиш Марказий Осиё бўлиши айтилган. Лекин шахсан мен бу тўлиқ амалга кўчишига катта шубҳа билан қарамоқдаман, дейди Таҳликаларни баҳолаш гуруҳи директори Дўсим Сатпаев

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG